09.09.2026
5
ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИА ИСТЕЪМОЛ: АХБОРОТ МАНБАЛАРИ, ИШОНЧ ВА АУДИТОРИЯ ЭҲТИЁЖЛАРИ
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон аҳолисининг медиа истеъмол хусусиятларини комплекс ўрганишга қаратилган миллий социологик тадқиқотни ўтказишни бошлади.
Ахборот макони жадал ўзгараётган ҳозирги шароитда аҳоли янгиликларни қайси манбалардан олиши, муайян ахборот воситасини нима сабабдан танлаши, қайси мазмун ва форматларга эҳтиёж билдириши ҳамда тарқатилаётган маълумотларга қай даражада ишонишини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, тадқиқот анъанавий ва рақамли медианинг жамоатчилик ҳаётидаги ўрнини аҳолининг бевосита баҳолари асосида таҳлил қилиш имконини беради.
Тадқиқот доирасида фуқароларнинг мамлакат ва ҳудудлардаги воқеаларга қизиқиши, ахборот олиш манбалари, медиадан фойдаланиш мунтазамлиги ва давомийлиги, контентнинг афзал кўрилган мавзулари, тиллари ва тақдим этиш шакллари ўрганилади. Телевидение, радио, босма ва онлайн матбуот ҳамда ижтимоий тармоқлар аудиториясининг одатлари алоҳида таҳлил қилинади.
Сўровда оммавий ахборот воситаларига ишонч, уларнинг жамиятдаги роли, сўз эркинлиги ва ОАВ мустақиллигига муносабат, журналистлар фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар, соҳадаги долзарб муаммолар ҳамда медиа фаолиятини такомиллаштириш бўйича жамоатчилик таклифларини аниқлашга ҳам устувор эътибор қаратилган.
Шунингдек, фуқароларнинг ишончсиз ва чалғитувчи ахборотларга дуч келиш ҳолатлари, хабарларни қайта текшириш амалиёти, ёлғон ахборотни ишончли маълумотдан ажрата олиш қобилияти, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги хавфлар ўрганилади.
Тадқиқот натижалари аҳолининг ахборотга бўлган реал эҳтиёжларини очиб бериш, турли медиа платформалар аудиториясининг хусусиятларини баҳолаш, ишончли ва фойдали контентга талабни аниқлаш, медиасаводхонликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий медиа маконини жамоатчилик кутилмалари асосида ривожлантириш бўйича илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Сўров аноним тарзда ўтказилади. Олинган маълумотлар фақат умумлаштирилган ҳолда таҳлил қилинади ва тақдим этилади. Марказ фуқароларни тадқиқотда фаол иштирок этишга ҳамда ўз фикр ва баҳолари билан мамлакат медиа муҳитини янада такомиллаштиришга ҳисса қўшишга чақиради.


