10.09.2026
9
ҲУРМАТЛИ ҲАМКАСБЛАР!
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази академик олима Р.А.Убайдуллаева таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Академик Р.А.Убайдуллаеванинг мероси: илмий мактаб, ворисийлик ва жамоатчилик фикри социологиясининг келажаги” мавзусидаги Халқаро форум ва “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” мавзусидаги халқаро илмий-амалий семинар доирасида ўтказиладиган “Академик Раъно Убайдуллаева номидаги Бешинчи социологик ўқишлар” якунлари бўйича “Ўзбекистон жамияти глобал ва миллий трансформациялар шароитида: социологик таҳлил, жамоатчилик фикри ва давлат тараққиёти” мавзусидаги илмий мақолалар тўпламини нашр этиш режалаштирилаётганлигини маълум қилади.
Илмий мақолаларнинг асосий мавзулари:
- Жамият ва ижтимоий институтлар замонавий трансформациялар шароитида.
- Ижтимоий сиёсат, турмуш сифати ва инсоннинг ривожланиши.
- Маҳалла ижтимоий ривожланиш институти сифатида: анъаналар, трансформациялар ва фуқаролар иштирокининг замонавий моделлари.
- Оила, гендер муносабатлар, ёшлар ва инсон капитали: замонавий ижтимоий ва демографик трансформациялар.
- Рақамли даврда социология: янги усуллар, сунъий интеллект ва маълумотлар сифати.
Тўпламда ўз мақолалари билан иштирок этишга тадқиқотчилар, олимлар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрлар таклиф этиладилар.
Мақолани расмийлаштириш бўйича талаблар:
Ташкилий қўмита тўпламда нашр этиш учун муаллифнинг (ёки муаллифларнинг) “Ўзбекистон жамияти глобал ва миллий трансформациялар шароитида: социологик таҳлил, жамоатчилик фикри ва давлат тараққиёти” мавзусига мос, илгари нашр этилмаган илмий мақолаларини ўзбек, рус ёки инглиз тилларида қабул қилади.
- Мақолалар электрон кўринишда тақдим этилади: MS WORD муҳаррир матнида, А4 форматида, асосий шрифт - Times New Roman, кегль – 14, қаторлар оралиғи – 1,15, матн эни билан текисланади; хатбоши – 1,25 см, барча ҳошиялар - 2 см.дан. Саҳифалар рақамланмайди. Мақола ҳажми 7 бетдан кам ва 10 бетдан кўп бўлмаслиги керак.
- Мақоланинг таркибида ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги (50та сўзгача) аннотация, (20та сўзгача) калит сўзлар, кириш, асосий қисм, хулоса ва таклифлар, фойдаланилган адабиётлар рўйхати бўлиши шарт.
- Муаллифнинг (муаллифларнинг) Ф.И.Ш. иштирок этиш тилида (кичик ҳарфларда, қора шрифтда, ўнг томонга текисланади);
- илмий даража, илмий унвон, лавозими (ўнг томонга текисланади);
- пастки қаторда – ташкилотнинг тўлиқ номи (e-mail:);
- мақоланинг номи иштирок этиш тилида (бош ҳарфларда, қора шрифтда, ўртага текисланади).
Бир қатордан сўнг мақоланинг асосий матни жойлаштирилади.
- Жадвал ва расмлар ўзининг номига ва (араб рақамларидаги) тартиб рақамига эга бўлиши керак.
Мақолада тақдим этилган жадвал ва расмларда фойдаланилган манба жадвал ва расмларнинг тагида кўрсатилиши лозим.
Мисол учун: “Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг жадвали, “Ўзбекистон Республикасининг демографик ҳолати” статистик тўплами. 2020 йил январь-декабрь”. Тошкент, 2021, 96-121-бетлар.
- Манбаларга ҳаволалар бевосита матннинг ўзида квадрат қавсларда берилади. Мисол учун: [2, 25-26-б.].
Манба ва ҳаволалар мақола сўнггида келтирилади. Улар алифбо тартибида эмас, балки матнда тақдим этилган тартибда кўрсатилади.
- Мақолалар барча талабларга риоя қилинган ҳолда синчиклаб таҳрир қилинган бўлиши керак. Расмийлаштириш талабларига мос келмайдиган ва белгиланган муддатдан кеч тақдим этилган мақолалар тўпламга киритилмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.
Ташкилий қўмита мос келмаган мақолаларни нашр қилишни рад этиш ҳуқуқига эга.
Мақолалар (“Социологик ўқишлар” белгиси билан) fikr1997@yandex.ru электрон почта манзилида ёки +998 93 398 68 10, +998 97 746 86 19 рақами билан Телеграмда 2026 йилнинг 15 октябргача қабул қилинади.


