01.10.2026
20
Азиз устоз ва мураббийлар!
Ўқитувчи ва мураббийлар куни - 1 октябрь - ҳар бир инсон қалбига чуқур муҳрланган сана ҳисобланади. «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ушбу қутлуғ айём билан сиз - азиз устоз ва мураббийларни самимий муборакбод этади!
Ҳар бир инсон ҳаётида шундай устозлар борки, уларнинг сўзлари, сабоқлари ва ўгитлари узоқ йиллар давомида шогирдлар қалбида мудом бирга юради. Устоз меҳнатининг натижаси ҳар доим ҳам дарҳол кўзга ташланавермайди. Бу машаққатли ва шарафли меҳнат деярли ҳар куни такрорланадиган кўплаб сезилмас ечимлардан ташкил топади. Ана шундай меҳнатнинг самараси ўлароқ кичик қадамлардан нафақат алоҳида бир ўқувчининг муваффақияти, балки бутун бир авлоднинг истиқболи ҳам шаклланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, давлатимиз раҳбари 28 август куни мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда эълон қилган Ўзбекистон миллий дастурларининг биринчисида таълим ва келажак касблари акс эттирилгани ҳам бежиз эмас.
Шунингдек, Марказнинг социологик тадқиқотлари натижалари ҳам ўқитувчилик касби жамиятда энг муҳим касблардан бири ҳисобланишини кўрсатмоқда. Ўқитувчи нафақат таълим беради, балки келажак авлоднинг характери, қадриятлари ва дунёқарашини шакллантиришга беқиёс тарзда кўмаклашади.
Азиз устозлар, сизнинг меҳнатингиз сабр-тоқат, фидойилик ва ўз ишига нисбатан самимий муҳаббатни талаб қилади. Айнан сизнинг шарофатингиз билан бугун дадил ва очиқ фикрлашга, мамлакат келажаги учун масъулият билан ҳаракат қилишга қодир янги авлод вояга етмоқда. Сиз она-Ватанга садоқатли, маънавий жиҳатдан бой ва замонавий фикрлайдиган шахсларни тарбиялаб, ҳар бир бола қалбида билим чироғини ёқмоқдасиз.
Байрам муносабати билан барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, меҳр-муҳаббат ва касбий муваффақиятлар тилаймиз. Шогирдларнинг ҳар бир ютуғи сиз учун фахр-ифтихор манбаига айлансин, шарафли меҳнатингиз эса сизга ҳамиша қувонч ва мамнуният ҳиссини бағишласин!
Байрамингиз муборак, азиз устоз ва мураббийлар!


