13.10.2026
19
БИШКЕКДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ГИЁҲВАНД МОДДАЛАР ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ДАСТУРИНИНГ 8-БОСҚИЧИ (CADAP 8) ИШГА ТУШИРИЛДИ
2026 йил 7-8 октябрь кунлари Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар тарқалишининг олдини олиш дастурининг 8-босқичи (CADAP 8) бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон делегацияси, жумладан, «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази вакили ҳам иштирок этди.
CADAP (Central Asia Drug Action Programme) - Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилувчи, Марказий Осиё давлатларида гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган узоқ муддатли минтақавий дастурдир.
Дастурнинг Раҳбарият қўмитаси юқори даражадаги стратегик раҳбарлик ва мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Раҳбарият қўмитаси таркибига Марказий Осиёнинг барча бешта давлати, Европа комиссияси, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги делегацияси, FIAP, Civipol ҳамда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси вакиллари киради. Йиғилишга Қирғиз Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Наркотик моддалар ноқонуний муомаласига қарши кураш хизмати ҳамда Европа Иттифоқининг Қирғиз Республикасидаги ваколатхонаси ҳамраислик қилди.
Мазкур тадбир минтақада гиёҳванд моддаларга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Дастур икки асосий йўналишда амалга оширилади: биринчиси - минтақа мамлакатларини гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда қўллаб-қувватлаш, иккинчиси - гиёҳванд моддаларга бўлган талабни камайтириш ва уларнинг истеъмолига қарши курашиш.
Йиғилиш давомида делегациялар гиёҳванд моддаларга қарши курашиш сиёсати ва уларга бўлган талабни камайтириш соҳасида эришилган асосий натижаларни, шунингдек, 2026 йил октябридан 2027 йил сентябригача бўлган даврга мўлжалланган дастлабки иш режаларини тақдим этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги маълумотига кўра, янги босқичнинг умумий бюджети 18 миллион еврони ташкил этади. Дастурни 2026 йил февралидан 2030 йил июлигача амалга ошириш режалаштирилган. Дастур минтақанинг бешта давлати - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни қамраб олади.
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг гиёҳванд моддаларга қарши курашиш сиёсати соҳасидаги халқаро ташаббусларни амалга оширишдаги иштироки фуқаролик жамияти институтларининг ролини мустаҳкамлаш, шунингдек, профилактика чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида жамоатчилик фикрини инобатга олиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, Марказнинг минтақавий ҳамкорликдаги иштироки гиёҳванд моддалар истеъмолининг олдини олиш бўйича илмий асосланган ёндашувларни ривожлантириш, давлат тузилмалари, тадқиқотчилар ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ёшларнинг ҳақиқий эҳтиёжларини ҳисобга оладиган профилактика сиёсатини шакллантиришга хизмат қилади.




