14.10.2026
17
ТОШКЕНТДА STADA HEALTH REPORT 2026 ХАЛҚАРО ҲИСОБОТИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ
Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда умр кўриш давомийлигини узайтириш Ўзбекистоннинг стратегик устувор йўналишларидан ҳисобланади. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикасини кучайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган. Янги ташаббуслар қаторида аҳоли саломатлигини асраш ва умр кўриш давомийлигини узайтиришга қаратилган миллий дастурни тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар шароитида жамоатчилик фикрини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Бу фуқароларнинг тиббий хизматлардан қониқиш даражасини баҳолаш, долзарб муаммоларни аниқлаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиш имконини беради.
2026 йил 7 октябрь куни Тошкент шаҳрида STADA Arzneimittel AG фармацевтика компанияси ташаббуси билан ўтказиладиган STADA Health Report 2026 халқаро тадқиқотининг тақдимоти бўлиб ўтди. 2026 йилда мазкур тадқиқот 20 та мамлакатни қамраб олди. Ўзбекистон ушбу халқаро тадқиқотда тўртинчи марта иштирок этди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда сўровда иштирок этган респондентларнинг 82% миллий соғлиқни сақлаш тизимидан қониқиш билдирган. Бу тадқиқотда иштирок этган мамлакатлар орасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, ундан юқори натижа фақат Бельгияда (86%) қайд этилган. Тадқиқотда иштирок этган барча мамлакатлар бўйича ўртача кўрсаткич эса 56% ташкил этган.
Тадқиқот аҳоли учун энг долзарб муаммолар ва уларнинг кутилмаларини аниқлаш имконини ҳам берди. Ўзбекистондаги респондентлар энг муҳим муаммолар қаторида экологик омилларни — 52%, семизлик ва носоғлом турмуш тарзини — 44% қайд этган. Сўралганларнинг 59% қишлоқ жойларда ва тиббий хизматлар билан етарлича қамраб олинмаган ҳудудлар тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналиши деб ҳисоблайди.
Тадқиқотда ўз саломатлигини мустақил бошқариш ва тиббиёт соҳасини рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, респондентларнинг 92% саломатлик билан боғлиқ айрим муаммоларни мустақил даволаш мумкин, деб ҳисоблайди. Сўралганларнинг 55% эса саломатлик билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланаётганини қайд этган. Бундай технологиялардан 35 ёшгача бўлган респондентлар энг фаол фойдаланади — 69%.
Шу билан бирга, тадқиқот натижалари тиббиёт мутахассислари билан бевосита мулоқот қилишнинг аҳамияти сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, сўралганларнинг 75% шифокор билан юзма-юз маслаҳатлашишни, 80% эса профилактик тиббий текширувлардан анъанавий шаклда ўтишни афзал кўради. Респондентларнинг 63% дори воситаларини бевосита дорихоналардан харид қилишни маъқул кўради.
STADA Health Report 2026 натижалари Ўзбекистон фуқароларининг соғлиқни сақлаш тизимига муносабатини халқаро қиёсий нуқтаи назардан ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур натижалар аҳолининг эҳтиёжларини аниқлаш, фуқароларнинг тиббий инновацияларга муносабатини баҳолаш ҳамда соҳани янада такомиллаштириш йўналишларини белгилаш имконини беради.



