15.10.2026
11
РАҲБАР ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ БОШҚАРУВ КОМПЕТЕНЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА БАҒИШЛАНГАН НАВБАТДАГИ ИЛМИЙ МУҲОКАМА ЎТКАЗИЛДИ
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси тадқиқотчиси Хайдарова Джавохира Акбаровнанинг 22.00.02 – «Ижтимоий тузилиш, ижтимоий институтлар ва турмуш тарзи» ихтисослиги бўйича социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган «Раҳбар аёллар бошқарув компетенцияларини ривожлантиришнинг социологик жиҳатлари» мавзусидаги диссертация иши етакчи ташкилот сифатида илмий муҳокамадан ўтказилди.
Мазкур илмий тадқиқот мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг раҳбарлик салоҳиятини ривожлантириш, бошқарув тизимида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлашнинг институционал механизмларини такомиллаштириш каби долзарб масалаларга бағишланган.
Илмий муҳокама давомида раҳбар хотин-қизларнинг бошқарув компетенцияларини шакллантириш ва ривожлантиришга таъсир этувчи ижтимоий, маданий, ташкилий ҳамда институционал омиллар, жамиятдаги гендер стереотиплари, оилавий ва касбий масъулият ўртасидаги мувозанат, шунингдек, хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларида касбий ўсиш имкониятлари социологик ёндашув асосида кўриб чиқилди.
Тадқиқотда раҳбар хотин-қизларнинг ижтимоий мақоми, қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштироки ва институционал фаоллигини баҳолашга қаратилган эмпирик кўрсаткичлар тизими, бошқарув компетенцияларини ривожлантиришнинг ижтимоий-диагностик мезонлари ҳамда узлуксиз касбий ривожланишнинг замонавий механизмлари илмий жиҳатдан асослангани алоҳида эътиборга молик.
Шунингдек, диссертация доирасида илгари сурилган «ҳаёт давомида таълим олиш» тамойили, менторлик ва коучинг амалиёти, рақамли таълим платформалари ҳамда компетенциялар кластерини жорий этишга оид таклифларнинг раҳбар хотин-қизларнинг профессионал салоҳиятини оширишдаги аҳамияти муҳокама қилинди.
Илмий муҳокамада тадқиқотнинг назарий-методологик асослари, эмпирик натижалари, илмий янгилиги ва амалий аҳамияти юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, раҳбар хотин-қизларнинг бошқарув фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг касбий ривожланишини тизимли қўллаб-қувватлаш ҳамда гендерга сезгир кадрлар сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган илмий ёндашувлар атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур тадқиқотнинг амалий аҳамияти раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг бошқарув компетенцияларини баҳолашнинг илмий мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда давлат ва жамият бошқарувида инсон капиталидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш билан белгиланади.
«Ижтимоий фикр» марказида ўтказилган етакчи ташкилот муҳокамаси социология фанида бошқарув компетенциялари, гендер муносабатлари ва институционал ривожланиш масалаларини ўрганиш, илмий тадқиқот натижаларини экспертлик нуқтаи назаридан баҳолаш ҳамда уларнинг амалий аҳамиятини муҳокама қилиш учун муҳим илмий майдон бўлиб хизмат қилди.


