18

ЎЗБЕКИСТОНДА ХАВФСИЗ ВА ҲУРМАТГА АСОСЛАНГАН МЕҲНАТ МУҲИТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА БАҒИШЛАНГАН МИЛЛИЙ ДАСТУР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

2026 йил 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигида «Ўзбекистонда хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат муҳити» миллий дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Юқори даражадаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, давлат бошқаруви органлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қаторида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Раҳимова Нигина Хайруллаевна ҳам иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади меҳнат жамоаларида инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, иш жойларида тазйиқ, зўравонлик, руҳий босим, таъқиб ва камситиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хавфсиз, адолатли ва ўзаро ҳурматга асосланган меҳнат муносабатларини ривожлантиришдан иборат.

Тақдимот доирасида ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, мурожаатларни кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш, ташкилотларда соғлом ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш ва бошқарув маданиятини юксалтиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Мазкур ташаббус меҳнат жамоаларида ижтимоий адолат, гендер тенглик, ўзаро ишонч ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, ходимларнинг касбий фаолиятдан қониқиш даражаси ҳамда ташкилотлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

«Ижтимоий фикр» маркази фаолияти нуқтаи назаридан ушбу йўналиш меҳнат муносабатларидаги ижтимоий жараёнларни социологик тадқиқотлар асосида ўрганиш, ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлик даражаси ва ташкилотларга бўлган ишончини баҳолаш, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий натижадорлигини таҳлил қилиш учун долзарб ҳисобланади.

Миллий дастурнинг амалга оширилиши мамлакатимизда инсон қадри устувор бўлган, хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат маданиятини ривожлантириш ҳамда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.