19.10.2026
12
САМАРҚАНД — ЎЗБЕКИСТОН ВА АҚШ ЎРТАСИДАГИ СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ МАЙДОНИ
2026 йил 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган юқори даражадаги халқаро тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
18 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга расмий ташриф билан келди. Мазкур ташриф АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик ва иқтисодий ҳамкорлигини фаоллаштириш доирасида амалга оширилмоқда. Ташриф дастуридаги асосий тадбирлардан бири — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда АҚШ иштирокида “C5+1” форматида ўтказиладиган ташқи ишлар вазирлари учрашувидир.
Мазкур дипломатик платформа минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли масалаларни биргаликда ҳал этишга қаратилган. АҚШ томонининг баҳолашича, “C5+1” доирасидаги стратегик ҳамкорлик АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари учун барқарор ва фаровон келажакни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ташриф доирасида 19 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар Кенгайтирилган стратегик шериклик бўйича мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказиб, олий даражада эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш масалаларини ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокараларда савдо-инвестиция алоқалари, энергетика, ўта муҳим минерал ресурслар, илғор технологиялар, таълим, маданий-гуманитар ҳамкорлик ва хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф дастурида Марко Рубионинг Марказий Осиёдаги барча беш давлатнинг юқори мартабали вакиллари билан икки томонлама учрашувлари ҳам назарда тутилган.
Халқаро тадбирларнинг муҳим йўналишларидан бири иқтисодий шерикликни кенгайтиришдир. Самарқандда Ўзбекистон – Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган. Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамраислик қилади.
Мазкур тадбирларга тайёргарликнинг муҳим босқичларидан бири 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сержио Гор билан учрашуви бўлди. Музокаралар давомида стратегик шерикликни чуқурлаштириш, АҚШ Давлат котибининг ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Америка делегацияси ташрифи дастурида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси билан танишиш ҳам алоҳида ўрин эгаллади. 19 октябрь куни Марко Рубио Самарқанддаги машҳур Регистон майдонига ташриф буюрди. Регистон Марказий Осиёнинг энг таниқли меъморий мажмуаларидан бири бўлиб, ўзбек халқининг бой тарихи ва кўп асрлик маданий анъаналари рамзи ҳисобланади. Регистон майдонида АҚШ Давлат котиби оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам мулоқот қилиб, Самарқанднинг халқаро савдо ва маданий алоқалар чорраҳаси сифатидаги тарихий ролини алоҳида таъкидлади.
Халқаро ҳамкорликнинг ижтимоий аҳамияти
Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатлари билан стратегик шериклигини кенгайтириш ва “C5+1” форматидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш нафақат давлатлараро муносабатлар, балки минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш, юқори технологияли тармоқларни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш янги иш ўринларини яратиш, мутахассислар малакасини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ёшлар учун имкониятларни кенгайтиришга замин яратади.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш аҳолининг халқаро ҳамкорликнинг қайси йўналишларини энг муҳим деб ҳисоблашини, шунингдек, фуқаролар ўз фаровонлигининг яхшиланишини қандай ўзгаришлар билан боғлашини аниқлаш имконини беради.
Самарқандда халқаро тадбирларнинг ўтказилиши шаҳарнинг дипломатик, иқтисодий ва маданий мулоқот майдони сифатидаги ролини яна бир бор тасдиқлайди. Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан алоқаларини ривожлантириш қўшма ташаббусларни амалга ошириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Манбалар: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати, Президент матбуот котибининг хабари, АҚШ Давлат котибининг ташрифи ҳақидаги маълумот


