21.10.2026
12
«ИЖТИМОИЙ ФИКР» МАРКАЗИ ИНФРАТУЗИЛМА ВА УРБАНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИГА АҲОЛИ МУНОСАБАТИНИ ЎРГАНИШГА ҚАРАТИЛГАН СОЦИОЛОГИК СЎРОВНИ БОШЛАДИ
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Инфратузилма ва урбанизация мамлакат фуқароларининг баҳоси ва тасаввурида» мавзусида социологик сўров ўтказиш бошланди.
Мазкур тадқиқотнинг асосий мақсади аҳолининг яшаш муҳити, ҳудудий инфратузилма ҳолати, коммунал хизматлар сифати ва урбанизация жараёнларига муносабатини ўрганиш, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга оид ижтимоий эҳтиёжлар ҳамда жамоатчиликнинг устувор кутилмаларини аниқлашдан иборат.
Тадқиқот доирасида фуқароларнинг ҳудудларни ободонлаштириш, автомобиль йўллари ва пиёдалар йўлакчалари, болалар ва спорт майдончалари, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар ҳолатига берган баҳолари ўрганилади. Шунингдек, сўнгги уч йил давомида инфратузилмада кузатилган ўзгаришлар ҳамда аҳолининг кундалик турмуш сифатига таъсир кўрсатаётган долзарб муаммолар таҳлил қилинади.
Сўровда урбанизациянинг ижтимоий жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, фуқароларнинг шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида яшашга оид афзалликлари, уларга таъсир этувчи иқтисодий, ижтимоий ва экологик омиллар, шунингдек, ҳудудий ривожланишнинг устувор йўналишлари юзасидан қарашлари аниқланади.
Сўров натижалари аҳолининг реал эҳтиёжларини аниқлаш, инфратузилмавий муаммоларни жамоатчилик баҳолари асосида таҳлил қилиш ҳамда шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини мутаносиб ривожлантириш, турмуш сифатини юксалтиришга қаратилган илмий-амалий тавсияларни ишлаб чиқиш учун муҳим ахборот-таҳлилий асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
«Ижтимоий фикр» маркази фуқароларни социологик сўровда фаол иштирок этишга ва ўз яшаш ҳудудларидаги шароитлар юзасидан холис фикр-мулоҳазаларини билдиришга таклиф этади.


