21.10.2026
11
ОНА ТИЛИ - МИЛЛАТ ҒУРУРИ, МИЛЛИЙ ЎЗЛИК ВА МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ ТИМСОЛИ!
Азиз юртдошлар! Қадрли ватандошлар!
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси сиз, азизларни 21 октябр - Ўзбек тили байрами куни билан самимий муборакбод этади!
Она тили - халқнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги, маънавий мероси ва асрлар давомида шаклланган тафаккур маданиятини ўзида мужассам этган бебаҳо бойликдир. У миллатнинг кечмиши ва бугунини боғлайди, авлодлар ўртасидаги маънавий ворисийликни таъминлайди, жамиятнинг умумий қадриятлар атрофида бирлашишига хизмат қилади.
1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлди. Ушбу сана миллий ўзликни англаш, она тилимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни юксалтириш, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида янги даврни бошлаб берди.
Бугун ўзбек тили илм-фан, таълим, маданият, давлат бошқаруви ва рақамли технологиялар соҳаларида ўз имкониятларини кенгайтириб, жамиятимиз маънавий ва интеллектуал тараққиётининг муҳим омили сифатида ривожланмоқда.
Айниқса, она тилимизнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, унинг илмий ва ижодий салоҳиятини бойитиш, ёш авлод қалбида миллий тилга ҳурмат ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.
Зеро, тил жамиятни бирлаштирувчи, инсонлар ўртасида ўзаро англашув, ижтимоий ишонч ва ҳамжиҳатликни қарор топтирувчи муҳим маънавий кучдир. Унда халқнинг орзу-интилишлари, ҳаётий қарашлари, ижтимоий тажрибаси ва келажакка бўлган ишончи ўз ифодасини топади.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий юксак бадиий тафаккур даражасига кўтарган она тилимиз бугун ҳам миллий маданиятимиз, маърифатимиз ва ижтимоий тараққиётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда.
Азиз ватандошлар! Она тилимиз ҳар бир хонадонда меҳр-оқибат, ҳар бир таълим масканида маърифат, ҳар бир илмий изланишда тафаккур, ҳар бир эзгу ташаббусда тараққиёт садоси бўлиб янграсин!
Фарзандларимиз она тилимизнинг бойлигидан фахрланиб улғайсин, унинг қадрини англаб, софлиги ва жозибасини асраб-авайласин. Ўзбек тилининг нуфузи ва шуҳрати халқаро майдонда янада юксалиб, халқимизнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий қудратини дунёга тараннум этсин!
Ҳурмат билан,
«Ижтимоий фикр» республика
жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси!


