02.11.2026
17
ПРЕСС-РЕЛИЗ
02.11.2026 й.
Тошкент шаҳри
Ўзбекистонда медиаистеъмол бўйича миллий тадқиқот якунлари эълон қилинди. Лойиҳа Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммабоп ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ҳамкорликда амалга оширилди. Тадқиқот жадал ўзгараётган медиамуҳитда ўзбекистонликларнинг ахборот билан боғлиқ одатлари илк бор батафсил ёритиб беради.
2-ноябрь куни Тошкентда «Ўзбекистонда медиаистеъмол бўйича миллий тадқиқот» лойиҳаси биринчи босқичининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди. Бу босқичда аудиториянинг одатлари ва нимани афзал кўриши ўрганилди. Тадбирда ташкилотчилар маълумот тўплаш методологияси ва асосий хулосалар ҳақида сўзлаб берди.
Масс-медиа фонди директори Жаҳонгир Азимов ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади: «Дастлабки изланиш характерига эга бўлган ушбу тадқиқот ўзига хос тарзда ноёбдир. У телевидение, радио, босма ва онлайн ОАВни қамраб олган ҳолда республика медиамаконида рўй бераётган жараёнларнинг умумий манзарасини кўрсатиб берди. Ёш, жинс, яшаш жойи ва медиаконтент истеъмол қилиш одатлари кесимидаги кўрсаткичлар эса жуда синчковлик билан ўрганишни талаб этади. Олинган маълумотлар аҳолининг медиаистеъмол борасидаги одатларини тушуниш йўлида муҳим қадам бўлади, деб умид қиламиз. Шу билан бирга, ривожланиш учун ҳали имконият бор. Янада чуқур ва холис маълумот тўплаш учун ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида батафсил тадқиқотлар зарур. Масс-медиа фонди бу ишни давом эттиришга тайёр».
«Бугун тақдим этилган натижалар барча бенефициарлар учун амалий манба бўлади ва янада хабардор, барқарор ҳамда медиасаводхон жамият барпо этиш йўлидаги ҳамкорликни давом эттиришга хизмат қилади, деб умид қиламан. Ушбу ташаббусда иштирок этган барча ташкилотлар, тадқиқотчилар ва экспертларга қилган меҳнати ва ишга садоқати учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Европа Иттифоқи бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаётганидан ва Ўзбекистонда ахборот муҳитини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётганидан мамнун», - деб қайд этди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси муваққат ишлар вакили Рената Врубел.
Ўз навбатида, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Раҳимова Нигина Хайруллаевна лойиҳанинг асосий аҳамиятини алоҳида таъкидлади: «Тадқиқотимизнинг энг муҳим аҳамияти шундаки, у Ўзбекистоннинг замонавий медиа маконига фуқароларнинг ўз нуқтаи назарларидан қарашларига имконият яратади. Улар қайси ахборот манбаларига ишонишини, қандай ахборотни долзарб деб ҳисоблашини ва оммавий ахборот воситаларидан нималарни кутаётганини англай бошлайдилар».
Сўров 2026-йил 8–19-сентябрь кунлари респондентларнинг яшаш жойида юзма-юз интервью шаклида ўтказилди. Тадқиқотда мамлакатнинг барча 14 ҳудудидаги шаҳар (53,9%) ва қишлоқ (46,1%) жойларида яшовчи 18 ёш ва ундан катта 1411 киши иштирок этди. Кўп босқичли танланма маълумотларнинг миллий даражада репрезентатив бўлишини таъминлади ва медиаистеъмолнинг гендер, ёш ҳамда ҳудудий хусусиятларини аниқлаш имконини берди.
Тадқиқот фуқароларнинг ахборот кун тартибига фаол жалб этилганини тасдиқлади: аҳолининг 50,4 фоизи мамлакатдаги воқеаларни мунтазам кузатиб боради, 30,4 фоизи эса уларга вақти-вақти билан қизиқади. Айни пайтда ўзбекистонликларда «кўп каналлилик» яққол намоён бўлмоқда: улар анъанавий ва рақамли ОАВдан биргаликда фойдаланади.
Янгиликлар олишнинг асосий манбалари сифатида Telegram-каналлар (51,6%), телевидение (44,6%) ва ижтимоий тармоқлар (41,6%) тилга олинди. Авлодлар ўртасидаги тафовут сезиларли: 18–24 ёшли йигит-қизлар ахборотни асосан Telegram (66,2%) ва ижтимоий тармоқлардан (54,4%) олади, 55 ёшдан ошган респондентлар эса телевидение (77,4%) ва босма матбуотга содиқ қолмоқда.
Тадқиқот кўрсатишича, рақамли платформалар ривожланаётганига қарамай, телевидение ўз мавқеини мустаҳкам сақлаб қолмоқда. Респондентларнинг 67,5 фоизи телевизион контентни томоша қилади. Қолаверса, жамоатчилик ишончи бўйича айнан телевидение мутлақ етакчи: унга сўровда қатнашганларнинг 44,3 фоизи ишонади (қиёслаш учун: Telegram-каналларга 11,3%, янгиликлар сайтларига эса 7,4% ишонади).
Телеканаллар орасида давлат телеканали «Ўзбекистон 24» энг кўп ишонч қозонган: томошабинларнинг 41,7 фоизи уни асосий, 52,8 фоизи эса энг ишончли манба сифатида танлайди. Томошабинлар афзал кўрадиган телеканаллар орасида эса миллий каналлар олдинги ўринларни эгаллайди: энг оммабоплари — Milliy TV, Ўзбекистон 24, Zo‘r TV ва Sevimli TV.
Аҳолининг медиаистеъмолида радио нисбатан чекланган ўрин тутади. Тадқиқот натижаларига кўра, сўров иштирокчиларининг 21,9 фоизи радиоэшиттиришларни тинглайди, 78,1 фоизи эса радио тингламайди. Радиотингловчилар улуши 35–44 ёшли респондентлар орасида энг юқори (26,9%), 18–24 ёшли йигит-қизлар орасида эса энг паст (16,7%).
Ўзбекистонда сўровда қатнашган фуқароларнинг 64,8 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади, Telegram мессенжери фойдаланувчилари улуши эса рекорд даражага — 86,1 фоизга етади. Telegram янгиликлардан тезкор хабардор бўлишнинг асосий воситаси сифатида кундалик ҳаётдан мустаҳкам ўрин олган: фуқаролар унда кўпинча республика янгиликларини ўқийди (55,2%) ва халқаро воқеаларни кузатиб боради.
Ижтимоий тармоқлар орасида Instagram шубҳасиз етакчи: уни ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг 92,7 фоизи ишлатади. Рақамли платформаларга мурожаат қилишнинг асосий сабаблари — ахборотнинг тез етказилиши (48,6%) ва контентдан исталган вақтда фойдаланиш мумкинлиги (31,0%).
Умуман олганда, аҳоли сўз эркинлиги даражасини ижобий баҳолайди (респондентларнинг 49,7 фоизи уни юқори деб ҳисоблайди). Контентга келсак, жамиятда унинг сифатини оширишга аниқ талаб шаклланмоқда. Фуқаролар нархлар, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳақида (41,3%), шунингдек, аҳолининг кундалик муаммолари ҳақида (40,6%) маълумот етишмаслигини қайд этади.
Томошабин ва ўқувчилар барча турдаги ОАВдан чуқурроқ таҳлилий ёндашув (27,6%), турли нуқтаи назарларнинг холис ёритилиши (22,5%) ва журналистик суриштирувларни кутади. Респондентлар фикрича, асосий муаммо — сюжетларнинг бир хиллиги ва телевидениеда айни бир кўрсатувларнинг тез-тез такрорланиши.
Медиа соҳасидаги асосий таҳдид сифатида эса фейклар кўрсатилди. Сўров иштирокчиларининг қарийб ярми (46,6%) сохта янгиликлар тарқалишини замонавий ОАВнинг энг долзарб муаммоси деб атади. Респондентлар ёлғон маълумотга кўпинча YouTube, Telegram ва ижтимоий тармоқларда дуч келади. Бунга жавобан тадқиқот иштирокчиларининг 77,4 фоизи ОАВнинг ҳаққоний бўлмаган ахборот тарқатганлик учун жавобгарлигини кучайтиришни ёқлаб чиқди.
Ушбу тадқиқот ниҳоятда муҳим бўлди: медиамуҳит жадал рақамлаштирилаётган бир пайтда у жамият ахборотни қандай излаётгани ва истеъмол қилаётгани ҳақида илк бор холис тасаввур берди.
Шу билан бирга, медиабозорнинг барча иштирокчилари олдидаги асосий синов аудитория ишончи учун курашга айланмоқда. Тадқиқот натижалари таҳририятларга контент сиёсатини такомиллаштириш, таҳлилий журналистикани ривожлантириш ва фактларни текширишнинг қатъий стандартларини жорий этишда муҳим мўлжал бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида Ўзбекистоннинг олти ҳудудида журналистлар, матбуот хизматлари ходимлари ва блогерлар учун тренинглар ўтказилади.
Тадқиқот билан Масс-медиа фондининг веб-сайтида батафсил танишиш мумкин: www.massmedia.uz.



