04.11.2026
16
Ажойиб аёл, беназир инсон, ҳақиқий устоз
Раъно Аҳатовна Убайдуллаева бу йил тўқсон ёшга тўлган бўларди.
Юбилей саналари доимо инсонни ҳаётнинг шиддатли суръатидан бир нафас тин олишга ва ортга яна бир бор назар ташлашга мажбур қилади. Гўёки саналар бизни уларнинг шарофати билан нафақат илм-фан тарихи, балки улар билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган кишиларнинг тақдири ҳам шаклланган шундай инсонлар хотирасини ёд этишга ундайди. Йиллар ўтгани сайин шахснинг том маънодаги салобати унинг унвон ва мукофотлари сони, эгаллаган лавозими ва, ҳаттоки илмий ишларининг сони билан ҳам ўлчанмаслигини янада равшанроқ ҳис қилиб борасан киши. Булардан-да муҳимроғи - инсон ўз замондошлари хотирасида қандай ўрин тутади, ундан нималар қолди, унинг ғоялари, тамойиллари, одамларга бўлган муносабати яшашда давом этмоқдами – ана шулардир.
Раъно Ахатовна мен учун нафақат туғишган инсон эди. У - Устозим, том маънодаги ўқитувчим эди. Унинг билан бўлган мулоқотлар одамни ўзгартирарди: ҳар бир кишини ўзига нисбатан талабчанроқ, атрофдагиларга эътиборлироқ бўлишга, ишда ҳалолроқ ва қабул қилаётган қарорларида масъулиятлироқ бўлишга ундарди.
Мен уни нафақат таниқли олима, раҳбар, академик сифатида билиш бахтига муяссар бўлганман. Устозни уйида, оиласи даврасида кўрганман, болалиги, ота-онаси, илм-фандаги илк қадамлари, ҳаёт йўлида учраган ва унда сезиларли из қолдирган инсонлар ҳақидаги ҳикояларини эшитганман. Ушбу хотиралар ҳеч қачон тасодифий бўлмаган. Унинг сўзлаган ҳар бир ҳикояси ортида ўзи ўртоқлашмоқчи бўлган ҳаётий сабоқ яширинган бўларди. Балки айнан шунинг учун бўлса керак, бугун ҳам Раъно Ахатовнани эслаганда, унинг кўплаб шогирдлари олиманинг нафақат илмий ютуқлари, балки уни ҳақиқатан ҳам беназир инсон қилган инсоний фазилатлари ҳақида сўзлашади.
У ҳайратомуз тарзда диққат билан тинглашни биларди. Унинг ҳузурига одамлар илмий ғоялар, ишга доир масалалар, иккиланишлар, шахсий кечинмалар ва муаммолар билан келишарди. У жавоб беришга ҳеч қачон шошилмасди. Аввало, муаммонинг моҳиятини тушунишга ҳаракат қилиб, суҳбатдошини диққат билан охиригача тинглар ва шундан сўнггина хотиржам, хайрихоҳлик билан, ҳеч қачон насиҳатомуз бўлмаган маслаҳатлар берарди. Кўпинча бундай суҳбатлардан сўнг енгил тортарди киши, чунки унинг самимий сўзлари билан бирга ишонч пайдо бўлар, агар муаммога холис, хотиржам ва профессионал муносабатда бўлинса, ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкинлигини англарди киши.
Балки шунинг учун бўлса керак, кўплаб ходимлар ва шогирдлар учун Раъно Ахатовна раҳбар ёки илмий устоздан кўра кўпроқ маъно касб этарди. У бошқаларнинг ютуқларига чин дилдан қувонар, ҳамкасбларининг муваффақиятсизликларини ўзиникидек ҳис қилар, ёш тадқиқотчиларни эса касбий шаклланишининг энг мураккаб даврларида қўллаб-қувватларди. Олима ҳеч қачон одамларни лавозими ёки унвонларига кўра ажратмасди. Эндигина илм-фанга қадам қўяётган ёш лаборант ҳам, кўп йиллик умрини тадқиқот ишларига бағишлаган таниқли олим ҳам унинг учун бирдек муҳим эди. Инсонга нисбатан ҳурмат унинг учун ҳаётий маслак, изоҳ талаб қилмайдиган қоида эди.
Бугун, ортга назар ташлар эканмиз, айнан мана шу инсонийлик тафти, зиёлилик ва ажойиб ички талабчанликнинг мужассамлиги Раъно Ахатовнани хотираси нафақат илмий нашрлар ёки архив ҳужжатларида сақланаётган инсонга айлантирганини англайсан киши. У ўз шогирдлари қалбида, ўзи яратган илмий мактаб тамойилларида ва бугунги кунда ҳам "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази жамоаси фаолиятида сақланиб келаётган анъаналарда яшашда давом этмоқда.
Раъно Ахатовна Ўзбекистон халқи учун йўқчилик ва қийинчиликларга тўлиқ бўлган даврда - 1936 йилда туғилган, аммо у ҳар доим болалигини энг беғубор ва бахтиёр давр сифатида эсларди, чунки ота-онаси оилада фарзандларга қулайликлар яратган ва улар ўзи ёқтирган нарсалар билан шуғулланиш имкониятига эга бўлган.
Раъно Ахатовнанинг чуқур эътиқодига кўра, ота-онасининг доно маслаҳатлари унинг ҳаётида кўп бора ёрдам берган, гўёки улар ҳамиша ёнида бўлишгандек: ота-онасининг илиқ тафти ва ҳурмати, ғамхўрлиги ва меҳр-муҳаббати уни бутун умри давомида қўллаб-қувватлаган ҳамда танлаган йўлидан оғишига йўл қўймаган.
Раъно Ахатовнанинг хотирлашича, отаси унга кўпинча иқтисодиёт фани, молия, банк тизими, турли иқтисодий тоифалар, кадрлар бошқаруви, инсон ресурслари ҳақида сўзлаб берар ҳамда бу маълумотларни қизиқарли ва мароқли тарзда тушунтирарди. Раъно Ахатовнанинг онаси эса ушбу ҳикояларнинг барчасини яқин кишилар, дўстлар, танишлар, ҳамкасблар ҳаётидан олинган аниқ мисоллар билан мустаҳкамларди. Афтидан булар қизалоқнинг касбий танловини олдиндан белгилаб берган.
Раъно Ахатовна Тошкент молия-иқтисодиёт институтини тамомлаб, 1958 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтига ишга келади. Ўшанда ҳеч ким унинг илмий ҳаётининг аҳамиятли қисми айнан шу ерда ўтишини тахмин қила олмасди.
У профессионал жиҳатдан ўсишнинг барча босқичларини – оддий лаборантликдан мамлакатнинг етакчи олимларидан бири - академикликкача бўлган йўлни изчиллик билан босиб ўтди. Таржимаи ҳолининг бу одатий сатрлари ортида ўнлаб йиллар давомидаги қизғин тадқиқотчилик ишлари, доимий изланишлар, иккиланишлар, янги ғоялар ва ўз меҳнати натижалари учун улкан масъулият яшириниб ётибди. Институтда номзодлик ва докторлик диссертациялари тайёрланди, унинг илмий тадқиқотларининг асосий йўналишлари шаклланди, дастлабки шогирдлари, кейинчалик эса Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур бўлган илмий мактаб пайдо бўлди.
Раъно Ахатовна ўзининг номзодлик диссертациясини қишлоқ аёллари меҳнатига бағишлади. Ўша даврда диссертация учун бундай мавзу танланишининг ўзи ғайриоддий эди. Унинг диққат-эътибори марказига нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, балки бир вақтнинг ўзида ҳам заҳматкаш пахтакор, ҳам она, ҳам хотин, ҳам уй бекаси бўлишига тўғри келаётган аёлнинг кундалик ҳаёти қўйилди. Қишлоқ жойларда ишлаб, одамлар билан учрашаркан, хотин-қизлар билан суҳбатлашиб, у статистик жадваллар ва расмий ҳисоботларнинг ортида аввал кўриши имкони бўлмаган нарсаларни кўрди.
Кейинчалик Раъно Ахатовна диссертациясини тайёрлаш жараёнида танишган колхоз раиси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони бўлган аёлни кўп бор эсларди. Олима бу аёл ҳақида у юқори лавозимни эгаллагани учун эмас, балки унинг қиёфасида ғайритабиий ички қувватга эга инсонни кўргани учун ҳам алоҳида ҳурмат ва илиқлик билан гапирарди. Аёлнинг одамларга бўлган меҳр-муҳаббати, уларнинг ютуқларидан чин дилдан қувониши, ўз ҳамқишлоқларига қанчалик қалб ҳароратини бахш этаётгани ёш тадқиқотчини ҳайратга соларди. "Мен доимо унинг нигоҳларини эслайман, - деган эди Раъно Ахатовна, - бу ўзи учун эмас, бошқалар учун яшаётган инсоннинг нигоҳи эди".
Бу учрашув ёш олимани ўзбек аёллари ҳаётига оид кўпгина масалаларга янгича назар билан қарашга мажбур қилди. У аёл киши нима учун кўпинча оила ва касбий фаолият ўртасида танлов қилишга мажбурлиги, нима учун фарзандлар ва оила ҳақидаги ғамхўрлик кўпинча ўзини намоён қилишдаги тўсиқ сифатида идрок этилиши, нима учун жамият миллионлаб аёллар ҳар куни бажарадиган улкан меҳнатни ҳар доим ҳам пайқайвермаслиги ҳақида тобора кўпроқ ўйлай бошлади.
Айнан ўша пайтда олима қалбида Раъно Ахатовна бутун умри давомида содиқ қолган эътиқод шакллана бошлади: у жамият аёлдан оила ва касбий фаолият ўртасида доимий танловни талаб қилмаслиги, балки аёлнинг ҳар икки соҳада ўзини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиши кераклигига чин дилдан ишонарди. Унинг фикрича, оналик, фарзанд тарбияси, оилага ғамхўрлик қилиш катта ижтимоий аҳамиятга эга ва аёлнинг худди касбий фаолияти ютуқлари каби ҳурматга лойиқдир. Аммо ҳар бир аёлга таълим олиш, севимли иши билан шуғулланиш, илмий ёки касбий мартабага эришиш, ижтимоий ҳаётда иштирок этиш имкониятини бериш ҳам шунчалик муҳимдир.
Олиманинг бу қарашлари ўз давридан анча илгарилаб кетган эди. Бугунги кунда ушбу ғоялар табиийдек туюлади, бироқ бир неча ўн йиллар олдин улар нафақат илмий далилларни, балки катта фуқаролик жасоратини ҳам талаб қиларди. Раъно Ахатовна ҳеч қачон баландпарвоз шиорлар билан чиқмаган. У фактлар, тадқиқотлар, рақамлар, кўп йиллик кузатишлар натижалари билан ишонтиришни афзал кўрарди.
Кўп жиҳатдан Раъно Ахатовнанинг шахсий ҳаёти ҳам аёл турли ролларни муваффақиятли мужассамлаштира олишининг ишончли тасдиғи бўлди. У севимли рафиқа, меҳрибон она, ўз оиласига чуқур боғланган инсон бўлгани ҳолда олима, раҳбар, жамоат арбоби, педагог, академик бўлиб етишди. Оиласи ҳақида гапираркан, у ота-онаси, кейинчалик эса турмуш ўртоғининг оиласи томонидан доимий қўллаб-қувватлашни ҳис қилганини таъкидларди. У самимий равишда айнан яқин одамлар ўртасидаги ҳурмат, ўзаро тушуниш ва ишонч аёлга ўз қобилиятларини намоён этиш ва ишонч билан олдинга интилиш имконини беради, деб ҳисобларди.
Эҳтимол, айнан шунинг учун бўлса керак, кўплаб ёш ходималар Раъно Ахатовнани нафақат йирик олима, балки илмий мартаба ва бахтли оналик ҳисси бир-бирига зид эмаслигининг ёрқин намунаси сифатида идрок этишарди. У ўз ҳаётий тажрибаси ҳақида сўзлаб, ҳеч қачон бошқаларни безор қилмасди, аммо ўзининг бутун ҳаёти намунасида ҳар бир аёлнинг орзу қилиш, ўз олдига энг дадил мақсадларни қўйиш ва ҳаётий қадриятларига хиёнат қилмасдан уларга эришиш ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатиб берди.
Айниқса, 2000 йилда айнан унга мустақил Ўзбекистоннинг биринчи аёл академикларидан бири бўлиш насиб этгани чуқур рамзий маънога эга. Кўпчилик учун бу воқеа мамлакатимиз илм-фани хотин-қизлар учун янги имкониятлар очаётганининг исботи бўлди. Лекин Раъно Ахатовнанинг ўзи бунда, аввало, ўзининг шахсий ғалабасини эмас, балки устозлари ва шогирдларининг иштирокини кўрди. У ўз аспирантлари муваффақиятларидан чин дилдан қувонар, уларни қўллаб-қувватлар, ўз кучи ва имкониятларига ишонишига ёрдам берар, истеъдоднинг ёш, миллат ва жинсга боғлиқ эмаслигига ҳеч қачон шубҳа қилмасди.
Вақт ўтиши билан Раъно Ахатовнанинг илмий қизиқишлари доираси кенгайиб борди. Меҳнат иқтисодиёти тадқиқотлари табиий равишда уни демография, аҳолишунослик, инсон ресурслари, ижтимоий сиёсат масалаларига олиб келди. Бироқ у бу муаммоларни қанчалик чуқур ўргангани сайин, оддийгина, аммо жуда муҳим бир нарсани: яъни агар тадқиқотчи рақамлар ортида одамларни кўрмаса, ҳеч қандай статистик кўрсаткич жамиятда содир бўлаётган жараёнларни тўлиқ тушунтириб беришга қодир эмаслигини шунчалик аниқроқ тушуниб етди.
У ҳар қандай тадқиқот инсонга ҳурматдан бошланишини тез-тез такрорларди. Айнан шунинг учун ҳам унга доимо нафақат ишончли маълумотларни олиш, балки одамлар нима деб ўйлаётгани, нималарни кутаётгани, уларни нималар хавотирга солаётгани, нималардан умид қилаётганини тушуниш ҳам муҳим эди. Аслини олганда, айнан шундай қараш уни аста-секин жамоатчилик фикри социологиясига олиб келди.
Бундай ёндашув бугун шак-шубҳасиздек туюлади. Бироқ 1990 йилларнинг охирида у ҳақиқатан ҳам новаторлик ёндашуви эди. "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказига раҳбарлик қилиш Раъно Ахатовнанинг касбий таржимаи ҳолида тасодифий бурилиш эмас, балки унинг давлат билан жамият ўртасидаги доимий ва профессионал мулоқотсиз мамлакатни самарали ривожлантириш мумкин эмаслигини англашга олиб келган кўп йиллик изланишларининг мантиқий давоми бўлди.
Жамоатчилик фикрини рақамлар ёки диаграммалар тўплами сифатида идрок этиш мумкин эмаслигига Раъно Ахатовнанинг ишончи комил эди, чунки одамлардан сўрашнинг ўзи етарли эмас - уларни тинглаш зарур. Унинг жамоатчилик фикри социологиясига бўлган муносабатининг бутун фалсафаси оддийгина бўлиб туюлган мана шу фикрда ифодаланган эди. Сўровномадаги ҳар бир саволга берилган жавобнинг ортида ўз ҳаётий тажрибаси, ташвишлари, умид ва кутилмалари билан инсон туради. Айнан шунинг учун ҳам у Марказ ходимларидан сўровларни нафақат сифатли ўтказишни, балки одамларни англашга интилишни, статистика орқали жамиятда содир бўлаётган ҳақиқий жараёнларни кўра олишни талаб қиларди.
У билан ёнма-ён ишлаб, биз секин-аста жуда муҳим бир фикрни тушуниб етдик. Социологик тадқиқот респондентлар жавобларига ишлов бериш ва жадваллар тузиш билан тугамайди. Ҳақиқий иш тадқиқотчи нима учун одамлар айнан шундай жавоб бергани, аниқланган тенденциялар ортида қандай ўзгаришлар тургани ва тадқиқот натижалари янада пухта ўйланган бошқарув қарорларини қабул қилишда қандай ёрдам бериши мумкинлигини тушунишга ҳаракат қилганида бошланади.
Афтидан, Раъно Ахатовнанинг амалий социологияга алоҳида ўрин берганлиги ҳам шу билан изоҳланса керак. У илмий тадқиқотлар ўз-ўзидан мавжуд бўлмаслиги кераклигига ишонарди. Уларнинг асосий вазифаси - жамиятга реал фойда келтиришдир. Айнан шунинг учун ҳам Марказ ишининг натижалари доимо нафақат илмий ҳамжамиятга, балки давлат бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари, жамият ҳаётининг турли соҳаларида қарор қабул қилувчи мутахассисларга ҳам йўналтирилар эди.
Раъно Ахатовнанинг ўнлаб йиллар олдин илгари сурган кўплаб ғоялари бугунги кунда шак-шубҳасиз идрок этилмоқда. Шу билан бирга, айнан у биринчилар қаторида фуқароларнинг фикри мамлакатда содир бўлаётган жараёнлар тўғрисидаги энг муҳим ахборот манбаси ва у давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ҳисобга олиниши керак, деб ҳисоблаган ҳолда, жамият ва давлат ўртасида қайтар алоқанинг барқарор тизимини шакллантириш зарурлигини изчил асослаб берди.
Йиллар ўтди, ҳаётнинг ўзи бу қарашлар тўғрилигини ишонарли тарзда тасдиқлади. Эътиборлиси шундаки, 2026 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ва жамоатчилик фикрини янада чуқурроқ ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Моҳиятига кўра, гап Раъно Ахатовна йиллар давомида изчиллик билан ҳимоя қилган, давлат ва жамият ўртасидаги доимий қайтар алоқа тизимини янада ривожлантириш ҳақида борарди.
Албатта, у ҳеч қачон социологияни барча ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг универсал воситаси деб ҳисобламаган, аммо чинакам самарали қарорларни фақат одамлар уларни қандай идрок этишини тушунган тақдирдагина қабул қилиш мумкинлигига қаттиқ ишонарди. Давлат ўз фуқароларини тинглаш ва эшита олишга қодир бўлгандагина кучли бўлиши мумкин. Бу фикр унинг кўплаб илмий ишлари ва маърузаларида ўз аксини топган.
Кўп жиҳатдан айнан Раъно Ахатовнанинг шарофати билан Ўзбекистонда жамоатчилик фикри социологиясининг ўз мактаби шакллана бошлади, унинг ўзига хос хусусияти қатъий илмий методологияни мамлакат аҳолисининг миллий хусусиятлари, маданий анъаналари ва турмуш тарзини чуқур тушуниш билан мужассамлаштиришга интилиш бўлди. У ҳар доим чет эл тажрибасини механик тарзда ўзлаштириш камдан-кам ҳолларда кутилган натижани беришини таъкидларди. Ҳар қандай тадқиқот ўзи ўтказилаётган жамиятнинг хусусиятларини инобатга олиши керак.
"Ижтимоий фикр" Маркази жамоаси бугунги кунда ҳам ана шу тамойилга амал қилмоқда. Ўтган йиллар давомида технологиялар ўзгарди, маълумотларга ишлов беришнинг янги усуллари пайдо бўлди, тадқиқот вазифалари доираси кенгайди, аммо ишимиздаги асосий нарса - инсонга ҳурмат ва илмий тадқиқотлар натижалари ҳақиқатан ҳам жамиятга фойда келтиришига интилиш ўзгаришсиз қолмоқда.
Раъно Ахатовнадан бизга нафақат китоблар, мақолалар ва илмий ғоялар қолди. У бизга бундан-да кўпроқ нарсани - касбига, одамларга, ўз мамлакатига бўлган муносабатини мерос қолдирди. Бугунги фаолиятимизда биз олима билан бўлган суҳбатларга хаёлан такрор ва такрор қайтамиз, унинг маслаҳатлари, мулоҳазалари, хайрихоҳлиги, доимо, энг аввало, ўзига нисбатан талабчанлигини ёдга оламиз. Ва ҳар сафар бугунги қарорларимизнинг кўпчилигини худди аввалгидек, эҳтимол, устозимиз қилиши мумкин бўлганидек, қабул қилаётганимизни ҳис қиламиз.
Биз устозимиз, академик олима Раъно Ахатовна Убайдуллаеванинг "Эришилган маррада тўхтаб қолмасдан, доимо олға интилиш, она юртингга виждонан ва ҳалол хизмат қилиш ҳамда кўтаринки руҳда меҳнат қилиш керак!” деган ўгитларига ҳар куни амал қилмоқдамиз!
Раъно Ахатовна биз – шогирдлари ва маслакдошларига ишонар, ютуқ ва муваффақиятларимиздан қувонар, ҳаммамиз билан фахрланарди! Биз ўз вазифамизни уддаладик ва азиз устозимиз, беназир инсон бизга васият қилганидек, доимо шундай бўлишига интиламиз!
Халқимизда “Ҳамонки инсонни хотирлашаркан, демак, у яшаяпти”, дейишади. Раъно Ахатовна, Сиз доимо хотирамизда ва қалбимизда яшайсиз.
Нигина Рахимова,
«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ
директори, и.ф.д.


