23

 ТОШКЕНТДА АКАДЕМИК УБАЙДУЛЛАЕВА РАЪНО АХАТОВНА ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН СОЦИОЛОГИК ФЕСТИВАЛНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

4 ноябрь куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида атоқли олим таваллудининг 90 йиллигига бағишланган «Академик  Убайдуллаева Раъно Ахатовнанинг илмий мероси: фан, жамият, авлодлар» социологик фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.Тадбир доимий фаолият юритувчи «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» илмий-амалий семинари доирасида «Илмий мерос ва замонавийлик» мавзусидаги давра суҳбати шаклида ўтказилди.

Давра суҳбатида марказ ходимлари ва таклиф этилган меҳмонлар иштирок этди.

Иштирокчиларга академик хотирасига бағишланган «Убайдуллаева Раъно Ахатовна» мавзусидаги видеофильм намойиш этилди. Шунингдек, «Ўзбекистон жамияти глобал ва миллий трансформациялар шароитида: социологик таҳлил, жамоатчилик фикри ва давлат тараққиёти» мавзусидаги, академик Раъно Убайдуллаева номидаги Бешинчи социологик ўқишлар учун тайёрланган илмий мақолалар тўплами тақдим этилди.

Фестиваль доирасида 16 ноябр – марказнинг ёш ходимлари ўртасида “Социология амалда” интеллектуал турнири бўлиб ўтади.“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ёш мутахассислари жамоавий интеллектуал-таҳлилий беллашувда иштирок этадилар. Иштирокчилар социологик назария ва жамоатчилик фикрини ўрганиш методологияси бўйича билимларини, социологик маълумотларни таҳлил қилиш ва талқин этиш кўникмаларини, шунингдек, амалий тадқиқот вазифаларига асосланган ечимлар топиш юзасидан малакаларини намоён этадилар.

20 ноябрь – “JAMIYATNI KO‘RA OLISH – Увидеть общество” талабалар танлови бўлиб ўтади. Интеллектуал танловда Ўзбекистоннинг “Социология” йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланадиган олий таълим муассасалари талабаларидан ташкил топган жамоалар иштирок этади.

Фестивалнинг якуний тадбири илмий ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда ҳамкор ташкилотларни бирлаштирувчи Халқаро илмий-амалий семинар бўлади.