17

«ИЖТИМОИЙ ФИКР» МАРКАЗИНИНГ МАТЕМАТИК МОДЕЛЛАШТИРИШ ВА ТАҲЛИЛ БЎЛИМИ БОШЛИҒИ БОКУН ИГОРЬ МИХАЙЛОВИЧНИ 70 ЁШЛИК ЮБИЛЕЙИ БИЛАН ТАБРИКЛАЙМИЗ!

 

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси «Математик моделлаштириш ва таҳлил» бўлими бошлиғи Бокун Игорь Михайловични қутлуғ 70 ёшлик юбилейи билан самимий муборакбод этади!

Шундай инсонлар борки, йиллар ўтиши билан уларнинг жамоадаги ўрни фақат касбий фаолият билан чекланмай, янада чуқур маъно касб этади. Игорь Михайлович ана шундай инсонлардан биридир. У чорак асрдан ортиқ вақт мобайнида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамнафас бўлиб, унинг шаклланиши ва ривожланишининг муҳим босқичларида бевосита иштирок этиб келмоқда. Шу йиллар давомида у Марказ ҳаёти ва тарихининг ажралмас қисмига айланиб, унинг ютуқлари ва бой тажриба тўплашига муносиб ҳисса қўшди.

Юксак касбий маҳорат, математик аниқликка асосланган тафаккур, мураккаб масалаларнинг моҳиятини чуқур англай билиш, мантиқий ва пухта ечимлар топиш қобилияти Игорь Михайловичнинг касбий фаолиятига хос муҳим фазилатлардир.

Математик моделлаштириш ва таҳлил бўлимига раҳбарлик қилиб, у Марказнинг илмий-тадқиқот ишларига, социологик маълумотларни чуқур таҳлил қилиш ва талқин этишга, тадқиқот натижаларининг илмий асосланганлиги ва ишончлилигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг кўп йиллик меҳнати жамиятда кечаётган жараёнларни чуқур англаш ва мамлакат тараққиёти учун муҳим қарорлар қабул қилишда аҳамият касб этадиган социологик тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Игорь Михайловичнинг таҳлилий тафаккури, чуқур билимлари ва мустаҳкам мантиғи кенг дунёқараш, ҳаётий донолик, самимийлик ва инсонларга бўлган ҳурмат билан уйғунлашган. У билан мулоқот қилиш ҳамиша қизиқарли, унинг фикр-мулоҳазалари эса бой ҳаётий тажриба ва чуқур таҳлилга асослангани билан қадрлидир. Масалаларга ўзига хос ёндашиши, қолипдан ташқари фикрлаши ва янги ғояларни илгари сура олиши ҳамкасбларида алоҳида ҳурмат уйғотади.

Шунингдек, унинг оиласи ва яқинларига бўлган самимий меҳри, эътибори ва ғамхўрлиги ҳам юксак инсоний фазилатларининг ёрқин ифодасидир.

Ушбу қутлуғ кунда «Ижтимоий фикр» маркази жамоаси Игорь Михайловичга мустаҳкам соғлиқ, хотиржамлик, куч-ғайрат, узоқ умр ва янги муваффақиятлар тилайди.