05.11.2026
12
ТАРИХИЙ МАРРА - ЮКСАК МЕҲНАТ МАДАНИЯТИ ВА ТАРАҚҚИЁТ ИФОДАСИ
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси мамлакатимиз пахтачилигида эришилган тарихий натижа - 5 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили етиштирилгани муносабати билан барча деҳқон ва фермерлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳамда соҳа фидойиларини самимий муборакбод этади!
Мазкур юксак натижа замирида йиллар давомида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, илғор агротехнологияларнинг жорий этилиши, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, энг муҳими, ер билан тиллашиб, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланаётган миришкор инсонларнинг машаққатли меҳнати мужассам.
Пахта майдонлари сезиларли даражада қисқарган бир шароитда ҳосилдорликнинг 2,7 баробар ошгани аграр соҳада миқдорий ўсишдан сифат ва самарадорликка асосланган ривожланиш босқичига ўтилаётганининг ёрқин ифодасидир.
Бу муваффақиятнинг ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёс. Зеро, қишлоқ хўжалигидаги ҳар бир ютуқ ортида минглаб оилалар фаровонлиги, меҳнат қадрининг юксалиши, қишлоқ ҳудудларининг иқтисодий салоҳияти ва жамиятнинг эртанги кунга ишончи мужассам.
Айниқса, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги, агроном ва олимларнинг илмий изланишлари, механизатор ва сувчиларнинг масъулиятли меҳнати умумий мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлик қандай улкан натижаларга олиб келишини амалда намоён этди.
«Ижтимоий фикр» маркази жамоаси ушбу тарихий маррага эришишга муносиб ҳисса қўшган барча юртдошларимизга самимий эҳтиром ва миннатдорлик изҳор этади.
Барча қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларига мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, касбий фаолиятида янги муваффақиятлар, эл-юрт фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларига улкан зафарлар тилаймиз.
Меҳнатингиз қадрли, ҳосилингиз баракали, ютуқларингиз бардавом бўлсин!
Ҳурмат билан,
«Ижтимоий фикр» республика
жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси!


