16

МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ҲАҚИДА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ ЎРГАНИЛМОҚДА

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Фуқаролар миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлар тўғрисида» мавзусида республика аҳолиси ўртасида социологик сўров ўтказилмоқда.

Мазкур тадқиқотнинг асосий мақсади мамлакатда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликнинг бугунги ҳолатини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш, фуқароларнинг миллий ва диний хилма-хилликка муносабатини ўрганиш, шунингдек, жамиятда ўзаро ҳурмат, ишонч ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга таъсир этувчи омилларни аниқлашдан иборат.

Тадқиқот доирасида фуқароларнинг миллатлараро ва динлараро муносабатлар ҳолатига берган баҳолари, сўнгги йилларда ушбу соҳада кузатилган ўзгаришлар, турли миллат ва диний эътиқод вакиллари ўртасидаги ижтимоий муносабатлар, ўзаро мулоқот ва ҳамжиҳатлик даражаси ўрганилади.

Шунингдек, сўровда миллий ва диний мансублик асосида камситиш ҳолатларига муносабат, жамоат жойларида турли тиллардан фойдаланишга нисбатан қарашлар, интернет ва ижтимоий тармоқларда миллатлараро адоватни келтириб чиқариши мумкин бўлган ахборотларнинг тарқалиши ҳамда уларнинг жамоатчилик томонидан қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратилади.

Тадқиқот давомида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсати самарадорлигига фуқароларнинг муносабати, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашга хизмат қилаётган ижтимоий-маданий омиллар ҳам таҳлил қилинади.

Социологик сўров натижалари миллатлараро ва конфессиялараро муносабатларнинг жамоатчилик онгидаги аксини баҳолаш, мавжуд тенденцияларни аниқлаш ҳамда ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган илмий-амалий тавсияларни ишлаб чиқиш учун ахборот-таҳлилий асос бўлиб хизмат қилади.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази фуқароларни социологик сўровда фаол иштирок этишга ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга чорлайди.