08.03.2023
425
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Улуғвор юртимизда хонадоннинг фариштаси, меҳр-муҳаббат, вафо ҳамда садоқат тимсоли бўлмиш барча дуогўй онахонларимиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни баҳор ва нафосат айёми – 8 Март-Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этамиз!
Не бахтки, Ўзбекистон хотин-қизлари аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда муносиб турмуш тарзини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланган ва аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда тинчлик ва фаровонликда яшамоқдалар. Ўзининг бор билими ва тажрибаси, салоҳияти, ғайрат-шижоатию тафаккури билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бутун халқимизнинг ва ўз оиласининг фаровонлиги учун меҳнат қилаётган ҳар бир хотин-қиз эл-юрт эътибори ва меҳр-муҳаббатига сазовор бўлмоқда. Зеро, аёл зоти, хусусан, Ўзбекистон хотин-қизлари Яратганнинг улуғ неъмати, тенгсиз мўъжизаси ва миллатнинг давомчиси сифатида бундан-да кўпроқ эъзозларга муносибдир.
Муҳтарама онахонлар, азиз опа-сингиллар, ҳурматли ҳамкасабалар!
Сўлим баҳорнинг беғубор илк кунларида барчангизни баҳор ва нафосат, гўзаллик ва латофат байрами билан самимий қутлаймиз. Оилангиз бахту саодат ва фаровонликка, дастурхонингиз тўкин-сочинликка, жисму жонингиз мустаҳкам соғлик ва қалб хотиржамлигига, аёллик латофатию гўзалликка, яқинларингизнинг меҳру муҳаббатига, меҳнат фаолиятингиз бетакрор ютуқлар ва эътирофларга лиммо-лим тўлиқ бўлишини тилаймиз.
Ҳаётингиз фаровон ва иқболингиз баланд бўлсин!
Оилангиз ва яқинларингиз бахтига ҳамиша бор бўлинг, азизлар!
Баҳор айёмингиз муборак бўлсин!
“Ижтимоий фикр”
республика жамоатчилик
фикрини ўрганиш Маркази