351

Бўш иш ўринлари ярмаркаси

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 4 март куни мамлакат олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлашнинг устувор йўналишларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида  жорий йилнинг 1 апрель куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида талабалар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.   

Ҳозирги кунда мамлакат олий ўқув юртларида кундузги таълимда 510 минг нафар талаба таълим олмоқда. Президент топшириғига мувофиқ талабалар ўртасида ўтказилган сўровлар давомида 100 мингга яқин талабалар ишлаш ва қўшимча даромад олиш ниятида эканлиги аниқланди.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага асосан Марказда университетнинг “Ижтимоий фанлар” факультети талабалари ишлаб чиқариш амалиётини ўтайдилар, уларнинг кўпчилиги кейинчалик Марказ томонидан ўтказиладиган илмий-тадқиқот лойиҳаларида бевосита иштирок этишади, волонтёрлар сифатида интервьюерлар, таҳлилчилар, кичик илмий ходимлар бўлиб ишлашни давом эттирадилар.   

“Ижтимоий фикр” Маркази фаолиятининг устувор йўналишларидан бири унинг илмий фаолиятидир. Марказ ҳар йили жамият ҳаётининг долзарб масалалари билан боғлиқ мавзуларда социологик конференциялар, давра суҳбатлари, халқаро ва республика миқёсидаги доимий илмий-амалий семинарлар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этади. Уларда олий таълим муассасаларининг нафақат раҳбар ходимлари ва профессор ўқитувчилари, балки талабалари ҳам иштирок этадилар.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази университетнинг куни кеча бўлиб ўтган меҳнат ярмаркасида иштирок этди ва олинган назарий билимларни, касб фаолиятини амалга ошириш ва ОТМ талабаларини ишга жойлаштириш бўйича Марказнинг мавжуд кенг имкониятларини иштирокчилар эътиборига тақдим қилди.