349

ФУҚАРОЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИ ҲАҚИДА

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва унинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари Барқарор ривожланиш мақсадларига - бутун дунё бўйлаб ривожланишнинг одамлар дуч келаётган асосий муаммоларини ҳал қилишга қаратилган ва бир-бири билан ўзаро боғлиқ 17 та улкан мақсадларига эришиш йўлида меҳнат қилмоқдалар.

Ўзбекистон 2030 йилгача бўлган даврда Глобал кун тартибига эришиш ва Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) соҳасидаги ўн олтита миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун кўпчилик манфаатдор томонлар иштирокидаги кўп томонлама ҳамкорликка комплекс ёндашув тарафдори эканлигини тасдиқлади. Мамлакатимизда амалдаги миллий ўрта муддатли режа, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси БРМни амалга ошириш йўллари бўлиб хизмат қилади. 2018 йилда мамлакатимиз ҳукумати томонидан 2030 йилгача бўлган даврдаги Глобал кун тартиби тўғрисидаги резолюция (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон қарори билан) тасдиқланди ва қабул қилинди, бу эса БРМни миллий стратегиялар ва дастурлар билан мувофиқлаштириш заруратини кучайтирди. Ҳукумат БРМнинг ижроси юзасидан мониторинг юритилишини мақбуллаштириш мақсадида 16 та миллий мақсадлар, 125 та вазифа ва 206 та индикаторларни тасдиқлади.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази мамлакатимиз фуқароларининг Барқарор ривожланиш мақсадларидан хабардорлиги ва уларнинг амалга оширилиши тўғрисида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида «Фуқаролар Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида» мавзусида социологик тадқиқот ўтказишни бошлади.

Респондентларнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида тадқиқотнинг диққат марказига мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва Барқарор ривожланиш мақсадларини давлат томонидан амалга ошириш самарадорлигига оид саволлар қўйилган. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш, фуқароларнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши, сифатли таълим, гендер тенглиги, барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий энергия манбаларидан фойдаланиш, бандлик масалалари ва муносиб иш билан таъминлаш, саноатлаштириш ва инновацияларни жорий этиш, тенгсизликни камайтириш, шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктлари хавфсизлиги, экотизимларни тиклаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, барча даражаларда ҳамкорлик муносабатларини  ўрнатиш каби масалаларга оид саволлар шулар жумласидандир.