07.07.2022
416
“Фуқаролар зўравонлик ҳақида: фикрлар, қарашлар, хабардорлик”
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, дунёда тахминан ҳар учинчи аёл ўз ҳаёти давомида турмушдаги шериги ёки бошқа шахс томонидан жисмоний, руҳий ва/ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади. Зўравонлик аёлларнинг жисмоний, руҳий, жинсий ва репродуктив саломатлигига ҳалокатли таъсир кўрсатиши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “аёлларга жисмоний, психологик зарар етказадиган ёки азоб-уқубатлар келтириб чиқарадиган, ёки келтириб чиқариш эҳтимоли бўлган, жинс белгиси асосида содир этилган ҳар қандай зўравонлик ҳаракатини, жумладан, хоҳ ижтимоий ҳаёт ёки хоҳ шахсий ҳаётда бўлсин, бундай ҳаракатларни содир этиш таҳдидини, мажбурлаш ёки зўрлик билан озодликдан маҳрум қилиш ҳаракати”ни аёлларга нисбатан зўравонлик, деб баҳолайди.
Ўзбекистон Республикасининг хотин-қизларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратишга, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини оширишга, қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган. Республикада самарали ташкилий-ҳуқуқий механизм яратилган, хусусан, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга асосан, хотин-қизлар тегишли органларга ёки судга мурожаат қилишлари мумкин, улар бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдамни олиш ҳуқуқига эгадир. Ушбу тоифадаги аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йилда мамлакат Президентининг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди, тазйиқ қурбонларига психологик, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам, маслаҳат ва ахборот бериш учун Ички ишлар вазирлигининг туну кун узлуксиз ишлайдиган ишонч телефони ишга туширилди.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази мамлакат аҳолиси ўртасида "Фуқаролар зўравонлик ҳақида: фикрлар, қарашлар, хабардорлик" мавзусида телефон сўрови ўтказишни бошлади. Сўровнинг мақсади мамлакатимиз фуқароларининг жамиятдаги зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабардорлик даражаси, оила ва жамиятда хотин-қизларга нисбатан шафқатсиз муносабат ва зўравонлик муаммоси, зўравонликнинг кенг тарқалган турлари ва зўравонлик қурбонига айланиш хавфи, зўравонликнинг тарқалиши ва намоён бўлишига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида, зўравонлик қурбони ёки гувоҳига айланган фуқаролар қай тартибда қайси органларга мурожаат қилиши кераклиги тўғрисида жамоатчилик фикрини аниқлаш ва ўрганиш ҳисобланади.