13.09.2022
326
Коррупциянинг олдини олишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки
Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини оширишга, жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция ҳолатларига йўл қўймасликка, жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бинобарин, коррупция мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи хавфли ижтимоий воқеликлардан бири ҳисобланади. Transparency International халқаро ташкилотининг “Коррупцияни идрок этиш индекси”да турли мамлакатларнинг коррупциялашганлик даражаси рейтингида Ўзбекистон сўнгги йилларда барқарор пастки ўринларни эгаллаб келаётганлигига қарамасдан, у коррупция юқори даражада тарқалган мамлакатлар қаторида қолмоқда. Шундай экан, давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “давлат тузумини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандаси бўлган коррупция балосига қарши, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига, одамларни менсимаслик, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши барчамиз кескин кураш олиб боришимиз керак”.
Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ва Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда ўтказган давра суҳбати “Коррупциянинг олдини олишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки” мавзусига бағишланди. Тадбирни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари – Жамоатчилик билан алоқалар, мурожаатлар билан ишлаш ва халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи У. Тухташева Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори О.Ҳусанов, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори Н.Раҳимова ва Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Г.Бобожонова кириш сўзи билан очдилар ва ўз сўзларида мамлакат Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторида жамият онгини ўзгартириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш масалалари юзасидан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Давра суҳбатида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Хаджимухамедов “Ҳудудлар ва соҳаларга оид сўровларни ташкил этиш тартиби ва босқичлари тўғрисида”, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори, ф.ф.н. Г.Бобожонова “Коррупцияга қарши курашишда ОАВнинг ўрни ва роли” мавзусидаги маърузалар билан чиқдилар. Шунингдек, “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ томонидан “Коррупция ва коррупциявий ҳолатларнинг жамият ҳаётига тарқалганлик даражаси жамоатчилик онгида идрок этилишини баҳолаш” мавзусида ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари ҳамда республика журналистларни қайта тайёрлаш марказининг “Фуқароларнинг коррупцияга қарши курашиш тўғрисида хабардорлигини ошириш: оммавий ахборот воситаларининг ўрни” лойиҳаси тақдимотлари тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Хусусан, сўров натижаларининг тақдимотида аксарият респондентлар фақат фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги, ҳар бир ўзбекистонликнинг фаол фуқаролик позициясигина коррупция хавфини камайтириш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконини беришига ишониши таъкидланди.
Давра суҳбати савол-жавоблар асосидаги қизғин мунозараларга бой бўлди. Суҳбат иштирокчилари томонидан шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатлари соҳасидаги коррупцияга қарши фаолият муаммоларини кўриб чиқиш Янги Ўзбекистоннинг замонавий шароитида алоҳида ва долзарб аҳамият касб этиши, коррупцияга қарши фақат давлат, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир фуқаронинг саъй-ҳаракатлари бирлаштирилган, барча давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари биргаликдаги профилактика ишларини янада кучайтирган тақдирдагина муваффақиятли курашиш мумкинлиги алоҳида қайд этилди.