353

ХУШХАБАР

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги байрами арафасида қутлуғ айём муносабати билан, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини ошириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати улуғланадиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландилар.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги ПФ-243-сон Фармонига асосан таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари тақдирланганларнинг бир гуруҳига тантанали равишда топширилди.

Тақдирланганлар ва эсдалик нишони топширилганлар орасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Раҳимова Нигина Хайруллаевнанинг ҳам борлиги Марказ жамоаси қалбини фахр-ифтихор ҳиссига тўлдирди.

Эсдалик нишонларини тақдирланганларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Б. Маҳкамова топширди.

Марказ жамоаси Марказ директори Н.Х.Раҳимовани ушбу эътироф билан қизғин табриклайди ҳамда уларга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, мамлакатда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантириш ишини янада такомиллаштиришда улкан зафарлар тилайди!

Мукофот муборак бўлсин!