01.10.2022
456
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Мамлакатимизда ҳар йили ҳақли равишда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланадиган 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан Сиз, азизларни муборакбод этишга рухсат этгайсизлар.
Ушбу қутлуғ айёмда Сиз, устозларга қалбимиздаги энг юксак эҳтиром ва эзгу тилакларни изҳор этамиз. Зеро, келажагимиз - ўсиб келаётган ёш авлод тақдири, эртанги кунимиз эгалари, пировард натижада мамлакатимиз истиқболи Сизнинг қўлингизда. Сиз кўзларга нур, дилларга сурур - маърифат машъаласини ёқиб, ақл-заковат ва илм, яхши тарбиядек энг бебаҳо бойлик ва ўлмас меросни барчамизга, қолаверса, ёш авлод қалбига сингдириб, халқимиз ҳаётини нурафшон қилишдек эзгу ишлар йўлида фидойилик кўрсатиб келмоқдасиз. Устоз борки, жаҳолат чекинади, илм завол билмайди, дунё олға қадам ташлайди, устоз борки, халқимиз ҳаёти чароғон ва, албатта, фаровондир! Президентимиз таъбири билан айтганда, Сиз Янги Ўзбекистонда пойдевори яратилаётган Учинчи Ренессанснинг таянч устунисиз! Сизнинг ҳам шарафли, ҳам машаққатли меҳнатингиз самараси бутун халқимиз, юртимиз истиқболини, Янги Ўзбекистоннинг ёрқин келажагини таъминлашга хизмат қилади.
Шу боисдан бугун шаънингизга билдирилаётган барча эзгу тилаклар, таъзим ва ташаккурларни Сизга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром рамзи, деб билгайсиз.
Қутлуғ байрам билан Сизни яна бир бор қутлаб, барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, бахту саодат, ишингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга файзу барака тилаймиз.
Ҳамиша соғ-омон, бор бўлинг, муҳтарам устозлар!
Байрамингиз муборак бўлсин!
“Ижтимоий фикр”
республика жамоатчилик
фикрини ўрганиш Маркази