325

«Ҳар бир инсон ичади, ухлайди, ейди, фикр юритади,

жамият эса ушбу барча вазифаларнинг мунтазам

 бажарилишидан жуда манфаатдордир».

Эмиль Дюркгейм.

 

«Социология, унинг предмети, методи, вазифаси»

 

Эмиль Дюркгейм (1858-1917) – француз социология мактабининг вакили,  классик позитивизм вакили.  Дюркгеймнинг социологик қарашларига Р. Декарт, Ш. Монтескье, И. Кант, О. Конт,  Г.Спенсер ва бошқалар таъсир кўрсатган.  

Э. Дюркгейм биринчилардан бўлиб нафақат фан сифатида социологиянинг ўрганиш мавзусини назарий асослаб берди, балки социологик тадқиқотлар методологиясини ҳам ишлаб чиқди. У социологизмни билишнинг етакчи илмий усули сифатида белгилади, механик ва органик бирдамлик концепциясини ишлаб чиқди, дин социологиясининг асосларини яратди, ўз жонига суиқасд қилиш сабабларини таҳлил қилди. Жамият Дюркгейм томонидан бир нечта муносабатларда бир-биридан ташкил топган ижтимоий фактларнинг нисбатан ажралмас тизими сифатида талқин қилинган. Жамият жамоавий онгни, жамоавий тасаввурларнии ривожлантириш орқали фаолият кўрсатади.

Дюркгейм социологияни билимнинг энг юқори даражаси деб ҳисоблаган ва уни табиий фанлар билан бир қаторга қўйган. У социология предметини  аниқлашнинг таъмал тошини қўйганлардан бири ҳисобланади, у кузатиш мумкин бўлган объектив ҳолатларни ифодаловчи ижтимоий фактларни (ижтимоий институтларни) предмет сифатида ажратиб кўрсатди: никоҳ, оила, ижтимоий гуруҳлар ва бошқалар. Ижтимоий фактлар «жамоавий тасаввурларнинг» шаклланишига ёрдам беради ҳамда онгли (субъектив) ва моддий («объектив») бирликни ўз ичига олади. Дюркгеймнинг социологик усули ижтимоий фактларни табиий фанларда бўлгани каби «нарсалар» сифатида кўриб чиқишни, уларни эмпирик тарзда ўрганишни ўз зиммасига олди. Дюркгейм тушунчасидаги жамият ўз қонунларига мувофиқ мавжуд бўлган шахсларнинг ўзаро таъсирини ифодалайди, яъни гуруҳ ўз аъзолари ажралиб чиққан ҳолларда бошқача ўйлайди ва ҳаракат қилади. Шундай қилиб, Дюркгейм  ижтимоийликнинг бирламчилиги ва  индивидуалликнинг иккиламчилиги  тўғрисида хулоса чиқаради. Инсоннинг хулқ-атвори жамиятнинг ижтимоий жипслиги билан белгиланади, инсонда иккита тамойил тўқнашади ва ўзаро таъсир қилади: ижтимоийлик ва индивидуаллик. Жамиятдаги ижтимоий жипслашувнинг пасайиши билан инсон қадрият йўналишларини йўқотади, бу эса аномияга олиб келади. Аномия – бу  қонун, ташкилот, хулқ-атвор нормаларининг йўқлиги. Э.Дюркгейм бундай ҳолатлар инқироз ва туб ижтимоий ўзгаришлар даврида, одамлар улардан кутилган нарсага ишончини йўқотганда ва ўз ҳаракатларини келишилган меъёрлар нуқтаи назаридан шакллантириш қийин бўлганда вужудга келишига эътибор қаратади.

Дюркгеймнинг илмий ижоди бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда ва тадқиқотчиларда қизиқиш уйғотишда давом этмоқда. Ушбу нашрни ижтимоий фан ва жамият учун ниҳоятда долзарб бўлган ушбу ижодкорликни ўрганишга қўшган камтарона ҳиссаси деб ҳисоблаш мумкин.Китоб ҳозирги шаклида уч қисмдан иборатдир. Биринчиси, асл нашрда бўлгани каби, жаҳон социологик классикасининг дурдоналаридан бири, 1895 йилда илк марта нашр қилинган Дюркгейм социологиясининг манифести –  «Метод социологии» китобидан  (асл нусхада «Правила социологического метода») иборатдир. Қайд этилган «Социология и философия» тўплами иккинчи қисмни ташкил этади. Учинчи қисм китобнинг аввалги нашрларида чоп этилган этилган, таъкидланган тўпламга киритилмаган мақолаларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, китобга «Социология Эмиля Дюркгейма»  номли кириш мақоласи ва эслатмалар, шу жумладан янги нашр этилган матнларга изоҳлар киритилган.