240

Бугунги кунда Ўзбекистон жамоатчилик фикри социологияси олдида жаҳон социологик фани томонидан тўпланган тажриба асосида маҳаллий ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда амалий социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказишнинг илмий-амалий асосларини ишлаб чиқишдек муҳим вазифа турибди.


2022 йил 4 ноябрь куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинарининг халқаро мажлиси ўтказилади. «Янги Ўзбекистон: Ўзбекистон жамиятининг замонавий жараёнларига социологик нигоҳ» мавзусидаги семинар мажлиси академик олима Раъно Аҳатовна Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлар доирасида ўтказилади, унда Ўзбекистон, яқин ва узоқ хориж мамлакатларининг таниқли олимлари ва жамоат арбоблари, социологлар, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, файласуфлар, психологлар, демографлар иштирок этиши режалаштирилган.

Семинарда видеоматериал ва янги илмий нашрлар тақдимоти ўтказилади:
-“Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш: қадамма-қадам” монографиясида Марказ фаолиятининг назарий-услубий жиҳатлари, шунингдек, Марказ ходимлари томонидан ташкилотнинг бутун фаолияти давомида амалга оширилган ўқув-услубий, халқаро ҳамкорлик, нашриёт ва ахборот ишлари атрофлича ёритилган. Шунингдек, Марказ томонидан 1998-2022 йиллар давомида ўтказилган кўп сонли социологик сўровлар тўғрисида маълумотлар берилган.

Академик Раъно Аҳатовна Убайдуллаева номидаги Биринчи социологик ўқишларнинг илмий мақолалари тўплами “Янги Ўзбекистон: Ўзбекистон жамиятининг замонавий жараёнларига социологик нигоҳ” деб номланган, унда мамлакатимиз ва хорижлик тадқиқотчи олимларнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларини амалиётга татбиқ этиш давомида юзага келаётган масалалар акс эттирилган илмий мақолалари тақдим этилган. Китобда Ўзбекистон жамиятининг ижтимоий-сиёсий ҳаётини ислоҳ қилиш билан боғлиқ ҳолда ижтимоий соҳани трансформациялашнинг назарий ва амалий муаммолари кенг ёритилган.

Семинар 2 хил: оффлайн (Тошкент ш., Мустақиллик майдони, 5/3, 5-қават, мажлислар зали) ва (ZOOM платформасидан фойдаланган ҳолда) онлайн шаклда ўтказилади.