358

Эй ел, бориб аҳбобқа номимни дегил!

Ҳар ким мени билса, бу паёмимни дегил!

Мендин демагил гар унутултон бўлсам,

Ҳар кимки мени сўрса, саломимни дегил!

 

Улким, анга илм ичра ғолиб йўқтур,

Дерларки, бери келурға роғиб йўқтур.

Дедимки, бу сўз рост эмастур, негаким,

Толибни тилар андаки, толиб йўқтур.

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур (ўзб. Zahiriddin Муҳаммад Bobur; араб. ﻇَﻬﻴﺮْﺍَﻟَﺪّﻳﻦمُحَمَّدْبَابُرْ‎, «Бобур» сўзи «шер, саркарда, қоплон» маъносини англатади ва форсча ْبَبْر (babr) - «йўлбарс» сўзидан келиб чиққан, 1483 йил 14 февраль – 1530 йил 26 декабрь). Буюк шоир ва қомусий олим, машҳур давлат арбоби, моҳир саркарда. Бобурийлар сулоласи ва Империясининг асосчиси. Тўлиқ тахт номи: ас-Султон ал-Аъзам ва-л-Ҳакан ал-Муқаррам Зaҳир ад-дин Муҳаммад Жалол ад-дин Бобур, пoдшоҳ-и-Ғозий.

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур – ўзбек шоири ва қомусий олим, машҳур давлат арбоби, моҳир саркарда, ўзбек миллий адабиётининг буюк намоёндаларидан бири.

Бобур шеъриятида инсон ахлоқи ва маънавий камолоти масалалари ҳам тилга олинган. Шоир инсонни юксалтиради, унга катта ҳурмат билан қарайди, инсон қадр-қимматини юксак қўяди. У бунга зид бўлган нарсаларни рад этади. Бобурнинг фикрича, худбинлик, иззатталаблик, очкўзлик, манманлик инсонни ҳалок қилувчи бўлмағур фазилатлардир. Шоир одамларга самимий маслаҳатлар беради. Ўз рубоийларида у инсон ўзида энг яхши ахлоқий фазилатларни қандай тарбиялаши кераклиги ҳақида гапиради.

Шоир шу мавзуга тўхталиб, инсон ҳаётининг асосий мақсадини меҳр-оқибат, саховат, олижаноблик ва ҳалолликда кўради. Дўстликни у инсон сифатининг энг муҳим жиҳати ва душманга қарши курашдаги қудратли куч деб ҳисоблайди.

Бобур асарларининг бадиий тили ҳақида гапирганда, унинг соддалиги, оммабоплиги, аниқлиги ва лўндалигини қайд этиш лозим. Шоир баландпарвоз иборалар ва мураккаб ифодаларни ёқтирмайди. Бобур тилининг соддалиги унинг ижоди, ҳис-туйғу ва кечинмаларининг ўқувчилар томонидан аниқ идрок этилишига хизмат қилади.

Бобур маъносиз гап сотишлардан қочишга, ўз фикрини қисқа, аниқ ва содда ифода этишга, одамнинг ўзи тушунмайдиган сўзларни ишлатмасликка чақиради. Хусусан, у шундай таъкидлайди: «Оддийроқ, аниқ ва соф бўғин билан ёзинг: сизга ҳам, ўқиган одамга ҳам осонроқ бўлади».

Албатта, «Бобурнома»дан олинган ушбу сатрлар Бобурнинг ижодий маҳорати унинг насрий асарининг тасвирий тилига чуқур ва катта таъсир кўрсатганидан, бу унга катта бадиий гўзаллик ва кенг шуҳрат бағишлаганидан далолат беради.

Бобурнинг ижодий маҳорати бадиий-адабий услубда, она тилининг энг ифодали воситаларидан моҳирона фойдаланишда ва халқ ижодиёти манбаларини ижодий тасаввур қилишда ўз ифодасини топади.

ШОИР ҲИКМАТЛАРИДАН

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.

Кўнглингни динларнинг муҳокама майдонига айлантирма. Адолат ўрнатишда инсонларнинг эътиқодига чуқур ҳурматда бўл.

Шафқатсиз киши азобга лойиқдир.

Яхши кишиларни Яратган яхши дўстлар билан сийлайди.

Давлат учун кўнгулни зор этма, иззат учун ўзунгни хор этма.

Давлатқа етиб меҳнат элини унутма, Бу беш кун учун узунгни асру унутма.

Кўпчилик баҳодирлар қанчалар кучли бўлмасинлар, улар ҳаргиз ўз жаҳллари ва қўрқувларидан устун кела олмайдилар.

Ёнмағил айтгон ҳадисингдин, Тонмагил айтғон ҳадисингдин.