297

Замонавий Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ўрни

Замонавий дунёда аёлнинг ўрни қандай? Инсоният пайдо бўлибдики, мудом шу саволга жавоб излайди. Бугунги шиддатли дунё – инновацион технологиялар, тараққиёт ва кашфиётлар асрида эса бу масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Оила фариштаси, суюкли рафиқа ва муҳтарама она – асрлар давомида аёл мана шундай ташбиҳлар билан эъзозлаб келинади. Бугунги дунёда аёлнинг бизнес ва сиёсатдаги иштироки, унинг дунёдаги жараёнлар, фан ва техника тараққиётига таъсири ҳеч кимни ажаблантирмайди ҳам.

Хўш, замонавий аёл қандай бўлиши керак? Аёл ҳаётининг моҳияти,  унинг ҳаётда, оила ва жамиятда тутган ўрни нималардан иборат эканлигини қандай англаш мумкин?

8 Март - Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Замонавий Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ўрни тўғрисида жамоатчилик фикри» мавзусида социологик сўров ўтказишни бошлади. Сўровнинг мақсади сўнгги йилларда умуман Ўзбекистон жамиятида, хусусан, оилада, касбий, илмий ва ижодий ҳаётда хотин-қизларнинг ўрни қандай ўзгарганлиги, шунингдек, ҳаётий воқеликда аёл қандай мураккабликларга дуч келаётгани ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳисобланади.