439

ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ НАВРЎЗ БАЙРАМИ ҲАҚИДА

Ҳамма вақт баҳорнинг келиши одамлар ҳаётидаги энг қувончли воқеалардан бири бўлган. Турли халқлар уни турлича нишонлашган. Аммо ҳамма ушбу воқеани ҳаётнинг хурсандчилиги, серҳосил йилга умид қилиш, табиатнинг қайта жонланиши байрами сифатида тантана қилишган.

Наврўз – Ўзбекистонда эзгулик, меҳр-оқибат ва гуллаб-яшнаш даври.

Эзгулик ва адолат тантанаси, илиқликнинг совуқлик (бепарволик) устидан ғалабаси – Ўзбекистонда Наврўз байрамининг асл ғоясидир. Ахлоқий покланиш байрами. Наврўз ёруғ кунларга умид ва келажакка ишонч билан яшашга чақиради. Ўзбекистонда ушбу байрамнинг бой анъаналари асрлар давомида шаклланган ва ҳозирги вақтда ҳам йўқолмаган.

Ўзбекистонда "Наврўз" байрами арафасида "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази "ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ НАВРЎЗ БАЙРАМИ ҲАҚИДА" мавзусида социологик тадқиқот ўтказишга киришди, унинг устувор мақсади фуқароларнинг Наврўз байрамига муносабатини, мамлакат аҳолисининг олдинда турган дам олиш кунлари учун режаларини ҳамда фуқароларнинг кайфияти ва уларнинг орзу-умидларини аниқлашдан иборат.