16

САТI ТАДҚИҚОТЛАРИ БЎЛИМИДА СЎРОВНОМАЛАР ЎТКАЗИШ ВА МАЪЛУМОТЛАРНИ СИФАТЛИ ЙИҒИШ БЎЙИЧА НАВБАТДАГИ АМАЛИЙ ТРЕНИНГ

8-9 октябрь кунлари «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг CATI (телефон сўровлари) тадқиқотлари бўлимида интервьюерларнинг касбий тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш ҳамда тадқиқотлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган навбатдаги амалий ўқув-тренинг машғулотлари ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – телефон сўровларини ўтказиш жараёнида юзага келадиган муаммоли ҳолатларни тизимли равишда таҳлил қилиш, интервьюерларнинг мулоқот маданияти ҳамда методик кўникмаларини такомиллаштиришдан иборат бўлди. Машғулотлар давомида иштирокчиларнинг назарий билимлари, амалий тайёргарлиги ва иш тажрибаси асосий учта устувор йўналиш доирасида атрофлича баҳоланди.

Биринчи навбатда, интервьюерларнинг сўровнома ўтказиш маҳорати ва респондентлар томонидан бериладиган саволларга тайёрлик даражасига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда CATI платформасидан унумли фойдаланиш, респондентлар билан психологик жиҳатдан тўғри мулоқот ўрнатиш, сўровнома саволларини мазмунан холис ҳамда бетараф тарзда етказиш кўникмалари синовдан ўтказилди. Сўров жараёнида юзага келадиган мураккаб ва кутилмаган вазиятларда интервьюернинг профессионал вазминликни сақлаган ҳолда методик талаблар доирасида аниқ жавоб бера олиш қобилияти ҳар томонлама таҳлил қилинди.

Ўқув жараёнининг иккинчи муҳим йўналиши сўровлар давомида учрайдиган жиддий ва енгил хатоликларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш ва уларнинг олдини олиш масалаларига бағишланди. Интервьюерлар методик четланишлар ҳамда кичик техник камчиликлар ўртасидаги фарқни тўғри баҳолаш, респондентлар жавобларини англаган ҳолда, ўзгартиришларсиз ва холис қайд этиш мезонлари бўйича ўз билимларини амалда намойиш этдилар. Йўл қўйилган хатолар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари батафсил кўриб чиқилиб, уларни бартараф этишнинг амалий ечимлари муҳокама қилинди.

Учинчи йўналиш доирасида эса аудиoёзувларни тинглаш ва уларни чуқур таҳлил қилиш орқали сўровномаларда йўл қўйилган хатоликларни аниқлаш кўникмалари баҳоланди. Ёзиб олинган суҳбатлар аудиоёзувларини эшитиш жараёнида мулоқот оҳанги, саволларни тақдим этиш кетма-кетлиги ва жавобларни белгилашда йўл қўйилган камчиликларни тезкор аниқлаш, уларни муҳокама қилиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича манзилли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўқув-тренинг машғулотларини CATI тадқиқотлари бўлими бошлиғи Шерзод Бобоев, Дала тадқиқотлари ва маълумотлар сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Умида Халикова ҳамда «Математик моделлаштириш ва таҳлил» бўлими бош таҳлилчиси Равшан Исломбaевлар олиб бордилар.

Ўқув-тренинг якунида ҳар бир интервьюернинг кучли ва ривожлантирилиши лозим бўлган жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг шахсий рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилди. Шунингдек, бўлим фаолиятини янада такомиллаштириш, интервьюерлар масъулиятини ошириш ҳамда тўпланаётган социологик маълумотларнинг ишончлилиги ва холислигини таъминлашга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар белгилаб олинди.

Бундай тизимли ўқув машғулотларининг ўтказилиши марказ томонидан амалга оширилаётган социологик тадқиқотлар сифатини юксалтиришга хизмат қилади.