449

Жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики, Ватан ҳимоячилари куни бўйича жамоатчилик онгида мардлик ва Ватанга садоқат рамзи бўлган давлат байрами ҳақидаги тасаввур шаклланган ва бу байрам ўзбекистонликлар томонидан фахр-ифтихор ва барча ҳимоячиларга, бугун Ўзбекистон сарҳадлари ҳимоясида турган, ўз жанговар постида хизмат вазифасини ўтаётган Ватанимизнинг содиқ ўғлонлари ва ҳақиқий ватанпарварларига юксак ҳурмат руҳида нишонланади.
Сўров давомида унинг аксарият иштирокчилари қайд этдиларки, Ватан ҳимоячилари куни — бу барча ҳарбий хизматчиларнинг, ўз мамлакати ҳимоясига дахлдор бўлган ёки Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида хизмат қилган юртдошларимизнинг касб байрамларидир. Фуқаролар билдирган фикрга кўра, бу кунда касб-кори ва ёшидан қатъи назар барча эркакларни табриклаш одатга айланган.
Барча замонларда мардлик, қаҳрамонлик ва шон-шараф ўзбек халқининг кўп асрлик тарихида ажралмас таркибий қисм ҳисоблаб келинган ва Ватан ҳимоячилари куни, респондентларнинг фикрича, бизнинг ҳар биримизга фуқаролик бурчимиз ва асл эркакларнинг юксак вазифаси – тинчлик ва тотувликни сақлаш эканлигини ёдга солишга даъват этилгандир.
Ватан ҳимояси барча замонларда ҳар бир эркакнинг шарафли ва масъулиятли вазифаси ҳисоблаб келинган, мамлакат фуқароларининг мутлақ кўпчилиги Қуролли Кучларда хизмат қилиш, ёши ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир йигитнинг муқаддас, ватанпарварлик бурчи ҳисобланади, деб ишонади.
Фуқароларнинг фикрига асосан, армияда хизмат қилиш – ҳар бир эркакнинг таржимаи ҳолида муҳим босқичдир, айнан армияда йигитлар ҳақиқий эркак бўлиб етишадилар, яхшигина ҳаёт мактабини ўташади, бу мактаб нафақат жисмоний жиҳатдан тоблайди ва улғайтиради, балки ўзига ишонган, мустақил, эркин бўлиб етишишга имкон беради, кўплаб янги кўникмалар орттиришга, ўзини намоён этишга имконият яратади.
Жамоатчилик фикри сўрови давомида олинган маълумотлар таҳлилида аниқланишича, жамиятда ҳарбий хизматчининг ижобий қиёфаси шаклланмоқда, ҳарбий хизматни, баъзан ҳаётини хатарга қўйиб бўлса-да, ўтаётган ва қўлда қурол билан фуқароларнинг тинч ҳаёти, осойишталиги ва фаровонлигини муҳофаза қилаётган ҳарбийларга нисбатан кўпчилик ўзбекистонликлар чуқур ҳурмат билан муносабатда бўладилар. Олинган натижалар Ватан ҳимоячисининг юқори ижтимоий мақомидан далолат беради.
Ўзбекистонда умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизматни ўташ қонунчилик даражасида мустаҳкамланган. Умумий ҳарбий мажбурият йигитларни Ўзбекистон Республикаси мудофаасига мажбурий тайёрлашда ифодаланади ва Қуролли Кучларнинг тўлдирилиши мақсадида ўрнатилади. Мамлакат фуқароларининг мутлақ кўпчилиги – 70,7% армиядаги хизмат барча йигитлар учун мажбурий бўлиши ва ҳар бир ҳақиқий эркак армияда хизмат қилиши керак, деб ҳисоблайди.
Жамиятда мамлакат Қуролли Кучлари имижи тавсифларининг ошиши ва мустаҳкамланиши ўтказилган сўров натижалари билан тасдиқланади, аксарият фуқаролар “Марҳамат қилиб, айтинг-чи, Сиз ўғлингиз, ака-укангиз, турмуш ўртоғингиз ёки бошқа яқин қариндошингиз Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилишини хоҳлармидингиз?” деган саволга ижобий жавоб бердилар. Армиянинг қиёфаси мамлакат аҳолисининг назарида кўпинча ижобий, ушбу тенденция ёшлар ва уларнинг ота-оналарининг армияга муносабатида ифодаланмоқда, ҳозирги пайтда армияда хизмат қилиш уларнинг асосий қисми учун нуфузли ҳисобланади.
Бу ҳарбийлик касбининг юқори мақомидан, Қуролли Кучларда хизмат қилиш нуфузли ҳисобланиши ва армияда хизмат қилган йигитларнинг истиқболда касбий ўсишига ёрдам беришидан далолат беради.
Тадқиқот давомида мамлакатнинг чақириққа асосан ёки шартномага кўра ҳарбий хизматни ўтаган эркак аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги ҳарбий хизмат тўғрисидаги фикри аниқланди. Олинган маълумотларга кўра, эркакларнинг кўпчилиги (97,9%) кўнгилли равишда, ўз хоҳишига кўра Ватан олдидаги бурчини адо этган ва мамлакат Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган.

Жамоатчилик фикри сўрови давомида сўров иштирокчилари қуйидаги фикрларни билдиришди:


-Мен таълим олган Тошкент давлат педагогика университетида ҳарбий кафедра бўлишига қарамасдан, армияга хизмат қилишга бордим. Қуруқликдаги қўшинларда, мотоўқчилар бригадасида хизмат қилдим. Армияда хизмат қилиш ҳар бир эркак учун муҳим ҳаётий тажриба берадиган яхши мактаб вазифасини ўтайди, деб ҳисоблайман.

Ўқитувчи, Тошкент шаҳри.

-Мен ФВВнинг махсус муҳандислик-қурилиш бошқармасида хизмат қилдим. Мени ҳақиқий эркак қилиб тарбиялаган ва кўпгина ҳаётий зарур кўникмаларни берган командирларимдан беҳад миннатдорман. Хизмат даврида бой ҳаётий тажриба ва кўпгина қурилиш мутахассисликларини эгалладим.

Тадбиркор, Самарқанд вилояти

-Мен Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларида хизмат қилдим, подполковник унвонида захирага чиқдим. Армиядаги хизмат — бу энг аввало тартиб-интизом, қатъий феъл-атвор ва Ватанга ҳамда ўз халқига бўлган чексиз муҳаббатдир.

Пенсионер, Қарши шаҳри.

-Институтга киролмадим ва армияга кетдим. Сержант унвонида демобилизация қилиндим. Тиббиёт институтига кирдим, мутахассислигим бўйича ишлаяпман. Хизматдошларим билан муносабатим яхши эди. Жанговар топшириқларни жазирама қуёш остида барча аскарий анжомлар билан тўлиқ жиҳозланган ҳолда бажаришга тўғри келарди. Мен армиядаги тажрибамни жуда қадрлайман ва, агар зарурат туғилса, яна бир бор хизмат қилишга тайёрман. Ҳар бир эркак армияда хизмат қилиши ва Ватан олдидаги ўз фуқаролик ҳамда ўғиллик бурчини бажариши шарт. Менинг ўғилларим ҳам улғайишгач, албатта, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишади. Менинг катта бувам хизмат қилган, 45 йилда Берлингача борган, бобом ва отам хизмат қилишган, менинг ўғилларим ҳам хизмат қилиши керак!

Шифокор, Бухоро

Мамлакат эркак аҳолисининг сўрови шуни кўрсатдики, уларнинг мамлакат Қуролли Кучларидаги ҳарбий хизмат бўйича шахсий тажрибаси ижобий ва фойдали деб қабул қилинади. Сўров иштирокчиларининг фикрича, армиядаги хизмат йигитларга жуда катта фойда беради, улар учун янги истиқболлар ва имкониятлар эшигини очади, содиқ ва ишончли дўстлар топишга, улғайишга ва янада масъулиятлироқ ҳамда батартиброқ бўлишга имкон беради. Сўров қатнашчилари армия қатъиятли ва мард, Ватанга содиқ бўлишга ўргатади, деб ҳисоблайдилар. Армиядаги тартиб-интизом ҳали ҳаётий қадриятлари тўлиқ шаклланмаган йигитларни ўзи учун, ўз хатти-ҳаракати учун жавоб берадиган, керак бўлганда Ватан ҳимоясига қодир ҳақиқий эркаклар қилиб тарбиялайди. Респондентларнинг фикрича, хизматни ўташ даврида йигитлар нафақат маънан, балки жисмонан ўзгарадилар, улар кучли, бардошли бўлиб шаклланадилар, кундалик жисмоний юкламалар, спорт машғулотлари, мақбул, фойдали озиқ-овқат ва кун тартибига сўзсиз риоя қилиш организмнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради. Сўров иштирокчилари армиядаги хизмат кўпчилик йигитлар учун ҳарбий, ўт ўчирувчи, ФВВ ёки ЙҲХБ ходими бўлиб етишишида биринчи пиллапоя бўлиб қолади, деб ҳисоблайдилар.

- Армиядаги хизмат мен учун осон бўлмади, айниқса, бошланишида, лекин кейин бир неча ойлик мослашувдан сўнг ҳаммаси изга тушиб кетди. Хизматда энг муҳим нарса – бу хизматдош дўстингнинг елкасини ва ўзаро ёрдамини ҳис қилиб туриш. Бу мен учун шунчаки сўзлар эмас, хизматдош дўстларим мен учун жуда яқин ва қадрдон бўлиб қолишди, йиллар ўтган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги билан ҳамон дўстона муносабатдамиз, уларнинг икки нафари эса тижоратдаги ҳамкорларим бўлиб қолишди.

Тадбиркор, Навоий шаҳри

- Мен қатъий ишонч билан айта оламанки, армияда ҳар бир йигит хизмат қилиши керак, у армияда ҳақиқий ҳаёт мактабини ўтайди, тартиб-интизомга ва масъулият ҳиссига ўрганади. Хизматни ўтаган эркак кучли бўлади, у ўзини, оиласини, уйини муҳофаза қила олади.

ОТМ талабаси, Нукус шаҳри.

- Бугунги ёшлар ҳаётида сирти ялтироқ бўлса-да, зимдан йўлдан оздирадиган нарсалар жуда кўп, армия ёшларни нафақат улардан муҳофаза қилади, балки уларга нисбатан иммунитетни ҳам тарбиялайди, ёшларни тартибга солади. Бундан ташқари, армиядаги хизматнинг шарофати туфайли бу ҳаётда мен нима билан шуғулланишишни хоҳлаётганимни тушундим ва яхши касбни эгалладим, институтни тугатдим, уйландим.

Давлат хизматчиси, Фарғона вилояти

- Бугун армияда хизмат қилиш масаласи ҳар қачонгидан кўра ҳам долзарброқдир, ҳар бир ҳақиқий эркак ўз бурчини бажариши ва армияда хизмат қилиши керак. Барчамиз қўшни мамлакатларда нималар содир бўлаётганлигини кўриб турибмиз, Ўзбекистонни, мустақиллигимизни ҳимоя қилиш учун бизнинг армия кучли ва қудратли бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир йигит ҳарбий хизматни ўташи лозим.

Фермер, Тошкент вилояти

Умуман олганда, ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари шуни кўрсатдики, Ватан ҳимоячилари куни кўпчилик ўзбекистонликлар учун муҳим сана ҳисобланади, у фуқаролар томонидан замонавий Ўзбекистоннинг асосий байрамларидан бири, мардлик, ватанпарварлик ва ўз мамлакати ҳамда халқига садоқат рамзи сифатида қабул қилинади. Олинган натижалар шуни тасдиқлайдики, ўзбекистонликлар юртимизда мамлакат мустақиллиги ва хавфсизлигини, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилишга ва фуқароларнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашга қодир замонавий, жанговар армия ташкил этилганлиги билан фахрланадилар. Сўров иштирокчилари шунга қатъий ишонадиларки, Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ватанимиз мустақиллигининг, халқимиз тинч ҳаёти ва унинг фаровонлиги, шунингдек, демократик ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилишининг ишончли кафолати ҳисобланади.