13.10.2020
473
Тадқиқотнинг мақсади: мамлакат фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқи тўғрисидаги фикрини аниқлаш.
Умумий маълумотлар: Жамоатчилик фикри сўровида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар сўралди, улардан эркаклар - 58,4% ва хотин-қизлар - 41,6%ни ташкил этди.
Сўралганларнинг ёш таркиби: 18-24 ёшдагилар – 15,1%, 25-34 ёшдагилар – 24,5%, 35-44 ёшдагилар – 29,9%, 45-54 ёшдагилар – 15,8%, 55 ёш ва ундан катталар – 14,7%.
Сўровнинг умуммиллий репрезентативлиги 4% хатолик ва 96% ишончлилик даражасида мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан тасодифий стратификацияланган танлаш усулидан фойдаланиш орқали таъминланди.
Маълумотларни тўплаш Марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ягона андазавий саволнома асосида телефон сўрови ўтказиш орқали амалга оширилди.
ТАДҚИҚОТНИНГ АСОСИЙ НАТИЖАЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 75 - юбилей сессиясининг ялпи мажлисида видеомурожаат шаклида нутқ сўзлади.
Давлатимиз Раҳбари мажлис иштирокчиларига мурожаат қила туриб, Бош Ассамблеянинг етмиш бешинчи сессияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида биринчи марта бутунлай янги форматда – коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот режимида ўтаётганлигини қайд этди. Президентнинг фикрича, сайёрамиз миқёсидаги бундай глобал фалокат бутун инсониятнинг глобал таҳдидлар олдидаги ожизлигини намоён қилди, «барчамиз ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англадик.
Мамлакат Президенти ўз чиқишида хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги халқаро ҳамкорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтиришга эътибор қаратди ва Ўзбекистоннинг дунёдаги барча мамлакатлар билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликка ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантиришга доимо тайёрлигини алоҳида қайд этди.
Ўтказилган телефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, мамлакат фуқароларининг кўпчилиги - 73,7%, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларида, Интернет тармоғида намойиш этилган, даврий матбуотда ҳамда барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган нутқи билан танишган.
Давлат Раҳбарининг чиқишига мамлакат фуқаролари билдирган қизиқишнинг юксак даражаси фуқароларнинг мамлакатда ва дунёда юз бераётган барча жараёнларга ва кенг миқёсли ислоҳотларга ўз дахлдорлигини ҳис қилаётганидан далолат беради. Айниқса, дунё миқёсидаги воқеаларга ва уларда Ўзбекистоннинг иштирокига қизиқиш ўзбекистонликларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида янада фаолроқ иштирок этишга тайёрлигини ҳамда фуқароларнинг воқеалар ва ислоҳотларнинг боришига, шунингдек, муҳим аҳамиятга молик қарорлар қабул қилинишига таъсир кўрсатишга қодирлигини кўрсатади.