19.06.2020
504
Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича Комиссиясининг иш режаси доирасида мамлакат хотин-қизларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари юзасидан фикрини ўрганиш, шунингдек, хусусий секторни ривожлантириш ва тадбиркор аёлларни қўллаб қувватлаш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида тадқиқот иштирокчиларининг тасаввурларини аниқлаш.
Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 3-9 июнь кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 442 нафар респондентлар сўралди.
Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.
Телефон сўрови ўтказиш пайтида 46,2% хотин-қизларнинг барқарор маош тўланадиган доимий ишга эгалиги аниқланди. Уларнинг меҳнат бозоридаги ҳолати аҳолининг бошқа гуруҳлари каби ишдаги эҳтиёж, иқтисодиётнинг ушбу ижтимоий-демографик гуруҳга мансуб ходимларга талаби, хотин-қизларнинг рақобатбардошлиги, уларнинг малакавий даражаси, меҳнат бозорининг ўзгараётган шароитлари ва талабларига, жумладан, касбни, иш жойини, иш тартибини ўзгартиришга лаёқати билан белгиланади.
Умуман олганда, телефон сўрови Ўзбекистонда аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари ишончли ҳимояланган, деган хулосага келиш имконини беради. Кўпчилик респондент аёллар ҳатто пандемия муносабати билан жорий қилинган карантин чекловлари даврида ҳам иш берувчи томонидан уларнинг меҳнат ҳуқуқларига тўла даражада риоя қилинганлиги, санитар-эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, меҳнат фаолиятларини давом эттиришлари учун тегишли шарт-шароитлар яратилганлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон хотин-қизлари меҳнат фаолиятини ўз ижтимоий мақомини ошириш, ижодий салоҳиятларини рўёбга чиқариш ва оилалари фаровонлиги даражасини оширишдаги имконият сифатида қабул қиладилар. Кўпчилик ишловчи аёллар иш учун меҳнат ҳақини тўла ҳажмда олишларини, оилавий ёки бошқа сабабларга кўра таътилга чиққан респондент аёллар эса иш берувчи томонидан ҳеч қандай тазйиқ сезмаганликларини билдиришди.
Сўралган кўпчилик аёллар жаҳондаги коронавирус инфекцияси пандемиясига қарамасдан ўз оилаларининг моддий фаровонлиги ва молиявий барқарорлигига ишонадилар.