6

Ўзбекистон ёшлари: фаоллик, келажакка ишонч ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш

30 июнь куни Ўзбекистонда Ёшлар куни нишонланади. Бу байрам давлатнинг янги авлодга бўлган эътиборини рамзийлаштиради, унинг мамлакат ривожидаги ўрни эътироф этилишини таъкидлайди ҳамда ҳар бир ёш йигит-қизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратишга бўлган интилишни акс эттиради. Таълим, бандлик ва тадбиркорлик, спорт, ижодиёт ва бўш вақтни мазмунли ташкил этиш, ижтимоий ҳаётда иштирок этиш ҳамда инновациялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшларнинг имкониятларини кенгайтирмоқда. Бу орқали ёшларнинг мамлакат ҳаётидаги бунёдкорлик роли, уларнинг фаоллиги ва ижтимоий жараёнларга жалб этилганлиги эътироф этилмоқда.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон ёшларининг фаоллиги, уларнинг ижтимоий кайфияти, қадриятлари ва ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ислоҳотларга бўлган муносабатини аниқлаш мақсадида мунтазам равишда социологик тадқиқотлар ўтказиб келади.

Ёшлар ижтимоий ҳаётда қанчалик фаол?

Ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, Ўзбекистонда ёшлар ижтимоий ҳаётга сезиларли даражада қизиқиш кўрсатмоқдалар, ўз позицияларини ифодалаш учун замонавий рақамли майдонлардан фаол фойдаланмоқдалар ва ижтимоий фаолиятнинг турли шаклларида иштирок этмоқдалар. Респондентларнинг кўпчилиги (72,5%) ижтимоий-сиёсий кун тартибини кузатиб бормоқда. Мамлакат ҳаётига бўлган қизиқиш йигитларга ҳам, қизларга ҳам бирдек хос бўлиб, ёши улғайгани сари ижтимоий ҳаётга бўлган қизиқиш янада кучаймоқда.

Ёшларнинг салмоқли қисми ижтимоий фаолликнинг реал шаклларига ҳам жалб қилинган. 61,5% сўралганлар, айниқса, маҳалла, ижтимоий, сиёсий ёки ёшлар ташкилотлари фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий фаолликнинг энг кенг тарқалган йўналишлари волонтёрлик, ўз маҳалласи ҳаётида иштирок этиш, спорт ва маданий тадбирлар, хайрия лойиҳалари ҳамда экологик фаоллик ҳисобланади.

Ижтимоий аҳамиятга молик масалаларнинг оммавий муҳокамасида ўз қарашларини ифодалаш учун ёшлар замонавий рақамли технологиялар ва коммуникация воситаларидан фаол фойдаланмоқдалар. Сўралганларнинг 80 фоиздан ортиғи ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва платформалардан муҳим ижтимоий масалалар бўйича ўз фикрини билдириш майдони сифатида фойдаланади. Ёшлар орасида Instagram (85,9%), Telegram (66,6%) ва YouTube (46,8%) платформалари етакчилик қилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, коммуникациянинг замонавий воситалари ёшлар ижтимоий мулоқотининг муҳим қисмига ва ўзини намоён қилиш каналига айланмоқда.

Жамоатчилик фикри сўровининг натижалари шуни ишонч билан кўрсатдики, Ўзбекистон ёшлари ижтимоий жиҳатдан фаол, мамлакат ҳаётига қизиқувчан ва ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларда иштирок этишга тайёр эканлигини намоён этмоқда. Бу уларнинг юз бераётган воқеаларга нафақат қизиқишида, балки амалий хатти-ҳаракатида ҳам ўз аксини топмоқда.

Ёшлар ислоҳотларни ва ўзи учун яратилган имкониятларни қандай баҳолашмоқда?

Ёшларнинг бевосита фикри ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини баҳолашнинг муҳим кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ёшлари умуман олганда сўнгги йиллардаги ислоҳотларни ижобий идрок этади ва ўзининг таълими, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, ижтимоий фаоллиги ҳамда профессионал ўсиши учун яратилаётган шарт-шароитларни юқори баҳолайди. Хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатининг юқори даражада қўллаб-қувватланишининг (95,7%) умумий замирида, сўров иштирокчиларининг асосий кўпчилиги (84,8%) мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришларга нисбатан ижобий муносабат билдирмоқда.

Ислоҳотларга ишончнинг ёшларга хос бўлган бундай юқори даражасига нималар сабаб бўлмоқда? Сўров иштирокчиларининг аксарияти (89,9%) ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тасаввурга эга. Шу билан бирга, улар мамлакатда ўз салоҳиятини намоён этиш учун яратилган имкониятларни юқори баҳолайдилар, бу, энг аввало, - спорт билан шуғулланиш учун яратилган шарт-шароитлар, олий маълумот олиш ва ижод билан шуғулланиш имкониятларидир.

Ислоҳотлар ёшлар томонидан нафақат умумдавлат миқёсидаги ўзгаришлар, балки шахсий ҳаётига таъсир кўрсатадиган реал имкониятлар сифатида идрок этилаётгани алоҳида аҳамиятга эга: 87,3% ёшлар амалга оширилаётган ўзгаришларни ўз ҳаётидаги ижобий янгиланишлар билан боғлашди.

Ёшлар ислоҳотларнинг энг сезиларли натижалари қаторида, энг аввало, таълим дастурлари, грантлар, стипендиялардан фойдаланиш имкони ошганини ва хорижда таҳсил олиш имкониятлари кенгайганини алоҳида қайд этишди.

Шу билан бирга, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари келгусидаги ривожланиш устуворликларини белгилашга ҳам имкон беради. Ёшларнинг фикрига кўра, таълим ва касбий тайёргарликка (63%), ишга жойлашиш имкониятларига (52,8%), тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга (42%) алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу йўналишлар ёшларнинг касбий фаолиятини йўлга қўйиш, муносиб бандлик ва иқтисодий мустақилликка эришиш учун амалий имкониятларга бўлган талабини акс эттиради.

Ёшлар ўзининг ижтимоий кайфиятини қандай баҳолашмоқда?

Ёшларнинг ижтимоий кайфияти уларнинг жамиятдаги мавқеи, моддий имкониятлари, ҳаётий истиқболлари, оилавий фаровонлиги ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилган шарт-шароитларни қандай баҳолашини акс эттиради. Умуман олганда, Ўзбекистон ёшлари ўз мавқеидан етарлича юқори даражада қониқишини намойиш этишди ва шу билан бир вақтда, ёш фуқароларнинг турмуш сифатини янада ошириш учун қайси йўналишлар алоҳида аҳамиятга эга эканлигини аниқ кўрсатиб беришди.

Сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (86,7%) ўзининг моддий аҳволини ижобий баҳолади. Тадқиқот шуни ҳам кўрсатмоқдаки, ёши улғайгани сари йигит-қизлар ўз эҳтиёжларини кўпроқ мустақил равишда таъминлашга ўтмоқдалар. Респондентларнинг бир қисми ўз маошини асосий тирикчилик ва даромад манбаи деб кўрсатди, бунда ёши улғайгани сари мустақил равишда даромад топадиган ёшлар улуши сезиларли даражада ортиб, тўлиқ оила қарамоғида бўлганлар улуши эса камайиб бормоқда. Ушбу маълумотлар ёшларнинг улғайиши, касбий шаклланиши ва иқтисодий мустақиллигининг ўсишидан далолат берувчи табиий жараённи акс эттиради.

Сўров иштирокчилари, уларнинг фикрича, ёш оилаларни мустаҳкамлаш учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган чора-тадбирларни ҳам белгилаб бердилар. Биринчи ўринда — арзон уй-жой билан таъминлаш, иш ўринлари ва барқарор даромад манбаини яратиш, фарзанд туғилиши ва тарбиясида қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни оммалаштириш, психологик ва юридик ёрдам кўрсатиш қайд этилди.