6

ЎЗБЕКИСТОНДА ЗАМОНАВИЙ ОИЛА:ҚАДРИЯТЛАР, ЎЗГАРИШЛАР, ХАВФ-ХАТАРЛАР

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази кўп йиллардан буён оила институтининг ҳолатини таҳлил қилиш, унинг трансформация қилинишига таъсир кўрсатувчи асосий тенденциялар ва омилларни аниқлашга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказиб келади. Ушбу тадқиқотлар нафақат мавжуд ўзгаришларни қайд этиш, балки Ўзбекистонда оилавий муносабатларни янада ривожлантириш бўйича илмий асосланган прогнозларни шакллантириш имконини ҳам беради.

Фуқароларнинг замонавий оила институтига бўлган муносабати хусусиятларини таҳлил қилиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилди:

1) оила институти ва оилавий қадриятларга бўлган муносабат;

2) оилавий муносабатларни ривожлантириш истиқболлари ва кутилмалари;

3) замонавий оила муаммоларини ва ажримларнинг олдини олиш омилларини баҳолаш;

4) никоҳ шартномасига бўлган муносабат.

Оила институти ва оилавий қадриятларга бўлган муносабат. Тадқиқот шуни кўрсатдики, шахсан унинг иштирокчилари учун оила фарзандларни тарбиялаш ва наслни давом эттириш муҳити, меҳр-муҳаббат, ўзаро тушуниш ва ғамхўрлик макони, биргаликда ҳаёт кечириш ва маиший масалаларни ҳал қилиш шакли, асосий ҳаётий таянч ва қўллаб-қувватлаш манбаи ҳисобланади.

Тўпланган эмпирик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, алоҳида фарқларга қарамай, ўзбекистонликлар томонидан оиланинг аҳамиятини англаш даражаси барқарор юқори бўлиб қолмоқда, бу эса оилавий қадриятларнинг ижтимоий онгда чуқур илдиз отганидан далолат беради ва оила ўзининг тарбиявий, ҳиссий, меъёрий ва бирлаштирувчи вазифаларини бажаришда давом этаётганини тасдиқлайди. Ҳатто ижтимоий ўзгаришлар, урбанизация ва ташқи омилларнинг ахборот таъсири ортиб бораётган шароитда ҳам оила институти шахс, унинг ахлоқий меъёрлари ва ижтимоий қарашларини шакллантиришда энг муҳим бўғин бўлиб келмоқда.

Респондентларда оиланинг ролини идрок этишдаги фарқ бир қатор омиллар, жумладан, уларнинг ёши, маълумоти даражаси, ижтимоий мақом, шунингдек, ҳаётий тажрибасининг ўзига хослиги билан боғлиқ. Бироқ, умуман олганда, аниқланган маълумотлар шуни кўрсатадики, айнан оилавий қадриятлар кўпинча ҳаётий стратегияларни, шу жумладан касбий фаолиятни, болаларни тарбиялаш моделини танлашни, ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга бўлган муносабатни белгилайди. Ўзбекистон оилалари ичидаги ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватлашга интилишда намоён бўладиган юқори даражадаги ҳамжиҳатлик мамлакатдаги оилавий анъаналарнинг барқарорлигини тасдиқлайди.

Оилавий ўзаро муносабатлар ривожланишининг прогнозлари ва кутилмалари. Сўров Ўзбекистонда оила институтининг бугунги кундаги ҳолати жуда яхши (8,8%), яхши (34,6%) ва ўртача (42,7%) деб баҳоланишини кўрсатиб турибди (1-расм). Шуниси эътиборга лойиқки, эркаклар мамлакатда оила институтининг ҳолатини хотин-қизларга қараганда кўпроқ яхши деб ҳисоблайдилар (мос равишда 31,4% ва 37,8%) (1-расм).

1-расм. Сиз Ўзбекистонда оила институтининг бугунги кундаги ҳолатини қандай баҳолайсиз?, % (умуман танланма бўйича ва жинс бўйича)

Оила институти ҳолати динамикасининг таҳлили шуни кўрсатадики, сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпи (60,8%) сўнгги 5 йил ичида унинг яхшиланганини қайд этган ҳолда унга ижобий баҳо берадилар. Шу билан бирга, 21,2% сўралганлар оила институтининг ҳолати ёмонлашган ёки ўзгармаган деб ҳисоблашади (13,4%) (2-расм).

 

2-расм. Сизнингча, сўнгги 5 йил ичида оила институтининг ҳолати қандай ўзгарди?, %

Шуниси эътиборга лойиқки, респондентлар яқин келажакда Ўзбекистонда оила ва никоҳ институти учун, бир томондан, анъанавий қадриятларнинг сақланиб қолиши ва оила институтининг мустаҳкамланишини (31,8%), иккинчи томондан, оилавий муносабатларнинг замонавий моделларига ўтишни (30,7%) башорат қилмоқдалар (3-расм).

Таъкидлаш лозимки, ёш улғайган сари сўров иштирокчилари яқин келажакда анъанавий қадриятларни сақлаб қолиш орқали оила институти мустаҳкамланади, деган нуқтаи назарга тобора кўпроқ ишонадилар. 25% 18-24 ёшдаги, 26,4% 25-34 ёшдаги, 28% 35-44 ёшдаги, 31,9% 45-54 ёшдаги ва 44,7% 55 ва ундан катта ёшдаги респондентлар ана шундай фикрда (2-жадвал).

3-расм. Сизнингча, яқин келажакда Ўзбекистонда никоҳ ва оила институтини нималар кутмоқда?, %

Респондентлар бир қисмининг фикрича, оилавий қадриятлар ўз аҳамиятини йўқотади (14,7%), улардан 18,9% – эркаклар ва 10,4% – хотин-қизлар.

Айрим сўров иштирокчиларининг назарида, яқин келажакда Ўзбекистонда никоҳ ва оила институти анъаналар ва замонавий қарашларнинг уйғунлашувини кутмоқда (15,9%) (3-расм). Бу фикрга эркакларга қараганда кўпроқ хотин-қизлар қўшиладилар (мос равишда 18,4% ва 13,5% (2-жадвал). Шу билан бирга, ёшроқ респондентлар анъаналар ва замонавий қарашларнинг уйғунлашуви – яқин келажакда Ўзбекистонда никоҳ ва оила институтини ривожлантириш истиқболидир, деб ҳисоблайдилар. Бошқача айтганда, 18-24 ёшли сўров иштирокчилари (25%) 25-34 ёшдаги (16,8%), 35-44 ёшдаги (14%), 45-54 ёшдаги ва 55 ва ундан катта ёшдаги респондентларга қараганда кўпроқ анъаналар ва замонавий қарашларнинг уйғунлашувида оила ва никоҳ институтининг яқин келажагини кўрадилар (1-жадвал).

1-жадвал. Сизнингча, яқин келажакда Ўзбекистонда никоҳ ва оила институтини нималар кутмоқда? (жинс бўйича ва ёшга кўра сўралганлар сонидан фоиз ҳисобида)

Тадқиқот шуни кўрсатдики, оила аъзолари эр-хотин ўртасидаги ишонч (68,2%), ўзаро ҳурмат ва сабр-тоқат (41,2%), ўзаро қўллаб-қувватлаш (33,6%), фарзандларни биргаликда тарбиялаш (23,8%), меҳр-муҳаббат (18,8%) ва молиявий барқарорликни (18%) мустаҳкам оиланинг асоси деб ҳисоблайдилар (3-жадвал).

Шуниси эътиборга лойиқки, оиланинг коммуникатив-ахлоқий қадриятлари эркакларга қараганда кўпроқ хотин-қизларга хосдир. Чунончи, хотин-қизлар эркакларга қараганда кўпроқ мустаҳкам оиланинг асоси сифатида эр-хотин ўртасидаги ишончни (мос равишда 70,4% ва 65,9%), ўзаро ҳурмат ва сабр-тоқатни (мос равишда 47,8% ва 34,7%), ўзаро қўллаб-қувватлашни (мос равишда 37,8% ва 29,5%) ва фарзандларни биргаликда тарбиялашни (мос равишда 26,4% ва 21,1%) танлайдилар. Эркакларда меҳр-муҳаббат (19,3% ва 18,2%) ва молиявий барқарорлик (19,8% ва 16,2%) каби қадриятлар кўрсаткичлари бироз юқори (3-жадвал).

Шундай қилиб, ижтимоий онгда оила ҳаётий таянч ва қўллаб-қувватлаш, ўзаро тушуниш ва ғамхўрлик, фарзандлар тарбияси ва наслни давом эттириш, меҳр-муҳаббат, биргаликда ҳаёт кчириш ва маиший масалаларни ҳал қилиш макони сифатида тасаввур қилинади. Умуман олганда, Ўзбекистонда оила институтининг ҳолати сўров иштирокчилари томонидан асосан ижобий баҳоланади ва уларнинг аксарияти сўнгги беш йил ичида унинг яхшиланганини таъкидлайди. Оила институтининг келажагига асосан анъанавий қадриятларни сақлаб қолиш ва оилавий муносабатларнинг замонавий моделларига ўтишнинг уйғунлиги сифатида қаралади. Тадқиқот иштирокчилари, биринчи навбатда, коммуникатив-ахлоқий қадриятларни, жумладан, ишонч, ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат, қўллаб-қувватлаш ва фарзандларни биргаликда тарбиялашни мустаҳкам оиланинг асоси деб ҳисоблайдилар.

Замонавий оила муаммоларини ва ажримларнинг олдини олиш омилларини баҳолаш. Замонавий оила муаммоларини ва ажримларнинг олдини олиш омилларини ўрганиш оиланинг ижтимоий институт сифатида барқарорлигини таъминлаш шарт-шароитларини тушунишга асос бўлиб хизмат қилади. Тадқиқот шуни кўрсатдики, замонавий оилаларда энг кўп учрайдиган муаммолар рўйхатида телефон, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири (45%), молиявий қийинчиликлар (41,7%), эр-хотин ўртасидаги низолар (28,3%) ва қариндошларнинг аралашуви (21,3%) устунлик қилади.

Респондентлар, шунингдек, фарзандларни тарбиялаш муаммолари руҳий-ҳиссий кечинма ва стресслар, авлодлар ўртасидаги низолар кабиларни ҳам қайд этишган.

Таҳлил сўров иштирокчиларининг жинси ва ёшига қараб замонавий оила муаммоларини баҳолашдаги фарқларни аниқлаш имконини берди. Чунончи, замонавий оилаларда тез-тез учрайдиган муаммолар сифатида эркаклар хотин-қизларга нисбатан кўпроқ молиявий қийинчиликларни (мос равишда 45,3% ва 38%), хотин-қизлар эса эркакларга нисбатан кўпроқ қариндошларнинг аралашувини (мос равишда 26,7% ва 16%) кўришади.

Қизиғи шундаки, ёшроқ респондентлар замонавий оилаларда энг кўп учрайдиган муаммо сифатида телефон, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг таъсирига кўпроқ эътибор қаратишади. Бу фикрга 51% 18-24 ёшдаги, 46,2% 25-34 ёшдаги, 46,1% 35-44 ёшдаги, 42,3% 45-54 ёшдаги ва 41,7% 55 ва ундан катта ёшдаги респондентлар қўшиладилар.

Қариндошларнинг аралашувига тез-тез юзага келадиган муаммо сифатида ёши катта сўров иштирокчиларига қараганда кўпроқ ёш респондентлар эътибор қаратади лар: 28,1% 18-24 ёшдаги, 27,9% 25-34 ёшдаги, 20,2% 35-44 ёшдаги, 22,1% 45-54 ёшдаги, 12,6% 55 ва ундан катта ёшдаги респондентлар.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, коммуникатив-ҳиссий омиллар: ўзаро ҳурмат ва ишонч (48,7%), қийин дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш (35,2%), эр-хотин ўртасидаги очиқ ва чин мулоқот (21,5%), муросага келишга тайёрлик (19,4%) кабилар ажримларнинг олдини олиш ва оилани сақлаб қолишга энг кўп ёрдам берадиган омиллардир.

Ажримларнинг олдини олиш ва оилани сақлаб қолиш омили сифатида телефон, интернет ва ижтимоий тармоқлар таъсирини камайтириш зарурлигининг танланиши (18,5%) ушбу омилга замонавий оилаларда энг кўп учрайдиган муаммо (45%) сифатида қаралиши билан боғлиқ.

Ҳар ўнинчи респондент ажримларнинг олдини олиш учун никоҳдан олдинги тиббий кўрикларни назорат қилиш (10,8%) ва психологлар ҳамда оилавий маслаҳатчилар ёрдами (6,4%) зарурлигини таъкидлайди. Респондентларнинг бир қисми шахсий чегараларни ҳурмат қилиш (9,7%), мажбуриятларнинг эр-хотин ўртасида тақсимланиши ва уларнинг тенг ҳуқуқлилиги (5,3%) каби омилларни муҳим деб ҳисоблайдилар.

Шундай қилиб, тадқиқот шуни кўрсатдики, респондентлар телефон, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири, молиявий қийинчиликлар, эр-хотин ўртасидаги низолар ва қариндошларнинг аралашуви кабиларни энг муҳим муаммолар деб ҳисоблайдилар, бу эса оилавий ҳаётда рақамли, иқтисодий ва шахслараро кескинлик омилларининг уйғунлигидан далолат беради. Умуман олганда, ажримларнинг олдини олиш сўров иштирокчиларининг тасаввурида ўзаро ҳурмат ва ишонч, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, очиқ мулоқот ва муросага тайёрликни ўз ичига оладиган оиланинг коммуникатив-ҳиссий жиҳатларини яхшилалаш билан боғланади.

Никоҳ шартномасига бўлган муносабат. Аҳолининг никоҳ шартномасига муносабатини ўрганиш аҳолининг никоҳдаги мулкий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга тайёрлик даражасини аниқлаш имконини беради. Шу билан бирга, никоҳ шартномаси нафақат юридик восита ҳисобланади, балки эр-хотиннинг ҳар икки томон манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини очиқ ва онгли равишда муҳокама қилиш кўрсаткичи ҳамдир.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, умуман олганда, респондентлар никоҳ шартномасини тузиш ғоясига ижобий муносабатда бўлиб, буни эр-хотин учун оқилона қадам деб ҳисоблашади (65,3%). Шу билан бирга, хотин-қизлар никоҳ шартномасини тузиш ғоясини эркакларга қараганда кўпроқ оқилона деб билишади (мос равишда 68,9% ва 61,8%) (4-расм).

4-расм. Сиз никоҳ шартномасини тузиш ғоясига қандай қарайсиз? (умуман танланма бўйича ва жинс бўйича фоиз ҳисобида)

17,1% респондентлар никоҳ шартномасини тузиш ғоясига бетараф муносабатда бўлиб, уни вазиятга боғлиқлигини таъкидлайдилар. Никоҳ шартномасини тузиш ғоясига салбий муносабат 15,8% сўров иштирокчиларига хос бўлиб, улар бу бўлажак эр-хотинлар ўртасидаги ишончга путур етказади, деб ҳисоблайдилар. Шу билан бирга, эркаклар хотин-қизларга қараганда кўпроқ никоҳ шартномасига салбий муносабатни билдиришди (мос равишда 18,7% ва 12,9%) (4-расм).

Сўров иштирокчиларининг мамлакатда никоҳ шартномасини тузиш мажбурий бўлиши кераклиги ҳақидаги фикри иккига бўлинди. Чунончи, 43,6% респондентлар никоҳ шартномасини тузишни зарурий чора деб, 49,8% сўралганлар эса бу ихтиёрий танлов бўлиши керак деб ҳисоблайдилар. Сўров иштирокчиларининг кичик қисми никоҳ шартномасини фақат алоҳида ҳолларда, масалан, катта мулкий тенгсизлик ҳолатида тузиш зарурлигини таъкидлаган (5-расм).

5-расм. Сизнингча, мамлакатимизда никоҳ шартномаси мажбурий бўлиши керакми? (умуман танланма бўйича ва жинс бўйича фоиз ҳисобида)

Хотин-қизлар эркакларга қараганда кўпроқ никоҳ шартномасини тузиш зарурий чора бўлиши керак деб ҳисоблайдилар (мос равишда 46,4% ва 40,9%) (5-расм).

Шундай қилиб, жамоатчилик фикрида никоҳ шартномасини тузиш ғоясининг қабул қилинишини ёқлашнинг юқори даражаси устунлик қилади. Никоҳ шартномаси ғоясининг ўзига нисбатан ижобий муносабатга қарамай, респондентларнинг бир қисми буни ҳозирги шароитда зарурат деб, бошқа қисми эса уни ихтиёрий танлов деб ҳисоблайди.

Замонавий воқеликлар оилавий сиёсатга ҳар томонлама ёндашувни талаб қилади, бу нафақат моддий фаровонликни, балки таълим, психологик қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий мослашув масалаларини ҳам қамраб олиши лозим. Ўзбекистон жамиятининг анъанавий қадриятларини сақлаб қолиш, глобаллашув жараёнлари таъсири билан уйғунлашган шароитда оила институтини мустаҳкамлаш ва эр-хотинларнинг ўзаро муносабатларида уйғунликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Сўров натижаларига кўра, аҳоли ўртасида тобора кўпроқ қўллаб-қувватланаётган никоҳ шартномаси ушбу контекстда никоҳ иттифоқларини тартибга солишнинг таъсирчан механизмларидан бирига айланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда никоҳ шартномаси расмиятчилик эмас, балки эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ чегаралаш, юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларнинг олдини олиш ва тушунмовчиликлар хавфини камайтириш имконини берувчи ҳуқуқий восита сифатида қабул қилинмоқда.

Умуман олганда, тадқиқот натижалари Ўзбекистонда оилани қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар жамоатчилик онгида оиланинг фарзандларни тарбиялаш, меҳр-муҳаббат, инсон учун таянч макони сифатида қабул қилинишида ўз аксини топаётганидан далолат беради. Давлат томонидан оила институтини мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олишга қаратилаётган эътибор аҳоли ўртасида оилавий қадриятларнинг аҳамиятини, оиланинг ижтимоий барқарорликни таъминлашдаги ролини англашга хизмат қилади.