13.08.2024
126
МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ АРАФАСИДАГИ ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ СЎРОВИ
1 сентябрь куни Ўзбекистон халқи миллий байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигини нишонлайди.
Ушбу қутлуғ санани муносиб нишонлаш мақсадида «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча минтақаларида, маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида Ватанимиз мустақиллиги байрамига бағишлаб учрашувлар, семинарлар, йиғилишлар, анжуманлар, байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.
Мамлакатимиз томонидан сўнгги пайтларда эришилаётган натижалар бугунги кунда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ, прагматик ва инсонпарвар ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги конструктив ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муҳитини яратиш йўлидан бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг минтақа тараққиёти ва фаровонлиги йўлида Марказий Осиёни хавфсиз ва барқарор тараққиёт зонасига айлантириш йўлида тинчликни мустаҳкамлаш ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қўшаётган беқиёс ҳиссаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун давлатимиз раҳбарига ўз мамлакатининг олий давлат мукофоти – “Олтин Қирон” (“Олтин бургут”) орденини тантанали равишда топширди.
Минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамжиҳатликни ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви доирасида Шавкат Мирзиёевга Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг Фахрий нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда “ЎЗБEКИСТОН – 2030” стратегияси доирасида “ЁШЛАР ВА БИЗНEСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ”да минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестициялар ҳажмини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, «яшил» ва рақамли иқтисодиётга ўтиш орқали фуқаролар фаровонлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ички сиёсатнинг асосий устувор йўналишига айланди.
Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида таълим тизими сифатини ошириш, йигит-қизларнинг билим олиши, замонавий ва талабгир касбларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирлари амалга оширилди. Ёш ўзбекистонликларнинг бандлигини таъминлаш ва қўшимча иш ўринларини яратиш масалалари самарали ҳал этилмоқда.
Соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича ижтимоий дастурларни амалга ошириш доирасида ҳам муайян муваффақиятларга эришилди.
Айниқса, Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз тарихидаги энг яхши натижани қайд этишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик спортчиларнинг муваффақиятлари алоҳида фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади. Ушбу асосий халқаро мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар 8 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритиб, Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонларига айланишди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллигини нишонлаш арафасида “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ томонидан мамлакатимизда сўнгги йилларда эришилган энг муҳим ютуқлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлари, жамият, давлат ва мамлакатдаги ҳар бир оила ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида ўзбекистонликларнинг фикрини аниқлаш мақсадида аҳоли ўртасида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилмоқда. Тадқиқотнинг устувор йўналишларидан бири ўзбекистонликларнинг Мустақиллик байрамига муносабати, улар ушбу давлат байрамига қандай маъно-мазмун юклашлари ҳамда ушбу қутлуғ сана арафасида юртдошларимиз ўртасида қандай кайфият ва ижтимоий ҳиссиётлар устуворлик қилаётгани масаласи ҳисобланади.
Сўровнинг мамлакатимизнинг барча минтақалари аҳолиси, эркаклар ва аёллар, барча миллат вакиллари, турли соҳаларда банд бўлган ёшлар, ўрта ва катта ёшдаги фуқаролар ўртасида ўтказилиши режалаштирилган.