3

ФУҚАРОЛАРНИНГ АХБОРОТ МАНБАЛАРИГА ОИД АФЗАЛЛИКЛАРИ: ЁШЛАР ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИ, КАТТА ЁШДАГИ АВЛОД ВАКИЛЛАРИ ЭСА ТЕЛЕВИДЕНИЕНИ АФЗАЛ КЎРАДИ

Ўзбекистон ахборот маконининг динамик ривожланиши шароитида оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Рақамли коммуникация каналларининг кенгайиши, ахборот ҳажмининг шиддатли ўсиши ва медиаистеъмол кўникмаларининг ўзгариши фуқароларнинг янгиликларни олиш ва юз бераётган воқеаларни баҳолаш усулларини сезиларли даражада ўзгартирмоқда. Анъанавий ОАВ билан бир қаторда интернет-нашрлар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар тобора салмоқли роль ўйнамоқда, бу эса контентдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб, ишончсиз ахборотлар тарқалиши хавфини оширмоқда.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тизимли асосда фуқароларнинг оммавий ахборот воситалари фаолиятига муносабати ҳамда мамлакат ахборот маконида юз бераётган ўзгаришларни ўрганишга қаратилган мониторинг тадқиқотларини амалга оширади. Марказнинг тадқиқот фаолияти жамоатчилик фикрининг илмий таҳлилига асосланади ҳамда аҳолининг медиаистеъмоли хусусиятларини, долзарб воқеаларга бўлган қизиқиш даражаси, энг талаб юқори бўлган ахборот манбалари, шунингдек, фуқароларнинг муайян ахборот каналларини танлашига таъсир этувчи асосий омилларни аниқлаш имконини беради.

Сўров натижалари респондентларнинг аксарияти мамлакатда рўй бераётган янгиликлар ва воқеаларга қизиқиш билдиришини кўрсатди. Сўралганларнинг қарийб учдан бир қисми (30,0%) долзарб воқеаларни мунтазам кузатиб боради, деярли ярми эса (46,7%) уларга вақти-вақти билан қизиқади. Респондентларнинг 18,1% янгиликларни камдан-кам кузатишини билдирган. Сўров иштирокчиларининг атиги 5,2% мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга қизиқмаслигини қайд этган.

Сиз мамлакатимизда юз бераётган янгиликлар ва воқеалар билан қизиқасизми?

(сўралганлар сонидан % ҳисобида)

Табақалаштирилган таҳлилнинг кўрсатишича, мамлакатда юз бераётган янгиликлар ва воқеалар билан қизиқиш респондентларнинг жинси, ёши ва яшаш жойига қараб фарқланади. Эркаклар содир бўлаётган воқеаларга мунтазам равишда қизиқишини аёлларга қараганда кўпроқ қайд этдилар  (мос равишда 34,7% ва 25,3%), аёллар орасида эса янгиликларни вақти-вақти билан кузатиб борадиганлар улуши юқорироқ бўлди (мос равишда 51,1% ва 42,2%).

Шаҳар аҳолиси янгиликларга  кўпроқ даражада барқарор қизиқиш билдирди - 33,3% (қишлоқда - 26,3%), қишлоқ жойларда эса «ҳа, баъзан» деган жавоблар устунлик қилди (47,4%).

Ёш кесимидаги таҳлилнинг далолат беришича, доимий қизиқишнинг энг юқори даражаси 35–44 ва 55 ҳамда ундан катта бўлган ёш гуруҳларига хосдир (тегишлича 36,7% ва 38,3%). 18–24 ёшдаги фуқаролар энг кам жалб қилинган гуруҳ бўлиб, улар орасида мамлакатдаги воқеаларга доимий равишда қизиқадиганлар 20,8%ни, буни вақти-вақти билан амалга оширадиганлар улуши эса сўралганларнинг ярмидан кўпини (52,1%) ташкил этди.

Сиз мамлакатимизда юз бераётган янгиликлар ва воқеалар билан қизиқасизми?

(сўралганлар сонидан % ҳисобида)

Сўров натижалари мамлакатдаги воқеалар ҳақида ахборот олишнинг асосий манбалари рақамли коммуникация каналлари эканини кўрсатди. Респондентларнинг энг катта қисми янгиликларни ижтимоий тармоқлар орқали олади - 49,9%. Ахборот истеъмолида Telegram-каналлар ҳам муҳим ўрин тутади, улардан сўралганларнинг 46,4% фойдаланади.

Телевидение етакчи ахборот манбаларидан бири бўлиб қолмоқда, уни сўров иштирокчиларининг 42,1% қайд этган. Респондентларнинг қарийб учдан бир қисми мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳақида YouTube-каналлар ва видеоблоглар орқали маълумот олади - 30,3%. Интернетдаги янгиликлар сайтларидан эса сўралганларнинг 10,1% фойдаланади.

Бошқа ахборот манбаларининг аудиторияси сезиларли даражада кам. Респондентларнинг 4,3% янгиликларни қариндошлари, дўстлари ва танишларидан, 2,1% радио орқали, 1,3% эса вазирликлар, идоралар ва давлат ташкилотларининг расмий веб-сайтларидан олади. Босма оммавий ахборот воситаларидан сўралганларнинг 1,1% фойдаланади.

Ахборот манбаларини танлаш кўп жиҳатдан респондентларнинг ёшига боғлиқ. 18 ёшдан 24 ёшгача ҳамда 25 ёшдан 34 ёшгача бўлган фуқаролар орасида ижтимоий тармоқлар энг талабгир ахборот манбаи бўлиб, улардан мос равишда 70,8% ва 63,4% фойдаланади. Шунингдек, ушбу ёш гуруҳларида Telegram-каналлардан фойдаланувчилар улуши мос равишда 60,4% ва 57,9% ташкил этади.

Катта ёш гуруҳларида телевидение янада муҳим аҳамият касб этади. Унинг аудиторияси 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган респондентлар орасида 16,7% ташкил этса, 55 ёш ва ундан катта шахслар орасида 71,1% етади. YouTube-каналлар ва видеоблоглар эса барча ёш гуруҳларида нисбатан барқарор талабга эга бўлиб, улардан фойдаланувчилар улуши 25,0% дан 34,1% гача бўлган оралиқни ташкил этади.

Сиз мамлакатимиздаги янгиликлар, воқеалар ва ҳодисалар ҳақида қайси ахборот манбаларидан биласиз?

(сўралганлар сонидан % ҳисобида, кўп турли)

Респондентлар муайян ахборот манбаларини танлашининг асосий сабаби сифатида улардан исталган вақтда ва исталган жойда фойдаланиш имкониятини кўрсатган - 37,9%. Шунингдек, ахборот манбасига бўлган ишонч - 26,3% ҳамда маълумотларни тезкор олиш имконияти - 26,1% муҳим аҳамиятга эга.

Респондентларнинг 21,9% учун ахборотнинг тушунарли ва содда баён этилиши муҳим ҳисобланади. Янгиликларни қисқа ва ихчам шаклда олиш имконияти сўралганларнинг 17,4%ни, ахборотни тақдим этишнинг қулай шакли эса 16,1%ни жалб қилади. Сўров иштирокчиларининг яна 18,2% муайян ахборот манбаларини улардан фойдаланиш одат тусига киргани сабабли танлайди.

Мавзулар ва контентнинг хилма-хиллиги респондентларнинг 8,3% учун аҳамиятлидир. Шарҳлар билан танишиш ва муҳокамаларда иштирок этиш имкониятини сўралганларнинг 2,9%, ахборотнинг холис ва беғараз тақдим этилишини эса 2,8% қайд этган. Сўров иштирокчиларининг 4,2% ўз танловининг сабабларини айтишга қийналган.

Сиз мамлакатимиздаги воқеалар ҳақида янгиликлар олишда нима учун айнан ушбу ахборот манбаларидан фойдаланишни афзал кўрасиз?

(сўралганлар сонидан % ҳисобида, кўп турли)

Шундай қилиб, ўтказилган тадқиқот фуқароларнинг аксарияти мамлакатда рўй бераётган воқеаларга барқарор қизиқиш билдиришини ҳамда янгиликларни олиш учун рақамли ва анъанавий ахборот манбаларидан фойдаланишини кўрсатди. Энг талабгир ахборот каналлари ижтимоий тармоқлар, Telegram-каналлар ва телевидение ҳисобланади. Бунда ёшлар кўпроқ ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларни афзал кўрса, катта авлод вакиллари орасида телевидение етакчи ўринни сақлаб қолмоқда.

Ахборот манбаларини танлашда респондентлар, энг аввало, уларнинг ҳаммабоплиги, ишончлилиги, тезкорлиги ва материалларнинг тушунарли тарзда тақдим этилишига эътибор қаратади. Олинган натижалар аҳолининг медиатанловлари хилма-хил эканини ҳамда турли аудитория гуруҳларининг ёш хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлигини кўрсатади.