23.05.2026
3
ЎЗБЕКИСТОНДА КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШ ЙЎЛИДА ЯНГИ БОСҚИЧ
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқаро конгресс марказида Миллий китобхонлик ҳаракатига старт бериш маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбари китоб мутолааси инсон маънавияти, интеллектуал салоҳияти ва жамият тараққиётининг муҳим омили эканини таъкидлаб, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни мутолаага ошно этиш ва миллий адабиётни қўллаб-қувватлаш бугунги кунда стратегик аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Сўнгги йилларда мамлакатда китобхонликни ривожлантириш, кутубхона тизимини модернизация қилиш, миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, китоб маҳсулотлари нашри ва тарқатилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Миллий китобхонлик ҳаракати ана шу жараёнларни янги босқичга олиб чиқиш, жамиятда мутолаа муҳитини кучайтириш ҳамда китобни маънавий тараққиётнинг асосий воситаси сифатида қарор топтиришга хизмат қилади.
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган “Фуқаролар китоб мутолааси тўғрисида: қизиқиш ва афзалликлар” мавзусидаги жамоатчилик фикри сўрови натижалари ҳам мамлакатда китобхонликка бўлган қизиқиш сезиларли даражада ортиб бораётганини кўрсатди.
Мазкур тадқиқот аҳолининг китоб мутолаасига муносабати, мутолаа маданияти, жанрлар бўйича афзалликлари, китоб танлаш усуллари ва китобхонликка тўсқинлик қилувчи омилларни таҳлил қилишга қаратилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, китобхонлик фаоллигида ижобий динамика кузатилмоқда. Хусусан, ҳар куни китоб мутолаа қиладиган фуқаролар улуши 2025 йилдаги 10,2 фоиздан 2026 йилда 16,4 фоизгача ошган. Шу билан бирга, деярли китоб ўқимайдиганлар улуши 59,9 фоиздан 38,6 фоизгача қисқарган. Бу эса жамиятда китобга бўлган эҳтиёж ва қизиқиш тобора ортиб бораётганини англатади.
Сўров маълумотлари китоб мутолааси айниқса ёшлар ва юқори маълумотли қатлам орасида кенг тарқалганини кўрсатди. 18–24 ёшли респондентлар орасида деярли китоб ўқимайдиганлар улуши бошқа ёш тоифаларига нисбатан анча паст бўлган. Олий ва тўлиқсиз олий маълумотли фуқаролар эса энг фаол китобхон қатлам сифатида қайд этилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ мутолаа қилади. Ҳар куни китоб ўқийдиган аёллар улуши 21,2 фоизни ташкил этган бўлса, эркаклар орасида деярли китоб ўқимайдиганлар улуши юқорироқ қайд этилган.
Жанрлар бўйича таҳлиллар бадиий адабиёт энг оммабоп йўналиш эканини кўрсатди. Респондентларнинг ярмидан кўпроғи роман ва ҳикояларни мутолаа қилишини билдирган. Шунингдек, диний ва тарихий адабиётларга қизиқиш юқори экани аниқланган. Бу ҳолат жамиятда маънавий қадриятлар, миллий тарих ва маданий меросга қизиқиш тобора кучайиб бораётганидан далолат беради.
Сўров натижалари миллий адабиётнинг устуворлигини ҳам намоён қилди. Респондентларнинг 71,4 фоизи ўзбек муаллифлари асарларини афзал кўришини билдирган. Айниқса, мумтоз ўзбек адабиётига қизиқиш юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Тадқиқотда фуқароларнинг асосий қисми китобларни ўзбек тилида мутолаа қилиши маълум бўлди. Ўзбек тили мутолаа тили сифатида мутлақ етакчиликни сақлаб қолмоқда. Бу эса миллий тил ва адабий мероснинг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни мустаҳкам эканини кўрсатади.
Китоб мутолааси шакллари таҳлили босма китоблар ҳануз асосий ўринни эгаллаб турганини кўрсатди. Респондентларнинг аксарияти анъанавий босма китобларни афзал кўришини билдирган. Электрон китоб ва аудиокитоблардан фойдаланиш даражаси нисбатан пастлигича қолмоқда.
Фуқаролар китоб мутолаасини асосан маънавий ҳордиқ, дунёқарашни кенгайтириш, тафаккур ва тасаввурни ривожлантириш воситаси сифатида қабул қилмоқда. Респондентларнинг катта қисми китобни севимли машғулот ва мазмунли дам олиш шакли сифатида баҳолаган.
Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, китобхонликка тўсқинлик қилаётган асосий омил вақт тақчиллиги ҳисобланади. Шу билан бирга, аҳолининг аксариятида китоб мутолаасига бўлган ички қизиқиш сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Мазкур натижалар мамлакатда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсати, маънавий-маърифий ислоҳотлар ва Президент ташаббусларининг жамиятда амалий самара бераётганини кўрсатади. Миллий китобхонлик ҳаракати эса аҳолининг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёшларда танқидий фикрлаш ва маънавий барқарорликни шакллантириш, миллий ўзлик ва маданий меросни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади.



