28.04.2026
3
ФУҚАРОЛАРНИНГ ШАХСИЙ САЛОМАТЛИККА, ФАОЛ ТУРМУШ ТАРЗИ ВА СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИГА МУНОСАБАТИ
Замонавий шароитда аҳолининг саломатлиги ҳолатини комплекс баҳолаш ва унинг соғлиқни сақлаш тизимини идрок этишининг аҳамияти ортиб бормоқда. Бугун нафақат объектив кўрсаткичлар, балки фуқароларнинг ижтимоий кайфияти, хулқ-атвори ва кўрсатилаётган тиббий хизматлардан қониқиш даражасини акс эттирувчи субъектив баҳолари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази жорий йилнинг 30 март - 3 апрель кунлари асосий мақсади фуқароларнинг турмуш тарзи билан боғлиқ асосий масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, уларнинг жисмоний фаоллик ва спортга муносабатини аниқлаш, аҳолининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни идрок этишини ва мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига ишонч даражасини ўрганиш бўлган комплекс социологик тадқиқот ўтказди.
Сўровда 18 ва ундан катта ёшдаги респондентлар иштирок этдилар, улардан эркаклар - 52,4% ва хотин-қизлар 47,6% бўлди. Респондентларнинг ёш жиҳатидан таркиби қуйидагича эди: 18-24 ёшлилар – 12,2%; 25-34 ёшдагилар – 19,1%; 35-44 ёшлилар – 23,3%; 45-54 ёшдагилар – 18,1%; 55 ва ундан катта ёшдагилар – 27,3%. Яшаш жойининг тури бўйича: шаҳарликлар – 54,4%; қишлоқдагилар – 45,6%.
Маълумотларни тўплаш Марказ мутахассислари томонидан тайёрланган ягона стандартлаштирилган миқдорий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали амалга оширилди.
Фуқароларнинг ўз саломатлиги ҳолатини баҳолаши аҳоли ижтимоий кайфиятининг муҳим индикатори ҳисобланади, у ҳаёт сифати умумий идрок этилишини, осойишталик, ҳаётий фаоллик ва кундалик ҳаётдаги ишончни умумий ҳис қилишни акс эттиради.
Сўров натижаларига кўра, 32,8% респондентлар ўз саломатлигини - «ўртача», 30,9% сўралганлар - «кўпроқ яхши», 26,8% сўров иштирокчилари эса «жуда яхши» деб баҳолашди.
Салбий баҳолар улуши пастроқ бўлди: 7,0% сўров иштирокчилари ўз саломатлигини - «кўпроқ ёмон», 2,1% респондентлар «жуда ёмон» деб баҳолашди.
Маълумотларни таққослаш саломатликни ижобий баҳолаш ортганини кўрсатмоқда. Ўз саломатлигини «жуда яхши» деб баҳолаган респондентларнинг улуши 2025 йилдаги 22,2%дан 2026 йилда 26,8%гача ошди. Шу билан бирга, тадқиқ этилаётган даврда ўз саломатлигини «ёмон» деб баҳолаганларнинг улуши 8,4%дан 7,0%гача камайди.
Аҳолининг ўз саломатлигига баҳосини яшаш жойи кесимида таҳлил қилиш натижалари шаҳар ва қишлоқ аҳолиси қайд этган кўрсаткичлар ўртасидаги тафовутнинг қисқарганини аниқлади. Шаҳарларда «ўртача» баҳосининг барқарор улуши (тахминан 33%) сақлангани ҳолда, «жуда яхши» баҳоси улушининг ўртача даражада (23,7%дан 26,1%гача) ўсганлиги қайд этилди. Қишлоқ жойларда «жуда яхши» баҳоси улушининг (20,7%дан 27,8%гача) ошганлиги ва салбий баҳолар улушининг (“кўпроқ ёмон” - 10,6%дан 7,0%гача) пасайганлиги ҳисобига сезиларли яхшиланиш кузатилмоқда.
Гендер кесимида ҳам баъзи тафовутлар аниқланди: эркакларда салбий баҳолар улуши камайиши баробарида «жуда яхши» баҳосининг улуши ошди (25,3%дан 32,6%гача). Хотин-қизларда «ўртача» баҳосининг юқори улуши сақланиб қолмоқда, шу билан бирга ижобий ўзгаришлар камроқ қайд этилди.
Ёш кесими ёш улғайиши баробарида ижобий баҳоларнинг табиий равишда пасайишини акс эттирди, айни вақтда динамикада алоҳида ижобий ўзгаришлар қайд этилди. 25-34 ёшлилар гуруҳида «жуда яхши» баҳоси улушининг (33,1%дан 39,2%гача) ўсиши ва «ўртача» баҳоси улушининг пасайиши кўзга ташланди. Катта ёшлилар гуруҳларида (45-54 ва 55+) ижобий баҳолар улушининг ошиши баробарида салбий баҳолар улушининг пасайиши кузатилди, бу эса катта ёшдаги аҳолининг субъектив кайфияти бироз яхшиланганини акс эттиради.
Умуман олганда, 2025-2026 йиллар мониторинги натижалари аҳолининг ўз саломатлигига берган баҳолари даражаси яхшиланганини кўрсатди, бу ижобий баҳолар улушининг ошгани ва салбий баҳоларнинг камайганида намоён бўлди.
Фуқароларнинг тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти тўғрисидаги фикрини аниқлаш соғлиқни сақлаш тизимининг иши ўзбекистонликлар томонидан идрок этилишининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, фуқароларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш бўйича кундалик тажрибасини акс эттиради.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, 55,0% сўров иштирокчилари тиббий ёрдамдан - “тўлиқ фойдаланиш имконияти бор”, 23,3% респондентлар эса – “кўпроқ имконият бор” деб ҳисоблайдилар.
Фойдаланиш имкониятининг чекланганлигини кўрсатувчи баҳолар улуши 10,1% («кўпроқ имконият йўқ») ва 5,8%ни («умуман имконият йўқ») ташкил этди.
Мониторинг шуни кўрсатдики, ижобий баҳоларнинг умумий улуши барқарор юқори даражада сақланиб қолмоқда. Олинган натижалар шуни тасдиқлайдики, жамиятда аксарият фуқаролар учун тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини идрок этиш устунлик қилади.
Яшаш жойи кесими бўйича таҳлил шуни кўрсатдики, шаҳар аҳолиси тиббий хизматлардан фойдаланиш имкони даражасини кўпроқ ижобий баҳолади: 57,1% респондентлар тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти тўлиқ мавжуд деб ҳисоблашди, қишлоқ жойларда эса 52,5% аҳоли ана шундай фикрда.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, шаҳарларда ҳам, қишлоқ жойларда ҳам тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини ижобий баҳолашнинг барқарор юқори улуши сақланиб қолмоқда.
Тадқиқот натижалари фуқаронинг ўзи ёки оила аъзолари касал бўлган тақдирда, улар биринчи навбатда давлат поликлиникасига мурожаат қилишини кўрсатди (49,8%). Жавобларнинг энг кенг тарқалган иккинчи тури – давлат шифохонасига мурожаат қилиш бўлди (24,2%). Респондентларнинг жами кўпчилиги (74,0%) давлат тиббиёт муассасаларини танлашди, бу эса давлат тиббиётига бўлган ишонч ва талабнинг даражаси юқорилигини тасдиқлайди.
12,5% респондентлар хусусий клиникаларга мурожаат қиладилар. Давлат секторига нисбатан пастроқ улушга эга бўлишига қарамай, ушбу кўрсаткич тиббий хизматнинг муқобил шаклларига йўналтирилган аҳолининг барқарор сегменти мавжудлигини кўрсатади.
6,6% сўралганлар мутахассисларга мурожаат қилмасдан мустақил даволанишни танлашди. Касалликка чалинганда бирламчи қадам сифатида хусусий амалиёт шифокорларига мурожаат қилиш (2,1%), қариндошлар ёки таниш-билишлардан маслаҳат олиш (2,0%), дорихонага маслаҳат ёки дори-дармон олиш учун мурожаат қилиш (1,5%), халқ табобати ёки анъанавий тиббиётдан фойдаланиш (0,8%), шунингдек, Интернетдан маълумот қидириш (0,2%) ҳоллари камроқ учради.
Тиббий ёрдамдан фойдаланишдаги муаммолар бўйича ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатдики, 49,7% фуқаролар тиббий ёрдамдан фойдаланишда ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келишмаган.
Тиббиёт муассасаларининг муаммо ва камчиликлари орасида 18,8% фуқаролар - узун навбатлар ва шифокор қабулини узоқ кутишни, 18,3% респондентлар - малакали тиббиёт ходимларининг етишмаслигини, 13,4% сўралганлар дори-дармонларнинг юқори нархларида намоён бўладиган тиббий ёрдамдан фойдаланишдаги иқтисодий қийинчиликларни, 8,2% тадқиқот иштирокчилари керакли жиҳозлар ва дори-дармонларнинг йўқлигини таъкидлашди.
Тадқиқотда давлат соғлиқни сақлаш тизимига фуқароларнинг ишончи даражасини, тиббиёт институтларининг самарадорлиги ва ишончлилиги ҳақида аҳолининг умумий тасаввурини аниқлаш вазифаси қўйилди.
Сўров натижаларига кўра, 45,7% сўров иштирокчилари давлат соғлиқни сақлаш тизимига тўлиқ ишонишади, 33,2% респондентлар - кўпроқ ишонади.
Мониторинг шуни кўрсатдики, 2025 йилга нисбатан жорий йилда давлат соғлиқни сақлаш тизимига тўлиқ ишонадиган респондентлар улуши (41,4%дан 45,7%гача) ошди, «кўпроқ ишонмайман» деган жавоблар фоизи эса (12,0%дан 9,0%гача) камайган.
Умуман олганда, сўровлар натижалари давлат соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишонч даражаси ошишининг ижобий динамикасини кўрсатмоқда.
Сўров давомида олинган натижаларга кўра, жисмоний фаоллик аксарият ўзбекистонликларнинг кундалик турмуш тарзидан жой олган. 43,0% сўров иштирокчилари жисмоний фаоллик билан - ҳар куни, 23,0% респондентлар ҳафтасига бир неча марта шуғулланишини таъкидлашди. Бир ойда бир неча марта шуғулланадиганлар улуши - 3,5%ни, жуда кам шуғулланадиганлар улуши 8,1%ни ташкил этди ва 22,4% респондентлар умуман шуғулланмаслигини билдиришди.
Мониторинг ижобий динамикани аниқлади: ҳар куни жисмоний фаоллик билан шуғулланувчилар улуши 2025 йилдаги 35,8%дан 2026 йилда 43,0%гача ошди, жисмоний фаолликка тўлиқ жалб қилинмаган фуқаролар сони эса (28,4%дан 22,4%гача) камайди.
Аниқланган ўзгаришлар жамиятда фуқаролар хулқ-атворининг янада фаол модели шаклланганлигини акс эттиради ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигидан далолат беради. Мунтазам жисмоний фаолликнинг кенгайиши соғлом турмуш тарзи маданиятининг мустаҳкамланиб бораётганини ҳамда жисмоний фаоллик, спорт ва соғлом турмуш тарзи қадриятларининг ижтимоий онгда аста-секин муҳрланаётганини кўрсатмоқда.
Гендер кесимида кундалик жисмоний фаоллик эркаклар (42,7%) ва хотин-қизлар (43,3%) ўртасида деярли бир хил даражада оммалашган. Шу билан бирга, эркаклар кўпинча ҳафтасига бир неча марта шуғулланадилар (27,9% эркаклар ва 17,6% хотин-қизлар), ҳеч қачон жисмоний фаоллик кўрсатмайдиганлар улуши хотин-қизларда орасида юқори (27,2% хотин-қизлар ва 18,0% эркаклар).
Ёш кесимида ёш улғайиши билан жисмоний фаоллик мунтазамлилигининг ортиши тенденцияси аниқланди. 18-24 ёшлилар гуруҳида ҳафтасига бир неча марта фаоллик устунлик қилади (42,5%). 25-34 ёш ва 35-44 ёш тоифаларида кундалик фаолликнинг устунлиги аниқланди (мос равишда 33,6% ва 36,6%). 45-54 ёшлилар гуруҳида кундалик жисмоний фаолликнинг улуши сезиларли даражада ортиб бормоқда (47,9%), 55 ва ундан катта ёшдаги респондентлар орасида эса у энг юқори кўрсаткичга эга бўлди (55,9%).
Жисмоний фаолликни чекловчи омил сифатида энг кўп танланган омил – бу бўш вақтнинг етишмаслиги бўлди - 52,9%. Жисмоний тарбия ва спортдан воз кечишнинг энг кўп учрайдиган сабаби бошқа жисмоний юкламанинг (иш, хўжалик) мавжудлиги - 37,7%, шунингдек, саломатликнинг ҳолати - 20,6% ҳисобланади.
Мониторинг шуни кўрсатдики, объектив чекловлар сақланиб қолгани ҳолда бўш вақтнинг етишмаслиги омилининг роли ортиб бормоқда, субъектив тўсиқлар эса камаймоқда. «Мотивациянинг йўқлиги/дангасалик» (17,4%дан 8,5%гача) ва «спортга қизиқиш йўқ» (7,0%дан 1,8%гача) жавоб турларини танлаш частотаси қисқарди. Спорт хизматлари нархининг юқорилиги (5,7%дан 3,6%гача) ва қўллаб-қувватлашнинг мавжуд эмаслиги (3,3%дан 0,9%гача) каби омилларнинг таъсири ҳам пасаймоқда.
Ўтказилган тадқиқот натижалари соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг жамоатчилик томонидан ижобий идрок этилиши устунлик қилаётганини тасдиқлади. Давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни «кўпроқ самарали» деб ҳисоблаган фуқаролар улуши 34,0%дан 40,4%гача ошди, «жуда самарали» кўрсаткичи юқори даражада сақланиб қолмоқда - 31,4%, бу давлат сиёсати самарадорлигининг фуқаролар томонидан барқарор қўллаб-қувватланиши ва эътироф этилаётганини тасдиқлайди.
Ижобий баҳоларнинг умумий улуши 71,8%ни ташкил этгани олинган ушбу натижа жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган сиёсатни миллат саломатлигини мустаҳкамлашнинг муҳим ва таъсирчан воситаси сифатида идрок этиш ва қўллаб-қувватлаш мужассамлигини тасдиқлайди.
Танқидий баҳолар улушининг пасайиши: «кўпроқ самарасиз» кўрсаткичи 12,1%дан 8,5%гача, «умуман самарасиз» кўрсаткичи 8,8%дан 7,8%гача камайди, бу ҳам салбий қарашларнинг сусайиши ҳамда соғлиқни сақлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш соҳасидаги давлат ташаббусларига фуқароларнинг ишончи мустаҳкамланганини тасдиқлайди.
2025-2026 йиллар мониторинги аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларидаги ижтимоий устуворликлар тузилмасини кўрсатди, унда инфратузилмавий, тиббий ва хулқ-атвор омиллари уйғунлашиб, ягона ва мутаносиб ёндашувни шакллантиради.
Спорт инфратузилмасини: спорт майдончалари ва объектлари қурилишини ривожлантириш устувор аҳамиятга эга. Шунингдек, респондентлар тиббий хизматлар сифати ва оммабоплигини ошириш зарурлигини ҳамда бунинг билан соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар. Оммавий спортни ривожлантириш, экологик вазиятни яхшилаш ва аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш зарурати билан боғлиқ кўрсаткичлар барқарор хусусиятга эга.
Жамоатчилик фикрида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда шахсий саломатлик ҳолатини яхшилаш ва ўзини жисмоний такомиллаштиришни, айниқса, респондентлар таъкидлаганидек, кўникмаларни соғлом овқатланишни ривожлантириш ва зарарли одатларга қарши курашишга қаратилган хулқ-атвор ва одатларга ўзгартириш муҳимлигини тушуниш ортмоқда.
Умуман олганда, мониторинг натижалари узуқ-юлуқ кутилмалардан фарқли ўлароқ давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг саъй-ҳаракатларини бир вақтнинг ўзида бирлаштириш натижаси сифатида саломатликни янада кенг қамровли ва етук идрок этишга ўтилишини кўрсатмоқда.



