29.12.2023
223
Кириб келаётган Янги 2024 йил арафасида “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ фуқароларнинг байрамолди кайфиятига бағишланган жамоатчилик фикри сўровини ўтказди. Сўровда мамлакатимизнинг барча минтақаларида истиқомат қилаётган фуқаролар, эркаклар ва аёллар, ёшлар, ўрта ва катта ёш тоифалари вакиллари, турли миллат кишилари, турли фаолият соҳаларида банд бўлганлар иштирок этдилар.
Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари шуни тасдиқладики, Янги йил - ўзгача байрам, у оилавий байрам сифатида нишонланади ва Ўзбекистонликларни бирлаштирувчи аҳамият касб этади, катталар ҳам ва болалар ҳам уни бирдек яхши кўришади, бу байрам эртаклар, сеҳр-афсун ва ажойиб мўъжизаларга йўғрилган ягона байрам ҳисобланади. Гўзал юртимизнинг ҳар бир масканида, шаҳар ва қишлоқларда ранг-баранг ўйинчоқлар-у ярақлаётган турли хил чироқлар билан безатилган арчалар, шода-шода янги йил маржонлари, ёқимли байрам тараддуди, оила аъзолари ва дўстлар учун совғалар хариди, Янги йилнинг байрам дастурхони таомномасини тузиш ва уларни тайёрлаш бўйича ёқимли ташвишлар ҳамма-ҳаммада қувонч ва бахт, қувноқлик ва қалбан илиқлик ҳиссига тўла ўзига хос эҳтиросли кайфият уйғотади.
Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, мамлакат фуқароларининг кўпчилиги учун Янги йил энг севимли ва қувончли байрамлардан бири ҳисобланади, у ҳар бир инсон ҳаётида янги бир босқич бошланишидан даракдир, бунга ҳамма ишонади ва болалардек мўъжизалар кутади, кириб келаётган йил ўтаётган йилдан кўра, албатта, яхшироқ бўлишига умид қилади. Байрам тадбирларини режалаштирмаган сўров иштирокчилари ўша куни ишда бўлишларини ёки "шунчаки кайфияти йўқлигини" билдирдилар.
Кириб келаётган 2024 йилни аъло, кўтаринки руҳ билан, қувноқ кайфиятда, некбинлик билан ва янги йилнинг янада муваффақиятлироқ, янада самаралироқ келиши-ю, барча ўзгаришлар фақат яхши томонга бўлишига ишонч туйғуси билан кутаётган мамлакат фуқароларининг аксарияти Янги йил муҳитида байрамона интиқлик билан ўзгача ҳиссий кайфиятда тантанали лаҳзаларни кутиш ўзларига хос эканлигини таъкидлашди.
Ўтаётган йил Ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпи (55,2%) учун муваффақиятли ёки умуман яхши бўлди, бу йил сўралганлар учун кўплаб ижобий лаҳзаларни ҳадя этди, шунингдек, унчалик ортиқча безовталик ва ташвишлар туғдирмади.
Мамлакат фуқароларининг чорак қисми ўтаётган йилни тинч, хотиржам деб аташ мумкинлигини эътироф этишди, уларнинг ҳаёти осон ҳам, қийин ҳам бўлмади, ҳаммаси одатдаги доираларда кечди, тўғри, алоҳида парвозлар бўлмади, лекин, муҳими, умидсизлик ва йўқотишлар ҳам бўлмади. Ўтаётган йил бир қатор қийинчиликлар билан боғлиқ бўлса-да, аммо "ҳаётидаги қоронғу ўн бешлик, ёруғ ўн бешликка айланганини" тан олган респондентларнинг улуши 12,7%ни ташкил қилди.
Ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, Ўзбекистонликларнинг аксарияти Янги йилни уйда, оиласи даврасида, ноз-неъматга тўла, кенг байрам дастурхони атрофида кутиб олишни режалаштирмоқда. Сўров иштирокчилари янги йилни оила даврасида нишонлаш анъанасини ёқтиришларини айтишди; кўпчилик учун бу туғишган ва яқинлар билан дастурхон атрофида тўпланиш, атрофдагиларга қувонч ва эзгуликка умид улашиш, муаммоларни унутиш ва вақтичоғлик қилиш учун ажойиб сабабдир. Янги йил байрамида Ўзбекистонликлар учун энг қадрли нарса – бу оилавий анъаналарга содиқ қолиш, яқинлар билан жам бўлиш, совғалар алмашиш ва самимий тилаклар улашиш бўлиб қолмоқда.
Тадқиқотлар мониторинги шуни тасдиқлайдики, Янги йилни оила даврасида нишонлаш анъанаси Ўзбекистонликлар учун ўз аҳамиятини йўқотмаган, аксинча, анъанавий қадриятлар, янги йилни оилавий нишонлаш, туғишганлар ва яқинлар билан мулоқот қувончи, оилавий маскандаги қулайлик ва илиқлик ҳисси мамлакат фуқаролари томонидан қадрланади ва севимли ҳисобланади.
Сўров натижалари кўрсатганидек, чиройли безатилган арча, ранг-баранг ўйинчоқлар ва ярақлаётган хилма-хил чироқлар фуқаролар учун Янги йил тантанасининг асосий жиҳати ҳисобланади.
Шунингдек, сўров иштирокчилари Янги йилнинг асосий мўъжизаси - бу совғалар эканлигини, айни вақтда сизнинг нима билан машғуллигингиз мутлақо муҳим эмаслигини, яъни сиз совғалар олаяпсизми ёки улашаяпсизми, бундан қатъи назар, бу - байрамона муҳит яратиши ва яхши кайфият туғдиришини таъкидладилар.
Респондентлар ўз жавобларида Янги йилни севимли Қорбобо ва Қорқиз, уларнинг иштирокидаги янги йил томошалари ҳамда телевизорда намойиш этиладиган қадрли янги йил фильмлари шодаларисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлашди.
"Сиз Янги йилда қандай совға олишни хоҳлаган бўлардингиз?" деган саволга аксарият Ўзбекистонликлар улар учун энг муҳими байрам кайфияти, оиласи ва яқинлари билан мулоқотдаги қувонч ва қувноқлик ҳисси эканлигини, моддий қадриятлар эса иккинчи ўринда туришини билдиришди, шунинг учун ҳам улар совға сифатида байрамона кайфият ва ижобий ҳис-туйғуларни кутишларини таъкидладилар. Сўралганларнинг айримлари учун энг яхши Янги йил совғаси - бу техника, жумладан, янги смартфон, электр жиҳозлари ёки замонавий гажетлар эканлиги маълум бўлди. Ҳар ўнинчи сўров иштирокчиси ширинликлар ва конфетлар билан хурсанд бўлади.
Шунингдек, Қорбободан кутилаётган совғалар рўйхатида ўйинчоқлар ва сувенирлар, косметика ва парфюмерия, кийим-кечак ва аксессуарлар мавжуд.
11,7% сўров иштирокчилари бу саволга жавобда бироз қийналишди, лекин, уларнинг фикрига кўра, Янги йил совғаси тўғрисида қарор қабул қилишга ҳали вақтлари бор.
Ҳамма Янги йил совғасини олишни яхши кўради, аммо сўров натижалари совғалар кўпинча кимга берилишини кўрсатди. Олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонликлар Янги йил совғаларини анъанага кўра болалари, ота-оналари, суюклилари ва энг яқинларига ҳадя қиладилар.
Севимли Янги йил байрами Ўзбекистонликлар қалбини қадрдон хонадоннинг тафти билан иситади, туғишганлар ва яқинлар билан мулоқот қувончини ҳадя этади ва энг ёқимли ўзгаришларга умид ҳиссини уйғотади. Фуқароларнинг ишончи комилки, кириб келаётган Янги 2024 йил, албатта, муваффақиятли бўлади, у ўзи билан бирга тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик ва барча режалар рўёбини олиб келади ва, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар, мамлакатимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва фуқароларнинг фаровонлиги йили бўлади.