9

ФУҚАРОЛАР «НАВРЎЗ» УМУМХАЛҚ БАЙРАМИНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

Наврўз ҳақли равишда инсоният тарихидаги энг қадимий байрамлардан бири, юртимизнинг энг суюкли ва ардоқли байрами ҳисобланади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бу байрамнинг маданий ва ижтимоий ҳодиса сифатидаги аҳамияти ҳақида: «Наврўзи олам уч минг йиллик давлатчилигимиз тарихида ўзининг беқиёс маънавий аҳамияти билан ҳамиша алоҳида эътибор топган буюк байрамдир»[1], дея қайд этган эди. Давлатимиз раҳбари бугунги кунда дунёда рўй бераётган ўзгаришларга, ижтимоий муносабатлар трансформациясига қарамасдан, Наврўзнинг асл маъно-мазмуни ва қадри нафақат сақланиб қолаётгани, балки янгича мазмун билан бойиб бораётганини ҳам таъкидлади: «Наврўзнинг бетакрор гўзаллиги, инсонпарварлик руҳи ва теран фалсафаси глобаллашув даврида ҳам бутун башариятни ҳайратга солаётгани унинг азалий моҳияти ва ҳаётбахш кучидан далолат беради»[2].

Мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичи қадимий Наврўзга алоҳида долзарблик бахш этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар Наврўзи оламнинг инсонпарварлик моҳияти, унинг бағрикенглик, саховат ва меҳр-оқибат каби азалий қадриятлари аҳамиятини янада юксалтираётгани таъкидланади[3].

Президент Қарорида байрамни мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб оладиган ва аҳолининг кенг қатламларини жалб қиладиган кенг кўламли умумхалқ тадбири сифатида ўтказишга урғу берилган. Баҳорги янгиланиш жараёнлари, инсон ва табиат уйғунлиги, жамиятда бирдамлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш акс этадиган тадбирларни ташкил этишга эътибор қаратилган. Хайрия тадбирлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, кекса авлод вакилларига ҳурмат, ёшлар ва маҳалла институтларининг фаол иштироки муҳимлиги таъкидланган.

Бундай шароитда Наврўзнинг жамият томонидан идрок этилишини социологик таҳлил қилиш зарурати тобора ўсиб боради. Фуқароларнинг ушбу байрамга муносабатини ўрганиш унинг ижтимоий қадриятлар тизимидаги аҳамиятини, байрамни нишонлашнинг анъанавий ва замонавий шаклларига аҳолининг жалб этилганлик даражасини, шунингдек, Наврўзнинг кириб келиши билан боғлиқ ҳис-туйғулар хусусиятини баҳолаш имконини беради.

Наврўз байрами арафасида жамиятда қандай ҳис-туйғу ва кайфиятлар ҳукм сураётгани, фуқаролар байрам кунларини қандай ўтказишни режалаштираётгани, қайси анъаналарни энг муҳим деб билиши ва улар қай даражада сақланиб, ёш авлодга етказилаётганини ўрганишнинг амалий аҳамияти ортади. Айниқса, ёшларнинг байрам маданий анъаналари ҳақидаги тасаввури, хабардорлик даражаси ва улардаги иштироки даражасини таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эгадир.

«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ томонидан ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари натижалари шуни тасдиқлайдики, ўзбекистонликларнинг тасаввурида Наврўз бир вақтнинг ўзида бир неча маъно ва моҳиятни бирлаштиради, унда табиатнинг баҳорги янгиланиш ҳисси, мамлакатнинг барча фуқаролари томонидан Наврўзнинг умумий байрам сифатида идрок этилиши ва уни шарқона тақвим бўйича Янги йил сифатида тасаввур қилиш бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетади. Фуқаролар Наврўзни минтақамиз учун болаликнинг илиқ хотиралари, хонадон қариндош-уруғлар ва яқинларнинг шўх-шодон овози билан тўладиган алоҳида вақт билан боғлиқ анъанавий байрам сифатида идрок этадилар, қариндошлар ва дўстлар билан учрашувлар алоҳида маъно ва аҳамият касб этади.

Наврўзни айнан қандай кутиб олиш режалаштирилгани ҳақидаги саволга жавобда аксарият сўров иштирокчилари бу кунни уйда – оила даврасида, яқинлари ва дўстлари ёнида ўтказишини таъкидлашди. Сўнгги йиллардаги сўровлар мониторинги шуни кўрсатдики, ўзбекистонликлар учун оила ва оилавий анъаналар қадриятлар тизимида устувор бўлиб қолмоқда, байрам тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда барқарор йўналишни шакллантирмоқда. Байрам фақат оилавий муҳитда, яқинлар даврасида ўзининг асл моҳиятини очади ва алоҳида ҳамжиҳатлик, қувонч кайфиятини бағишлайди.

Оилавий байрам дастурхони ва миллий таомларни тайёрлаш анъаналари кўплаб фуқароларнинг оилаларида Наврўз байрамини нишонлашнинг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда, улар тўкин-сочинлик ва меҳмондўстлик рамзи ҳисобланади, миллий урф-одатларга ҳурмат-эътибор ва авлодлар давомийлигини акс эттиради. Байрам дастурхони оилани бирлаштиради, унинг атрофида энг яқин ва қадрдон инсонлар йиғилади, табриклар ва эзгу тилаклар янграйди. Анъанавий таомлар, айниқса, нафақат оила аъзолари, балки қўни-қўшниларни ҳам бирлаштирадиган, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлайдиган ва бутун маҳалла аҳлини жипслаштирадиган сумалак тайёрлаш муҳим омилга айланади. Уни тайёрлашда биргаликда иштирок этиш меҳр-оқибат, ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратади, байрамона кайфиятни ва бу кунда ҳеч ким эътибор, ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашдан четда қолмаслигини англашни кучайтиради.

Фуқароларнинг ёши ва жинсидан қатъи назар, Наврўз байрамини нишонлаш табиат билан, очиқ ҳавода вақт ўтказиш, шаҳар ташқарисига саёҳат қилиш, шаҳар бўйлаб сайр қилиш, халқ сайиллари ва байрам тадбирларида иштирок этиш билан боғлиқ. Ёшлар, кекса ва ўрта ёшдагилар байрамни фаол кутиб олиш, жонажон ўлка гўзаллигидан тўлиқ баҳраманд бўлиш, баҳорий янгиланишни ҳис этиш, ушбу ёрқин баҳор байрамини нишонлаётган барча инсонлар билан байрам қувончи ва кайфиятини баҳам кўриш ниятида эканлилигини таъкидлашмоқда.

Ўтказилган сўровлар натижалари шуни тасдиқлайдики, меҳмонга бориш ва меҳмон кутиш анъаналари сақланиб қолмоқда ва байрам мулоқотининг муҳим қисмига айланмоқда, бу эса оилалар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлайди, очиқлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратади, байрамни самимий табриклар ва илиқ тилаклар билан тўлдиради.

Ўзбекистонликларнинг аксарияти Наврўз байрамига шахсий муносабати ҳақидаги саволга жавобда уни ўз ҳаётида ҳақиқатан ҳам муҳим воқеа сифатида идрок этишини таъкидлади. Улар учун Наврўз ўзига хос мазмун, ёрқин ва қувончли туйғулар билан тўлиб-тошган, у оилаларни бирлаштиради, миллий анъаналарни мустаҳкамлайди, эзгу ишларга илҳомлантиради, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва илиқлик муҳитини яратади. Сўров иштирокчилари Наврўз ҳақли равишда авлодлар давомийлиги ва умуммиллий қадриятларни акс эттирувчи муҳим саналар қаторида алоҳида ўрин тутишини таъкидладилар.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, Наврўз байрами арафасида аксарият фуқароларда кўтаринки кайфият кузатилмоқда. Ўзбекистонликлар учун бу байрам янгиланишни ҳис қилиш, илҳом ва куч-қувват уйғониши билан боғлиқ. Баҳор, табиатнинг уйғониши, ёрқин қуёш, дарахтларнинг гуллаши ва илк яшиллик, қулай об-ҳаво шароитлари умумий ижобий ҳиссий муҳитни шакллантиради ва янги режаларга чорлайди, фуқароларни ҳаракат қилишга, олдинга интилишга ва ўзининг ҳамда яқинларининг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга ундайди.

Ўтказилган тадқиқотлар мамлакатимизда сумалак тайёрлаш анъанаси мамлакатимизда қанчалик кенг тарқалганлигини аниқлади, шунингдек, фуқароларнинг унда иштирок этиш ниятлари ўрганилди. Аксарият фуқаролар учун бу жараёнда иштирок этиш шунчаки пазандалик маҳоратини намоён этиш эмас, балки бирдамлик, авлодлар давомийлиги ва миллий қадриятларга ҳурмат рамзидир. Фуқаролар бу анъанага оиладаги бахтли ҳаёт, тўкин-сочинлик ва фаровонлик гарови сифатида қарайдилар. Биргаликда сумалак қайнатиш маҳалла аҳолиси ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлайдиган ўзига хос воқеага айланади. Сумалак сайилларида халқнинг жонли анъанаси, унинг тотувлик, тинчлик, дўстлик ва бунёдкорликка интилиши акс этади.

Сўров давомида ўзбекистонликлар учун Наврўз байрами билан боғлиқ энг муҳим ва аҳамиятли анъаналар аниқланди. Сўров иштирокчилари, аввало, одамларни бирлаштирадиган ва ҳақиқий байрам туйғусини яратадиган анъаналарни таъкидладилар. Ўз яқинларига нисбатан илиқлик, ғамхўрлик ва эътиборга тўлиқ анъаналар диққат марказида бўлади.

Фуқаролар сумалак тайёрлаш ва тарқатишни энг машҳур анъана деб ҳисоблашади. Бу урф-одат бугунги Ўзбекистон жамиятида ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Маҳаллада ушбу баҳорий таомни биргаликда тайёрлаш барча аҳоли, турли авлод вакиллари, эркаклар ва аёллар, ҳар хил миллат ва ижтимоий қатламларга мансуб фуқаролар учун энг кутилган воқеага айланмоқда.

Фуқаролар учун қариндошлар, қўшнилар ва дўстларни зиёрат қилиш анъанаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Наврўз юртимиз фуқаролари учун очиқ эшиклар, очиқ кўнгил фаслидир. Кўпчилик учун бу шунчаки расмиятчилик эмас, балки чин дилдан эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, қариндошлар ва яқинлар ёнида бўлишга, улар билан байрам қувончини баҳам кўришга интилишдир. Наврўзнинг асл моҳияти, бирлаштирувчи мазмуни ана шунда намоён бўлади. Қариндошлар ва дўстларни зиёрат қилиш авлоддан-авлодга маданий мероснинг муҳим қисми сифатида ўтиб келаётган бирлик, ҳамжиҳатлик ва қалб саховатининг рамзига айланмоқда.

Фуқаролар хайрия ишларини Наврўз байрамининг энг муҳим лаҳзаси деб билишади. Улар учун байрам ўзининг энг яхши инсоний фазилатларини намоён этиш, айниқса, муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлаш, меҳр-мурувват ва инсоний кўнгилчанлик кўрсатиш, бу кунларда ҳеч кимни қалб ҳарорати, зийрак муносабат ва эътибордан четда қолдирмаслик учун сабаб ва имконият бўлади.

Шаҳар ва маҳаллаларни куй-қўшиқ, кулги ва ёруғликка тўлдирадиган халқ сайиллари, концерт ва фестиваллар фуқароларнинг байрамона кайфиятида муҳим ўрин тутади. Баҳорги янгиланиш - тозалаш, кўкаламзорлаштириш, уйлар ва кўчаларни безатиш ички ва ташқи тартиб, гўзаллик ва уйғунликка интилиш рамзи сифатида идрок этилади. Спорт мусобақалари ва ўйинлари умумий кайфият - ҳаракат, куч-ғайрат ва баҳор ёшлигининг бир қисмига айланади.

Умуман олганда, сўров шуни кўрсатдики, Наврўз байрамини нишонлаш анъаналари жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ёрдамни ривожлантириш ва маданий меросни асраб-авайлашга кўмаклашадиган анъаналар энг катта аҳамиятга эга. Наврўз жамиятни жипслаштириш, маънавий йўналишларни асраб-авайлаш ва анъанавий қадриятларни авлоддан-авлодга етказишнинг муҳим омили сифатида намоён бўлади.

Бу йил Рамазон ойининг тугаши ва Ҳайитнинг нишонланиши Наврўз байрамига тўғри келди. Икки муҳим байрамнинг бундай мужассамлашуви жамоатчилик онгида яхшилик аломати сифатида идрок этилмоқда. Бир томондан, барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойининг якунланиши маънавий покланиш, ички янгиланиш ва ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, Наврўз табиатнинг уйғониши, янги ҳаёт циклининг бошланиши ва келажакка умид рамзидир. Уларнинг бир-бирига мос келиши диний ва дунёвий, шахсий ва ижтимоий қадриятларни бирлаштириб, ёрқин ибтидони ҳис қилишни кучайтиради. Кўпчилик фуқаролар учун яқинлашиб келаётган байрамлар нафақат қувонч, балки жамиятимиз пойдевори бўлган ва ўзбекистонликларнинг келажак авлодга етказиш муҳим бўлган қадриятларни англаши учун ҳам сабаб бўлади.

Умуман олганда, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, барча учун севимли бўлган Наврўз байрами ўзбекистонликлар қалбини оилавий макон ҳарорати билан иситади, қариндошлар ва яқинлар билан мулоқот қилиш қувончини ҳадя этади.

Фуқаролар ўз жавобларида дунёда рўй бераётган трансформацияларга, замонамизнинг даъват ва таҳдидларига, жамиятда юз бераётган ўзгаришларга қарамасдан, Наврўз эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси ҳақидаги ўзининг инсонпарварлик ғоясини сақлаб қолаётганини, пок ният ва эзгу амалларга, тинчлик ва яхшиликка, ҳозиржавоблик ва бунёдкорликка, меҳр-оқибат ва саховатга, ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатликка даъват этаётганини таъкидлади. Наврўзнинг боқийлиги, ўзбекистонликларнинг бу баҳорий байрамга чинакам умумхалқ муҳаббатининг сири ҳам айнан мана шу теран маъноларда мужассамланган.

[1] https://president.uz/ru/lists/view/7963 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи. 21.03.2025 й.

[2] https://president.uz/ru/lists/view/7963 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи. 21.03.2025 й.

[3] https://lex.uz/ru/docs/8076414 Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” 2026 йил 6 мартдаги ПҚ-82-сон Қарори.