3

ФУҚАРОЛАР ХАЙР-САХОВАТ ИШЛАРИ ВА МУҚАДДАС РАМАЗОН ОЙИ ТЎҒРИСИДА

Рамазон ойи кишилар ҳаётида уларнинг эътибори маънавий қадриятлар, меҳр-мурувват ва яқинларига ғамхўрлик қилишга қаратилган ўзига хос давр ҳисобланади. Ушбу ойда эзгу ишлар ва хайр-саховат кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланади ҳамда муҳтожларни қўллаб-қувватлашга ёрдам бериш билан бирга жамиятда масъулият ва ҳамжиҳатлик ҳиссини мустаҳкамлайди.

Рамазон ойида ўзгаларга ёрдам бериш шунчаки ижтимоий мажбурият сифатида эмас, балки қалбларни поклаш, меҳр-мурувват кўрсатиш ва жамият ҳаётида иштирок этиш усули сифатида идрок этилади. Қадимдан барча кишилар рўза тутишган. Кўпгина рўзаларда таом ва сувдан қатъий тийилиш буюрилган, у чидамлиликнинг етарлича жиддий синови бўлиб, Яратганга бўлган эътиқоднинг мустаҳкамлиги мезони, шунингдек, ақл, руҳ ва танани поклаш усули бўлган.

Рўза тутиш дунёнинг кўплаб динларида мавжуд. Мусулмонлар ҳаётида «рўза» – руҳий покланиш ва ўзини тийиш даври деган тушунча мавжуд. Рўза кунларида инсонга нафақат танасини, балки онги ва қалбини ҳам поклаш, беҳаловатлик ва гуноҳлардан халос бўлиш имкони берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.02.2026 й., 07/26/65/0148-сон) мувофиқ: «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» деган эзгу ғоя асосида:

(а) кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

(б) маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш;

(в) ер, сув, ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод этиш;

(г) Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказишга алоҳида эътибор бериш таъкидланган.

Хайрия фаолияти ва муҳтожларни қўллаб-қувватлашдаги иштирокини фуқароларнинг идрок этишини ўрганиш, шунингдек, аҳолининг кундалик ҳаёти ва ижтимоий муносабатларига Рамазон ойининг таъсирини баҳолаш мақсадида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан социологик тадқиқот ўтказилди, тадқиқот натижалари респондентларнинг аксариятига хайр-саховат ишларида фаоллик хослигини кўрсатди.

Олинган маълумотлар муҳтожларга ёрдам кўрсатишнинг энг кенг тарқалган шакллари рейтингини тузиш имконини берди. Қўллаб-қувватлашнинг энг оммабоп - универсал усули сифатида пул хайрия қилиш етакчи ўринни эгаллади (67,1%).

Иккинчи ўринда озиқ-овқат маҳсулотлари бериш (46,6%), ундан кейин кийим-кечак ва бошқа буюмларни хайрия қилиш (20,5%) туради.

Ҳар ўнинчи респондент волонтёрлик фаолиятида шахсан иштирок этади. Фуқароларнинг бир қисми даволаниш ёки ўқиш учун тўловларни амалга оширишда ёрдам беради.

Муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каналларини аниқлашга қаратилган таҳлил шуни кўрсатдики, ёрдамнинг устун шакли шахсий қўллаб-қувватлаш ҳисобланади - 81,9% респондентлар қариндошлари, қўшнилари, танишларига тўғридан-тўғри ёрдам беришади. Сўралганларнинг бир қисми масжид, маҳалла, хайрия жамғармалари, шунингдек, ишда ёки ўқув муассасасидаги жамоавий акциялар ва лойиҳалар орқали ёрдам кўрсатади.

Хайрия ёрдамини кўрсатиш сабаблари тўғрисидаги саволга жавобда респондентлар, биринчи навбатда, ўзгалар олдидаги бурч ҳиссини, шунингдек, меҳр-мурувват туйғуси, бошқаларни қўллаб-қувватлаш ва ўзганинг дардига дармон бўлиш истагини қайд этдилар.

Сўралганларнинг бир қисми ўзининг хайрия ишларидаги фаоллигини шахсий ҳаётий тажрибаси ва бошдан кечирган қийинчиликлари каби ҳамдардлик сабаблари билан боғлади, бунда, айниқса, ижтимоий масъулиятнинг ахлоқий бурч сифатида англаниши муҳимдир.

Олинган маълумотлар хайрия ёрдамини бериш бўйича энг афзал каналларнинг тилга олиниш даражаси камайиши тартибидаги рейтингини тузиш имконини берди. Етакчи ўринни воситачиларсиз, шахсан ёрдам беришга интилиш эгаллади, бу қўллаб-қувватлашнинг бевосита шакллари ва шахслараро алоқаларга бўлган ишонч даражасининг юқорилиги ҳақидаги тадқиқот фаразини тасдиқлади.

Аксарият сўралганларнинг фикрига кўра, муҳтожларни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали шакли биринчи навбатдаги эҳтиёжларни манзилли ва тезкор қондириш имконини берувчи пул ёрдами ҳисобланади.

Шунингдек, респондентлар озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва бирламчи зарур нарсалар билан ёрдам бериш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблашди.

Тадқиқот иштирокчилари, шунингдек, қўллаб-қувватлашнинг янада барқарор шакллари муҳимлигини таъкидлашди: булар - иш билан таъминлаш ёки ишга жойлашишда ёрдам бериш; устозлик қилиш, маслаҳат бериш ва мустақил ҳаётга мослашишда ёрдамлашиш каби ижтимоий жиҳат билан бирга моддий қўллаб-қувватлаш орқали комплекс ёрдам кўрсатиш; шахсий ва касбий ривожланишда янги имкониятлар очадиган ўқиш ва касбга эга бўлиш; қийинчиликларни енгишга ёрдам берадиган руҳий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

Ўтказилган тадқиқот, респондентларнинг фикрига кўра, биринчи навбатда хайрия ёрдами кўрсатилиши керак бўлган фуқароларнинг устувор гуруҳларини аниқлаш имконини берди. Сўров иштирокчилари етим болалар ва нотинч оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашни муҳим деб ҳисоблайди, шунингдек, даволанишга муҳтож бўлган оғир беморлар, ногиронлиги бўлган шахслар алоҳида эътибор талаб қилишига фуқароларнинг ишончи комил.

Респондентларнинг бир қисми кам таъминланган оилалар, шунингдек, ёлғиз оналар ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашни афзал кўришди - буни жуда заиф ва жиддий ҳаётий қийинчиликларни бошдан кечираётганларга ёрдам бериш зарурлиги билан изоҳлашди. Шунингдек, сўралганлар ўзгалар парваришисиз қолган кексаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаб, бундай ёрдам уларга ҳимояланганлик ҳиссини таъминлаши ва авлодлар ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беришини қайд этишди.

Тадқиқот давомида респондентларнинг муқаддас Рамазон ойига муносабати аниқланди. Натижалар фуқаролар Рамазонни, энг аввало, барча мусулмонлар учун фарз бўлган муҳим диний ой сифатида идрок этишини кўрсатди. Шу билан бирга, уни муқаддас ибодатлар ва маънавий покланиш ойи сифатида қабул қилувчилар сони сезиларли даражада ошди, бу эса Рамазонни идрок этишда урғунинг диний талабларни расман бажаришдан ушбу ойни онгли равишда маънавий ҳис қилиш томон силжиганидан далолат беради.

Айни вақтда респондентлар Рамазон - бу ўзини ўзи тарбиялаш ва ривожлантириш вақти, хайрия ва муҳтожларга ёрдам беришни кучайтириш даври, деб кўрсатишди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ўтказилган сўров натижалари Рамазон ойи ҳар доимгидек маънавий юксалиш, ахлоқий покланиш ва меҳр-мурувват қадриятларини мустаҳкамлаш даври бўлиб қолаётганидан ишончли тарзда далолат бермоқда. Ушбу муқаддас ойда кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, ўзаро ёрдам ва хайрия ишларида иштирок этиш жамият томонидан кундалик ҳаётнинг ажралмас ва муҳим қисми сифатида идрок этилмоқда. Хайрия ишларидаги фаоллик аҳолининг катта қисмини қамраб олиб, айни пайтда шахсий қўллаб-қувватлашнинг асосий шакллари - қариндошлар, яқинлар ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш, шунингдек, анъанавий ва диний муассасалар орқали қилинадиган хайр-саховат ишларида иштирок этиш устунлик қилмоқда.

Шуниси эътиборга лойиқки, мамлакат Президентининг Рамазон ойида муҳтожларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари жамиятда кенг ва ижобий акс-садо бермоқда. Аҳоли мамлакатда юритилаётган ижтимоий сиёсатга юқори даражадаги ишончини намоён этиб, унинг инсонпарварлик йўналишини ҳамда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларини қўллаб-қувватлашда давлатнинг роли ғоят муҳим эканлигини таъкидламоқда.