31.03.2026
3
ФУҚАРОЛАР КИТОБ МУТОЛААСИ ҲАҚИДА: ҚИЗИҚИШЛАР ВА АФЗАЛЛИКЛАР
(жамоатчилик фикри сўрови натижалари асосида)
Рақамли технологиялар улкан ахборот ва кўнгилочар воситалар оқимини яратаётган бугунги дунёда аҳолининг китобхонлик соҳасидаги одатлари, айниқса, ибратли бўлиб бормоқда. Улар нафақат билимлар ва маданий ҳордиққа бўлган қизиқишни, балки қадриятлар йўналишларини, ўқимишлилик даражасини, ўзини ўзи ривожлантиришга бўлган мотивацияни ҳамда адабиётдан шахсий ўсиш ва ривожланиш воситаси сифатида фойдаланишга тайёрликни ҳам акс эттиради.
Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови жамиятни рақамлаштириш шароитида фуқароларнинг китобхонлик фаоллигини аниқлашга қаратилган. Замонавий ижтимоий-маданий ўзгаришлар ва анъанавий мутолаага қизиқишнинг пасайиши тенденцияси шароитида китобхонлик фаоллиги, мутолаа афзалликлари, мутолаага оид маданий одатларни ўрганиш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда. Мутолаа маданиятнинг авлоддан-авлодга кўчишини таъминлаш, интеллектуал ривожланиш ва миллатнинг маданий ўзига хослигини асраб-авайлашнинг асосий омили ҳисобланади. Миллий адабиётни ривожлантириш ва китобхонликни оммалаштириш бўйича давлат сиёсатининг фаол амалга оширилиши шароитида аҳоли китобхонлик маданиятининг ҳақиқий ҳолатини холисона баҳолаш зарур.
Ушбу тадқиқотнинг долзарблиги бир неча омиллар: биринчидан, китобхонликни тарғиб қилиш бўйича давлат дастурларининг самарадорлигини баҳолаш зарурати; иккинчидан, рақамли медиа билан рақобат шароитида мутолаа афзалликларини шакллантириш механизмларини тушунишга бўлган эҳтиёж; учинчидан, глобаллашиб бораётган маданий маконда миллий адабий анъаналар ва тилнинг ўзига хослиги сақланишининг муҳимлиги билан белгиланган.
Ўтказилган сўров натижалари шуни тасдиқлайдики, мутолаа муҳим, лекин оммалашмаган машғулот бўлиб қолмоқда: адабиёт кундалик ҳаётига сингиб кетган китобхонлар гуруҳи ва вақти, мотивацияси ёки одатлари чекланганлар ўртасида сезиларли фарқ мавжуд. Олинган маълумотларга кўра, 16,4% респондентлар - ҳар куни, 16,5% сўралганлар - ҳафтада бир неча марта, 14,7% сўров иштирокчилари - ойига бир марта, 13,8% фуқаролар эса ойига бир мартадан камроқ китоб ўқийди. Сўралганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (38,6%) деярли китоб ўқимаслигини тан олишди.
2025-2026 йилларда ўтказилган сўровлар натижаларининг мониторинги шуни кўрсатдики, ўрганилаётган даврда китоб ўқиш суръатининг ўсиши кузатилмоқда. Ҳар куни китоб ўқийдиганларнинг улуши 2025 йилдаги 10,2%дан 2026 йилда 16,4%гача, яъни 6,2%га ошди. Шу билан бирга, деярли китоб ўқимайдиганлар улуши 21,3%га (мос равишда 59,9%дан 38,6%гача) камайди.
Китоб мутолаасининг даврийлигини жинс кесимида таҳлил қилиш натижалари шуни кўрсатдики, хотин-қизлар эркакларга қараганда кўпроқ китоб ўқийдилар. Ҳар куни китоб ўқийдиган хотин-қизлар улуши 21,2%ни ташкил этди, эркаклар орасида деярли китоб ўқимайдиганлар улуши 47,9%га тенг.
Ёш кесимида ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, 25-34 ёшдаги сўров иштирокчилари ҳамда 55 ёш ва ундан катталар мунтазам китоб ўқиш бўйича юқори кўрсаткичларга эга бўлиб, улар орасида ҳар куни китоб ўқийдилар улуши мос равишда 18% ва 17,4%ни ташкил қилди. Сўровда аниқланишича, ёш улғайган сари китоб ўқиш суръати пасайиб боради, агар ёшлар орасида деярли китоб ўқимайдиганлар улуши 21,5%ни ташкил этса, 25-34 ёшли респондентлар орасида бу кўрсаткич 41,4%ни, 45-54 ёшли респондентлар орасида эса 42,2%ни ташкил қилди.
Респондентлар жавобларининг таҳлили китоб мутолаасининг суръатига маълумот даражаси ҳам таъсир қилишини тасдиқлади. Маълумот даражаси қанчалик юқори бўлса, одамлар шунчалик мунтазам равишда китоб ўқийди. Олий маълумотли 25,4% респондентлар - ҳар куни, 20,8% эса ҳафтада бир неча марта китоб ўқийди. Тўлиқсиз олий маълумотли одамлар учун китоб ўқиш кундалик амалиётнинг бир қисмига айланган: 34,6% респондентлар - ҳар куни, 30,8% сўралганлар ҳафтада бир неча марта китоб ўқийди.
Олинган натижалар шуни кўрсатдики, китоб мутолааси жинс, ёш ва маълумот даражаси каби демографик хусусиятлар билан боғлиқ. Юқори даражада маълумотли фуқаролар ва хотин-қизлар мунтазам равишда китоб ўқишга мойилдирлар. Ёшлар фаол китоб ўқийдилар, бу улардан кўпчилигининг таълим олиши билан боғлиқ, шу билан бирга 25 ва ундан катта ёшдагилар орасида китобга бўлган қизиқишнинг пасайиши тенденцияси кузатилиб, деярли китоб ўқимай қўйганлар улуши ортиб борди.
Тадқиқотда китобхонлар аудиториясининг жанрлар бўйича афзалликлари аниқланди. Афзал кўриладиган жанрлар орасида бадиий адабиётлар етакчи ўринни эгаллади. Оммалашганлик бўйича иккинчи тоифа – диний адабиётлар.
Респондентларнинг афзалликлари орасида тарихий китоблар ҳам сезиларли ўрин эгаллади, бу уларнинг тарихий меросни қайта англашга бўлган қизиқишини, шунингдек, замонавий ижтимоий ва маданий ўзгаришлар шароитида мамлакат ўтмишини яхшироқ тушунишга бўлган интилишини акс эттиради.
Ўқув, илмий ва касбий, махсус китобларни ўз ичига олган таълим-касбий адабиётлар сегментига ҳам ўқувчилар орасида талаб катта ва долзарб.
Психология ва ўзини ўзи ривожлантириш ҳамда детективларга қизиқиш сўров иштирокчилари орасида пастроқ бўлиб, улар камроқ оммалашган.
Жинс кесимида китобхонлар афзалликларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бадиий адабиётлар энг кенг оммалашган жанр тури бўлиб, уни кўпроқ хотин-қизлар танлайдилар (55,6%), эркаклар орасида бу кўрсаткич 50,3%ни ташкил қилди. Гендер тафовут хотин-қизлар фойдасига 5,3%га етди. Ёш кесимида бадиий адабиётга бўлган энг юқори қизиқиш 45-54 ёшдаги респондентларда қайд этилди (61,2%), бу бошқа ёш гуруҳларининг кўрсаткичларидан юқори.
Тарихий адабиётларни, сўровда аниқланишича, эркаклар хотин-қизларга қараганда кўпроқ ўқийдилар – мос равишда 27,7% ва 18,1%. Ёш кесимидаги таҳлил шуни кўрсатадики, тарихий китобларни 45-54 ёшдаги (25,4%), 55 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар (26,5%) афзал кўришади. Шу билан бирга, 18-24 ёшдагилар орасида ҳам қизиқишнинг нисбатан юқори даражаси кузатилди – 24,2%.
Сўров шуни кўрсатдики, босма китоб мутолаанинг энг афзал кўриладиган шакли бўлиб қолмоқда – уни 76,8% фуқаролар танлашди. Электрон форматлар сезиларли даражада камроқ қўлланилади: электрон китобдан 11,2% респондентлар, аудиокитоблардан 8,8% сўров иштирокчилари фойдаланишади, телефон ёки планшетдан ўқишни эса 3,2% сўралганлар танлади. Умуман олганда, респондентлар жавобларининг таркиби босма китобнинг асосий ва энг қулай мутолаа формати сифатида барқарор сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Гендер кесимида босма китобни афзал кўриш хотин-қизлар орасида кўпроқ ифодаланган (83,6%), эркаклар орасида эса бу кўрсаткич 67,8%ни ташкил этди.
Эркаклар кўпроқ рақамли форматларга мурожаат қилишади. Электрон китобни 16,9% эркаклар танлашди, хотин-қизларда эса бу кўрсаткич 6,9%га тенг. Телефон ёки планшетдан ўқиш ҳам хотин-қизларга (1,7%) нисбатан кўпроқ эркакларга (5,1%) хосдир. Аудиокитоблар хотин-қизларга (7,8%) қараганда эркаклар орасида (10,2%) бироз кўпроқ талабга эга.
Ёшга оид таҳлил ўқиш шаклининг ёшга боғлиқлигини кўрсатди. Босма китобни афзал кўриш ёшга қараб ортиб борди: 18-24 ёшдаги респондентлар – 64,5%; 55 ва ундан катта ёшдаги респондентларда – 87,6%.
Электрон китоб ёшлар ва ўрта ёшдаги респондентлар орасида энг кўп оммалашган: энг юқори кўрсаткичлар 18-24 (19,4%), 35-44 (18,0%) ва 25-34 ёш (15,4%) гуруҳларида қайд этилди. Катта ёш тоифаларида электрон китобларга бўлган қизиқиш кескин пасайиб, 3,0-3,5%дан ошмади.
Телефон ёки планшетдан ўқиш асосан ёшлар гуруҳлари учун хосдир – 18-24 ёш (6,5%) ва 45-54 ёш (7,5%), 55 ва ундан катта ёшдагилар гуруҳи вакиллари ушбу форматдан фойдаланмайдилар.
Аудиокитоблар 25-34 (10,3%) ва 35-44 ёшдаги (11,2%) респондентлар орасида энг кўп талабга эга.
Сўровда фуқароларнинг китоб мутолаасини танлаш сабаблари аниқланди. Мутолаа, биринчи навбатда, ҳордиқ чиқарадиган ва қувонч келтирадиган ёқимли машғулот сифатида идрок этилади, шунинг учун сўров иштирокчилари кўпинча бу турдаги машғулотларни мутолаадан баҳра олиш, эрмак ва севимли машғулот сифатида танлашини таъкидладилар (48,4%).
Мутолаанинг иккинчи энг кенг оммалашган сабаби умумий дунёқараш ва саводхонликни ривожлантириш (39,6%) бўлиб, бу ўқувчиларнинг адабиёт орқали таълим жараёнига ва ўзини ўзи ривожлантиришга интилишини тасдиқлайди.
Адабиётларни ўқишнинг муҳим сабаби шундан иборатки, жамоатчилик тасаввурида бу фаолият тури тафаккур ва тасаввурни ривожлантиришга ёрдам беради, интеллектуал ўсиш усули ҳисобланади (30,8%).
Шунингдек, сўров иштирокчилари мутолаанинг сабаби сифатида ўзини ўзи ривожлантириш имкониятини (24,0%) ҳам кўрсатдилар.
Сўров иштирокчилари китоб мутолааси касбга доир маълумотларни олиш ёки ўқув эҳтиёжларини қондириш учун муҳим, деган фикрни билдирдилар (18,8%), улар китоб мутолаасини касб ёки ўқиш зарурати билан асосладилар.
Янги нарсаларни ўрганиш истаги 16,1% ҳолларда мотивация бўлиб, бу респондентларнинг янги билимлар ва долзарб маълумотларга бўлган қизиқишини кўрсатади.
Гендер кесими шуни кўрсатдики, эркаклар ва хотин-қизлар ўхшаш мотивацияга эга. Хотин-қизлар кўпроқ китобни мутолаадан баҳра олиш ва севимли машғулот билан шуғулланишга бўлган эҳтиёжни қондириш учун ўқишади (50,9%), эркакларда бу кўрсаткич пастроқ бўлиб, 45,2%ни ташкил қилди. Хотин-қизлар кўпроқ дунёқарашни кенгайтириш ва саводхонликни ривожлантириш мақсадини кўзлашади (42,7%), эркаклар орасида бу кўрсаткич 35,6%га тенг бўлди. Хотин-қизлар тафаккур ва тасаввурни ривожлантириш учун ҳам кўпроқ китоб ўқийдилар (хотин-қизларда – 31,0% ва эркакларда – 30,5%). Эркаклар касбий адабиёт ёки таълимга қизиқиш мотиви бўйича етакчилик қилишди (20,3%), хотин-қизларда бу кўрсаткич 17,7%га тенг.
Мутолаа мотивациясининг таҳлили ҳаётнинг турли босқичларида устуворликлар ва эҳтиёжларнинг ўзгаришини акс эттирувчи ёшга боғлиқ ҳолда мутолаа мақсади ва мазмунининг фарқланишини аниқлади.
18-24 ёшли респондентлар учун мутолаанинг етакчи мотиви – умумий дунёқарашни кенгайтириш ва саводхонликни оширишга интилиш (53,2%), шунингдек, тафаккур ва тасаввурни ривожлантириш (37,1%) ва ўзини ўзи ривожлантириш учун ўқиш (32,3%) ҳам муҳим роль ўйнайди. Ушбу гуруҳда кўнгил очиш ва севимли машғулот билан шуғулланиш сифатидаги мутолаа ўртача даражада ифодаланган (27,4%), касбий ёки таълимга қизиқиш 22,6% респондентларда қайд этилди.
25-34 ёш тоифасида мотивация тузилмаси янада мувозанатлашади. 25-34 ёш тоифасида умумий дунёқарашни ривожлантириш (39,7%), кўнгил очиш, эрмак учун ўқиш (38,5%), фикрлаш ва тасаввурни ривожлантириш (37,2%) энг кенг тарқалган сабаб ҳисобланади. Касбий ёки таълимга қизиқиш (33,3%) ҳам анча аҳамиятли.
35-44 ёшли респондентлар учун мутолаа бўш вақтни ўтказиш шакли сифатида кучаяди (43,8%), шу билан бирга умумий дунёқарашни ривожлантиришга барқарор қизиқиш сақланиб қолмоқда (39,3%).
45-54 ёшлилар гуруҳида мутолаа тобора кўпроқ шахсий дам олиш ва ҳиссий тикланиш шакли сифатида идрок этилди, 50,7% респондентлар кўнгил очиш ва севимли машғулот билан шуғулланиш учун китоб ўқийдилар. Ушбу ёш гуруҳида «янги нарсаларни ўрганиш истаги» мотивининг аҳамияти (26,9%) кичик ёшдаги респондентлардагига қараганда юқори, касбий (14,9%) ва ўзини ўзи ривожлантириш (19,4%) мотивлари эса аввалги аҳамиятини йўқотади. Мазкур гуруҳда ўзига хос утилитар – тезроқ уйқуга кетиш учун ўқиш (9,0%) мотиви ҳам пайдо бўлади.
55 ва ундан катта ёшдаги респондентларнинг аксарияти кўнгил очиш, ўзи учун эрмак ва севимли машғулот сифатида китоб ўқийди (69,0%), бу барча ёш гуруҳлари бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Шу билан бирга, дунёқарашни ривожлантириш (31,9%), ўзини ўзи ривожлантириш (17,7%) ва касбий қизиқиш (8,8%) каби когнитив ва инструментал мотивларнинг аҳамияти пасаяди. Ўқишни дам олиш ва уйқуга тайёргарлик кўриш усули сифатида 6,2% катта ёш тоифаси вакиллари таъкидлашди.
Китобни кам мутолаа қилиш сабабларининг мониторинги асосий чекловчи омилларнинг барқарор мавжудлигини кўрсатди. Шу ўринда вақт танқислиги асосий сабаблигича қолмоқда: буни 2026 йилда 65,3% сўралганлар таъкидлашди, бу 2025 йилга нисбатан 3,7%га камдир (69,0%). Ушбу кўрсаткичнинг бошқа барча вариантлардан сезиларли даражада фарқ қилиши китоб ўқишнинг қадрият сифатида рад этилиши билан эмас, балки кундалик бандлик ва ҳаёт суръати билан боғлиқ муаммонинг тизимли хусусиятга эгалигидан далолат беради.
Саломатлик билан боғлиқ объектив чекловлар иккинчи муҳим омил бўлиб, буни 12,2% респондентлар таъкидладилар, бу 2025 йилга (16,3%) нисбатан 4,1%га кам. Ушбу гуруҳнинг мавжудлиги мутолаа фаоллигининг китобга бўлган қизиқишнинг йўқолиши билан боғлиқ бўлмаган мажбурий пасайишини кўрсатади.
Мониторинг китоб ўқишга қизиқмайдиган респондентларнинг улушини аниқлади. Мотивациянинг йўқлиги сабабли мутолаадан бош тортиш ҳар ўнинчи респондентга хосдир (2026 йилда – 10,1% ва 2025 йилда – 11,8%).
Ўтказилган жамоатчилик фикри сўровида аҳолининг китобхонлик фаоллиги динамикасида ижобий тенденция кузатилаётгани ва китоб ўқишга бўлган қизиқишнинг аста-секин тикланиб, фаол китобхонлар сафи кенгайиб бораётгани аниқланди. 2025-2026 йиллар давомида ўтказилган мониторинг мунтазам китоб ўқиш суръатининг ўсиб бораётганини ва деярли китоб ўқимайдиган фуқаролар улушининг камаяётганини кўрсатди. Ҳар куни китоб ўқийдиган респондентлар улуши 2025 йилдаги 10,2%дан 2026 йилда 16,4%га ошди, деярли китоб ўқимайдиганлар улуши эса 59,9%дан 38,6%га камайди.
Мутолаа хусусиятлари ва китоб ўқишнинг мунтазамлиги ижтимоий-демографик омиллар, биринчи навбатда, ёш ва маълумот даражаси, шунингдек маълум даражада гендер фарқларининг таъсири остида шаклланади. Сўров шуни кўрсатдики, хотин-қизлар одатда эркакларга қараганда кўпроқ китоб ўқийдилар, аммо китоб мутолаасининг мунтазамлигида кишининг ёши ва маълумот даражаси асосий роль ўйнайди. Энг кўп китоб ўқийдиганлар — бу 18-24 ёшлилар (улар орасида умуман китоб ўқимайдиганларнинг улуши бошқа барча ёш тоифаларига нисбатан паст – 21,5%), шунингдек, олий ва тўлиқсиз олий маълумотли фуқаролар бўлиб, улар орасида мунтазам китоб ўқийдиганлар улуши танлов бўйича ўртача кўрсаткичлардан юқори. Олинган маълумотлар ўқиш гендер мансубликдан кўра кўпроқ таълим ва ҳаётий стратегиялар билан боғлиқлигини тасдиқлади.
Сўров натижалари шундан далолат бермоқдаки, мутолаа кўнгил очиш, таълим ва билиш мақсадларини уйғунлаштирган ҳолда комплекс ижтимоий-маданий функцияни бажаради, бу эса аҳолининг интеллектуал ва маданий салоҳиятини қўллаб-қувватлашда унинг аҳамиятини тасдиқлайди. Китоб ўқишнинг асосий мотиви бўш вақтни ўтказиш ва севимли машғулот билан шуғулланишга бўлган эҳтиёжни қондиришдан иборат бўлиб, бу ҳол мутолаанинг ҳиссий тикланиш ва маданий вақт ўтказиш воситаси сифатидаги ролини таъкидлайди. Респондентларнинг салмоқли қисми интеллектуал ривожланишга: дунёқараш ва саводхонликни кенгайтиришга, тафаккур ва тасаввурни ривожлантиришга интилади. Касбий эҳтиёж ва таълим хусусидаги мотивлар ҳамда янги билимга интилиш китоб мутолаасининг таълим-касбий амалиётга интеграциялашганлигини кўрсатмоқда.
Умуман олганда, сўров натижалари жамоатчилик фикри китоб ўқишни таълим, кўнгил очиш ва билиш функцияларини бирлаштирувчи муҳим ва қимматли фаолият сифатида идрок этишини тасдиқлади. Фуқаролар китобларда билимлар манбаини, маданий ва шахсий ривожланиш воситасини, маданий ўзига хосликни сақлаш ва кейинги авлодларга етказишни таъминлаш усулини, шунингдек, барқарор интеллектуал ва маънавий йўналишларни шакллантириш воситасини кўрадилар. Мутолаага жамиятнинг маърифий ва маданий ривожланиш даражасини қўллаб-қувватлайдиган, фуқароларнинг қадриятлар йўналишини, танқидий тафаккурини ва интеллектуал етуклигини шакллантиришга кўмаклашадиган, шу орқали миллатнинг интеллектуал ва маданий салоҳиятини узоқ муддатли мустаҳкамлашни таъминлайдиган истиқболли ва аҳамиятли амалиёт сифатида қаралади.
Манба: «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ томонидан 2026 йил январь ойида «Фуқаролар китоб мутолааси ҳақида: қизиқишлар ва афзалликлар» мавзусида ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари.



