2

НИКОҲ ЁШИ ТЎҒРИСИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ФИКРИ ВА ЭРТА НИКОҲГА МУНОСАБАТ

"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази оила институтининг ҳолатини таҳлил қилиш, унинг трансформациясига таъсир кўрсатувчи асосий тенденциялар ва омилларни аниқлашга қаратилган жамоатчилик фикри сўровларини мунтазам равишда мониторинг тартибида ўтказиб келмоқда. Ўрганишнинг асосий мезонларидан бири никоҳ ёши ҳақида фуқароларнинг фикрини аниқлаш ҳисобланади. Ўзбекистонда никоҳ-оила муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган минимал никоҳ ёшини белгилашни назарда тутади. Ёш чекловларининг қонунчилик билан мустаҳкамланиши давлатнинг никоҳни тузишда онглиликни таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий ғўрлиги билан боғлиқ хавфларни камайтиришга бўлган интилишини акс эттиради.

Никоҳ учун энг мақбул ёш ҳақидаги тасаввурларни ўрганиш инсоннинг оила қуришга тайёрлигини аниқлашга замин яратади, эрта никоҳга муносабатнинг ўзига хос хусусиятларини тушуниш эса жамиятнинг эрта оила қуриш хавфини англаш даражасини акс эттиради.

Ўтказилган тадқиқот натижалари аёллар учун никоҳнинг энг мақбул ёши 18-24 ёш эканлигини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (92,5%), жумладан, 92,1% эркаклар ва 92,9% аёллар шундай ҳисоблаши аниқланди.

Респондентларнинг эркаклар учун никоҳнинг энг мақбул ёши ҳақидаги фикри иккига бўлинди. Респондентларнинг ярмидан кўпи 25 ёшдан то 30гача бўлган ёшни (55,6%) кўрсатди. Шу билан бирга, аёллар эркакларга қараганда кўпроқ ҳолларда эркаклар никоҳни 25 ёшдан то 30 ёшгача бўлган даврда тузгани маъқул, деган нуқтаи назарни билдиришди (мос равишда 66,4% ва 44,8%).

Сўралганлар бошқа қисмининг эркаклар учун энг мақбул никоҳ ёши 18 ёшдан 24 ёшгача (41,9%) эканлигига ишончи комил. Ушбу вазиятда эркакларнинг аёлларга қараганда кўпроқ ҳолларда 18 - 24 ёш оралиғини эркаклар учун энг мақбул никоҳ ёши деб ҳисоблаши аниқланди (мос равишда 52,5% ва 31,1%) (1-жадвал).

1-жадвал. Сизнинг фикрингизча,  аёллар ва эркаклар учун энг мақбул никоҳ ёши қайси ёш ҳисобланади?

(сўралганлар сонидан умуман танлов ва жинс бўйича % ҳисобида)

Энг мақбул никоҳ ёши тўғрисидаги фикрлар таҳлили респондентларнинг эрта никоҳга муносабати ҳақидаги масалани ўртага қўяди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) эрта ёки болалар никоҳини[1] "балоғат ёши олдинроқ ёки никоҳ тузилиши билан бирга қайд этиладиган мамлакатларда, 18 ёшга тўлмаган шахслар билан тузилган никоҳлар"[2] ҳамда "никоҳланувчиларнинг лоақал биттаси 18 ёшга тўлмаган икки шахснинг расмий ёки норасмий иттифоқи" сифатида таърифлайди[3]. Ўзбекистонда болалар ва ёшлар фаровонлигини таъминлаш, узлуксиз таълим олиш учун шарт-шароитлар яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида эрта никоҳлар амалиётига чек қўйиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида аёллар учун никоҳ ёши 17 ёшдан 18 ёшга оширилгани ўз аксини топди[4].

Тадқиқот натижалари ижтимоий онгда эрта никоҳларга нисбатан барқарор танқидий муносабат шаклланганини кўрсатди. Респондентларнинг асосий кўпчилиги (83,9%) уларга салбий муносабат билдириб, эрта никоҳни йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат, деб баҳолади. Фуқаролар ўз жавобларида руҳий жиҳатдан етилмаганлик, иқтисодий тайёр эмаслик ва саломатлик, энг аввало, аёллар ва бўлажак болалар саломатлиги учун таҳдидлар билан боғлиқ хавфларни кўрсатдилар. 2025-2026 йиллардаги тадқиқотлар иштирокчиларининг жавоблари мониторинги кўрсаткичлардаги ўзгаришларни яққол кўрсатиб, эрта никоҳлар хавфи ва таҳдидлари тўғрисида аҳолининг билими ва хабардорлиги муҳим эканини таъкидлайди.

Эрта никоҳга ижобий муносабат 6,4% респондентларда кузатилди, 2025 йилда бу кўрсаткич - 8,0%ни, бетараф муносабат эса 9,3%ни ташкил этган эди. Таъкидлаш муҳимки, эркаклар эрта никоҳга ижобий муносабатда эканлигини аёлларга қараганда кўпроқ таъкидлашди (мос равишда 8,1% ва 4,9%) (2-жадвал).

2-жадвал. Шахсан Сиз (18 ёшгача бўлган) эрта никоҳга қандай қарайсиз?

(умуман танлов ва жинс бўйича % ҳисобида)

 

Эрта никоҳга ижобий муносабат 25-34 ёш (6,6%), 35-44 ёш (5,8%), 45-54 ёш (6,1%) ҳамда 55 ва ундан катта ёшдаги (5,3%) сўров иштирокчиларига нисбатан 18-24 ёшли респондентларга (10,4%) кўпроқ хос бўлди (1-расм).

1 расм. Шахсан Сиз (18 ёшгача бўлган) эрта никоҳга қандай қарайсиз?,%

18-24 ёшдаги респондентлар (20,8%) бошқа ёш гуруҳлари вакилларига қараганда эрта никоҳга нисбатан бетараф муносабатда эканлигини кўпроқ таъкидлашди (25-34 ёшлилар - 7,1%, 35-44 ёшлилар - 9,5%, 45-54 ёшлилар - 6,1% ҳамда 55 ва ундан катта ёшдагилар - 8,3%) (1-расм).

18-24 ёшли сўров иштирокчилари (67,7%) билан таққослаганда, ёши каттароқ респондентлар эрта никоҳга ўз салбий муносабатини сезиларли даражада кўпроқ билдиришди (25-34 ёшлилар - 85,3%, 35-44 ёшлилар - 84,4%, 45-54 ёшлилар - 87,7%, 55 ва ундан катта ёшдагилар - 86,4%) (1-расм).

Респондентлар ота-оналарнинг ўз қизини тезроқ турмушга бериш ёки ўғлини уйлантириш истаги (43%) ҳамда ота-оналар ёки қариндошларнинг босимини (33,9%) эрта никоҳларнинг асосий сабаблари сифатида кўрсатишди.

Сўров иштирокчиларининг ёши ортгани сари ота-оналарнинг ўз қизини тезроқ турмушга бериш ёки ўғлини уйлантиришга интилишини эрта никоҳларнинг асосий сабаби сифатида кўрадиган респондентларнинг улуши ҳам ортиб борди (40,6% - 18-24 ёшлилар ўртасида, 38,1% - 25-34 ёшлиларда, 43,6% - 35-44 ёшлиларда, 46,6% - 45-54 ёшлиларда ва 45,1% - 55 ёш ва ундан катталар ўртасида). Ота-оналар ёки қариндошлар томонидан босим ўтказилишини ёш респондентлар: 18-24 ёшли 38,5% сўров иштирокчилари 55 ва ундан катта ёшдаги 28,2% сўралганларга нисбатан кўпроқ таъкидлашди.

Сўров иштирокчилари эрта никоҳларнинг асосий сабаблари сифатида ёшларнинг шахсий ташаббуси (31,5%) ва ёшларнинг эрта никоҳ оқибатлари тўғрисидаги хабардорлик даражасининг пастлигини (20%) ҳам кўрсатдилар. Ёшларнинг эрта никоҳ оқибатлари ҳақидаги хабардорлик даражасининг пастлигини бундай никоҳларнинг асосий сабаби сифатида 18-24 ёшлиларга (11,5%) нисбатан 55 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар кўпроқ таъкидлашди. Бошқача қилиб айтганда, респондентларнинг ёши ортгани сари эрта никоҳнинг оқибатлари тўғрисида маърифий тадбирларнинг зарурати тўғрисидаги тушунчанинг ортиши кузатилди.

Тадқиқотнинг айрим иштирокчилари режалаштирилмаган ҳомиладорлик эрта никоҳларнинг асосий сабабларидан бири эканлигини таъкидлашди (16,9%). Бу нуқтаи назар сўров иштирокчиларининг ёшига боғлиқ бўлди. Шундай қилиб, нисбатан ёшроқ респондентлар (28,1% - 18-24 ёшлилар, 19,8% - 25-34 ёшдагилар) катта ёшли респондентларга (15,2% - 35-44 ёшлилар, 12,3% - 45-54 ёшдагилар ва 14,6% - 55 ёш ва ундан катталарга) қараганда режалаштирилмаган ҳомиладорликни эрта никоҳнинг асосий сабаби, деб кўпроқ қайд этишди.

Шунингдек, сўров иштирокчилари томонидан Ўзбекистондаги эрта никоҳларнинг асосий сабаблари сифатида томонлардан бирининг иқтисодий манфаати, умумқабул қилинган анъаналар, телефон, Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ёшлар тарбиясига таъсири кўрсатилди.

Эрта никоҳга салбий муносабатнинг умумий манзарасида (83,9%) сўров иштирокчилари Ўзбекистонда 18 ёшгача никоҳни тақиқлаш ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлашди (81,0%). Шуни таъкидлаш муҳимки, 18 ёшгача никоҳларни тақиқлаш ғоясини аёллар эркакларга қараганда кўпроқ қўллаб-қувватлади (мос равишда 85,3% ва 76,7%).

3-жадвал. Сиз мамлакатимизда 18 ёшгача бўлган никоҳларни тақиқлаш ғоясига қандай қарайсиз? (умуман танлов ва жинс бўйича % ҳисобида)

 

Шундай қилиб, респондентларнинг энг мақбул никоҳ ёши ҳақидаги тасаввурлари ёрқин ифодаланган гендерлик хусусиятига эгалиги кузатилди. Сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги аёллар учун энг мақбул никоҳ ёши - 18-24 ёш, деб ҳисоблайди, эркаклар борасидаги фикрлар эса нисбатан эртароқ 18-24 ёш ва нисбатан кечиктирилган 25-30 ёш ўртасида иккига бўлинди.

Респондентлар эрта никоҳларнинг асосий сабаблари сифатида оила ва қариндошлар муҳитининг таъсири, ёшларнинг шахсий ташаббуси, уларнинг эрта никоҳ оқибатлари ҳақида етарли даражада хабардор эмаслиги ва режалаштирилмаган ҳомиладорликни кўрсатдилар. Эрта никоҳлар аксарият ҳолларда маъқулланмади ва уларни 18 ёшгача тўғридан-тўғри тақиқлаш ғояси ҳам кенг қўллаб-қувватланди.

Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда эрта никоҳ ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишнинг долзарблиги ва заруратини тасдиқлади, бу эса давлат органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, диний ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан мувофиқлаштирилган хатти-ҳаракатларнинг муҳимлигини белгилайди. Ушбу жараён ҳуқуқий тартибга солиш чора-тадбирларини, оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни, мактаблар ва олий таълим муассасаларидаги маърифий ташаббусларни, шунингдек, ушбу амалиётларнинг ижтимоий идрок этилишини ўзгартиришга қаратилган ахборот кампанияларини қамраб олган комплекс ёндашувни талаб қилади.

Бундай никоҳларнинг олдини олишда ёшларда оила қуришга онгли ва масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилган маърифий фаолиятни амалга оширадиган таълим муассасалари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотлари асосий роль ўйнайди. Хусусан, олий таълим муассасалари ва бошқа ўқув даргоҳлари ўқув дастурларига тегишли фанларни жорий этиш орқали ўқувчиларда танқидий тафаккурни ривожлантириш, тенг ҳуқуқли шерикликнинг аҳамиятини англаш ва масъулиятли ота-оналикка тайёрланишга кўмаклашмоқда. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, ўз навбатида, эрта никоҳ ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатларига эътибор қаратган ҳолда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириши мумкин. Жамоат бирлашмалари фуқаролик фаоллиги механизмларидан фойдаланиб, ижтимоий қарашларни ўзгартириш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган мунозараларни ташаббус қилишга, тренинглар ўтказиш ва маърифий тадбирларни ташкил этишга қодир.

Болалар тарбияси учун ота-оналар масъулиятини кучайтириш оила бўйича давлат сиёсатининг стратегик аҳамиятга эга йўналишларидан бири бўлиб қолаётгани тадқиқот респондентлари орасида кенг қўллаб-қувватланди. Бу бола шахсининг шаклланишида, унда ахлоқий қадриятлар тизими ва барқарор ижтимоий қарашларнинг ривожланишида оиланинг ҳал қилувчи роли жамият томонидан эътироф этилганидан далолат беради. Ота-она тарбияси нафақат ижтимоий барқарорликни таъминловчи омил, балки ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида салбий оғишларнинг олдини олишда самарали восита сифатида ҳам кўриб чиқилмоқда.

[1] «Эрта никоҳ» тушунчаси халқаро ҳужжатларда кўпинча «болалар никоҳи» деб кўрсатилади.

[2] Предупреждение и ликвидация детских, ранних и принудительных браков. Доклад Управления Верховного комиссара Организации Объединенных Наций по правам человека. Организация Объединенных Наций. Генеральная Ассамблея. 2 апреля 2014 г. 23 с. URL: https://www.unodc.org/res/e4j/data/_university_uni_/preventing_and_eliminating_child_early_and_forced_marriage_html/russian.pdf. С.4. (дата обращения: 15.05.2026).

[3] Child Marriage in Eastern Europe and Central Asia: Regional Overview// Официальный сайт UNFPA Eastern Europe and Central Asia. URL: https://eeca.unfpa.org/sites/default/files/pub-pdf/Child%20Marriage%20EECA%20Regional%20Overview%20RUS.pdf (дата обращения: 15.05.2026).

[4] Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси//Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси. 1998 йил 30 апрель. URL: https://lex.uz/docs/104723 (мурожаат қилинган сана: 15.05.2026).