18

ISO стандартларини жорий этиш доирасида «Ижтимоий фикр» РЖФЎМда кибергигиена бўйича тренинг бўлиб ўтди

14 август куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида ходимларнинг кибергигиена соҳасидаги рақамли саводхонлигини оширишга бағишланган махсус амалий тренинг бўлиб ўтди.

Тадбир Ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўлими томонидан А.А. Набиевнинг бевосита раҳбарлигида ташкил этилди. Тренинг спикерлари сифатида АХ бўлими экспертлари Абдуганиев Нурмуҳаммад ва Маълумотлар лабораторияси ходими Эргашев Муҳаммадали иштирок этдилар.

Рақамли саводхонликни ошириш ва кибертаҳдидларни аниқлаш кўникмаларини шакллантириш ISO/IEC 27001 халқаро ахборот хавфсизлиги стандартини жорий этиш лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Марказда ахборот хавфсизлигини бошқариш тизимининг (АХБТ) самарали фаолият юритилиши фақатгина техник ҳимоя воситаларини жорий этишни эмас, балки инсон омили билан боғлиқ хавфларни минималлаштиришни ҳам талаб қилади. Марказ ходимларининг хабардорлигини мунтазам ошириб бориш иш жараёнларининг узлуксизлигини ҳамда махфий маълумотлар ҳимоясини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Тренинг давомида ахборот хавфсизлигини бошқариш тизими (АХБТ) учун муҳим бўлган қуйидаги йўналишлар муҳокама қилинди:

  1. Идентификация ва аутентификация: Ишончли паролларни яратиш амалиёти.
  2. Ижтимоий муҳандислик ва фишинг: Психологик таъсир усулларини таҳлил қилиш, фишинг хабарларини аниқлаш ҳамда шубҳали хабарлар ва иловалар билан ишлашда хавфсизлик алгоритмлари.
  3. Ахборот билан ишлаш хавфсизлиги: Махфий маълумотларни қайта ишлаш, сақлаш ва узатиш қоидалари. Иш ўринларида маълумотларни рухсат этилмаган киришдан ҳимоя қилиш усуллари.
  4. Инцидентларга муносабат: Ахборот тизимида зарарли дастурий таъминот ёки шубҳали фаолият аниқланганда ходимларнинг ҳаракат қилиш баённомаси, шунингдек АТ ва АХ бўлими билан тезкор алоқа каналлари.

Раҳбарият таъкидлашича, бундай тренинглар Марказнинг кибербарқарорлик даражасини узлуксиз оширишни таъминлаб, доимий амалиётга айланади. Мунтазам ўқув тренинглари Марказнинг рақамли маданиятини ўзгартириб, ҳар бир ходимни потенциал заиф нуқтадан узлуксиз хавфсизлик контурининг фаол элементига айлантиришга имкон беради.