14

“СОЦИОЛОГИК СЎРОВДА САВОЛ ТУРЛАРИ ВА УЛАРНИНГ МОҲИЯТИ” МАВЗУСИДА ЎҚУВ-ТРЕНИНГ МАШҒУЛОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг CATI тадқиқотлар бўлими мутахассислари учун «Социологик тадқиқотларда савол турлари ва уларнинг моҳияти» мавзусида навбатдаги ўқув-тренинги бўлиб ўтди.

Тренингдан кўзланган асосий мақсад мутахассиларнинг социологик тадқиқотларда қўлланиладиган савол турлари ва шакллари ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш, интервю жараёнининг методологик сифатини ошириш ҳамда саволларни респондентларга аниқ, холис ва тушунарли тарзда етказиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат бўлди. Шунингдек, интервю давомида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг самарали усуллари кўриб чиқилди.

Машғулот давомида мутахассислар фаолиятида учраётган асосий хатолар таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича тегишли тушунтиришлар ҳамда амалий тавсиялар берилди.

Интервю жараёнида хатолар улушини камайтириш, йиғилаётган маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, шунингдек, белгиланган тадқиқот стандартлари ҳамда методологик талабларга қатъий риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тренинг якунида мутахассисларларнинг фаолият натижалари асосида шакллантирилган рейтинг кўрсаткичлари тақдим этилди. Фаолият самарадорлиги нисбатан паст бўлган интервюверлар билан индивидуал тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва иш сифатини яхшилаш бўйича манзилли тавсиялар берилди.

Мазкур ўқув-тренинг CATI интервюларининг методологик сифатини ошириш, саволларни респондентларга мазмунан тўғри етказиш ҳамда социологик тадқиқотлар доирасида олинадиган маълумотларнинг ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.