422

Тадқиқотнинг мақсади: 2020 йилдаги ёзги таътиллар даврида болаларнинг дам олишини ўтказиш тўғрисида ота-оналарнинг фикрлари ва тавсияларини ўрганиш.

 

Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 18-23 июнь кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 462 нафар респондентлар сўралди.

Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.

 

Сўровнинг кўрсатишича, респондентларнинг ярми ушбу йилда ўз болаларининг ёзги дам олишини ташкил этиш ва ўтказиш режаларига эгадир. Айни пайтда ота-оналарнинг кўпчилиги ўз болаларининг ёзги таътилни уйда, уй шароитларида ўтказишларини афзал билишади ва уйдан ташқарида ёзги дам олишни танлашда айрим хавотирларга эгадирлар. Фуқароларнинг жавобларидан аён бўлишича, ота-оналарнинг ташвишланиш сабаблари карантин чораларига риоя қилиниши ва коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича мамлакатдаги санитар-эпидемилогик вазият билан боғлиқдир.

Умуман олганда, сўровнинг кўрсатишича, мамлакат фуқаролари давлатнинг болалик ва оналикни ҳимоя қилишга, ўсиб келаётган авлоднинг саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларини, соғлом, билимдон ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук ёш авлодни тарбиялашга қаратилган спорт, фан, маданият ва санъатни ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлайдилар.