10.02.2020
430
Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожлантиришнинг белгиланган устувор мақсадлари
ва йўналишларига ўзбекистонликларнинг муносабатини аниқлаш.
Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 24-28 январь кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 952 нафар респондентлар сўралди.
Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.
Мамлакат фуқароларининг кўпчилиги (78,9%) мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларида, радиода, Интернет тармоғида бевосита тўғридан-тўғри танишганлар. Давлат Раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасига мамлакат фуқаролари томонидан юқори даражада қизиқишнинг намоён қилиниши кенг жамоатчилик қатламларининг мамлакатда юз бераётган сиёсий жараёнларга жалб этилганлигидан, мамлакат фуқароларининг мамлакат тақдири учун, давлат Раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қўйилган мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши учун дахлдорлик ва масъулият туйғусидан далолат беради.
Умуман олганда, телефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, Ўзбекистон фуқаролари мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатни янада ислоҳ қилиш ва модернизациялаш бўйича тақдим этилган стратегик йўлни қўллаб-қувватлайдилар ҳамда шунга ишонадиларки, Президент раҳбарлигида Ўзбекистонни ривожлантириш, илм-фанга талабгор иқтисодиётни яратиш, саноат, транспорт ва энергетикани жадал ривожлантириш, бизнес ва туризмни, таълим ва соғлиқни сақлашни тараққий эттириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар фуқаролар салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўзбекистонликларни давлат фаровонлиги ва ободлиги билан боғлиқ бўлган ишларга кенг жалб қилиш учун янги имкониятлар очади.