06.12.2023
189
Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинган куннинг 31 йиллиги байрами арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари: баҳолар, фикрлар ва муносабатлар” мавзусида социологик тадқиқот ўтказилди, унда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсад ва йўналишлари, инсон ҳуқуқлари тўғрисида фуқароларнинг хабардорлик даражаси аниқланди, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий муҳофаза даражаси ҳақидаги фикр ва тасаввурлари ҳамда мамлакатимиз Асосий Қонунига муносабати ўрганилди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқий онгини шакллантириш масалалари тобора долзарблашмоқда. Бу ислоҳотлар ва демократик жамият қуриш йўлидан бораётган жамият, давлатимиз фуқароларнинг ҳуқуқий ва давлат менталлигини тубдан ўзгартиришга жуда муҳтожлиги билан боғлиқдир. Суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳоти бўйича аҳолининг фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлик ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши даражаси тўғрисидаги тасаввурларини аниқлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини баҳолаш алоҳида аҳамият касб этаётган масалалардан ҳисобланади, уларни билиш ҳуқуқий соҳадаги мавжуд муаммоларни янада самарали ва сифатли ҳал этиш, камчиликларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш йўлларини белгилаш имконини беради.