21.03.2025
40
Наврўз азалдан баҳор, табиатнинг уйғониши, янги ҳаёт рамзи ҳисобланади. Наврўз барчани жипслаштириб, қалбларни илиқлик, ёруғлик ва келажакка беғубор ишонч ҳислари билан тўлдиради. Ушбу кун шаҳар ва қишлоқлар, кўча-ю боғлар ёрқин миллий либослар, сержило бозорлар, оҳанграбо мусиқа, мафтункор рақслар, майин табассумларга йўғрилган байрамона гўзал манзараларга тўлади. Афтидан, табиатнинг ўзи одамлар билан бирга қувониб, уларга серқуёш кунлар, янгиланиш туйғусини бахш этади. Гарчи йиллар ўтиб анъаналар ўзгарса-да, энг муҳими - Наврўз эзгу умидлар, чексиз меҳр-оқибат ва янги кун байрами бўлиб қолаверади. Айнан мана шу қутлуғ ва нурафшон кун арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан мамлакатимиз фуқаролари ўртасида Наврўз байрами ҳақида сўров ўтказилди, унда ўзбекистонликлар учун Наврўзнинг аҳамияти, уларнинг қалбига яқин анъана ва удумлар, байрамни нишонлаш режалари аниқланди. Тадқиқотда мамлакатимизнинг барча минтақаларидан эркаклар ва аёллар, ёшлар, ўрта ва катта ёшдаги фуқаролар, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида банд бўлган турли ижтимоий қатлам вакиллари иштирок этдилар.
Сўров натижалари кўрсатганидек, асрлар оша бизгача етиб келган ушбу қадимий байрам турли авлодларни жипслаштириб, дўстлик, меҳр-оқибат ва бирдамлик каби азалий қадриятларни ёдга солиб, ҳар бир ўзбекистонлик ҳаётининг муҳим қисмига айланган. Бу йил аксарият фуқаролар уни нишонлашни режалаштиришган. Жамоатчилик фикрида Наврўз баҳор ва янгиланиш тимсоли, янги умидлар ва эзгу ташаббуслар даври эканлиги ҳақидаги тасаввур устуворлик қилади. Байрам кишиларни жипслаштирувчи, хонадонларни оилавий учрашувлар тафти ва мулоқот қувончига тўлдирувчи муҳим миллий воқеа сифатида идрок этилади. Шубҳасиз, Шарқона тақвимга кўра Наврўзнинг янги йилбоши – истиқболнинг Янги куни сифатидаги аҳамияти ғоят муҳимдир.