29.12.2023
240
Кириб келаётган Янги 2024 йил арафасида “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ фуқароларнинг байрамолди кайфиятига бағишланган жамоатчилик фикри сўровини ўтказди. Сўровда мамлакатимизнинг барча минтақаларида истиқомат қилаётган фуқаролар, эркаклар ва аёллар, ёшлар, ўрта ва катта ёш тоифалари вакиллари, турли миллат кишилари, турли фаолият соҳаларида банд бўлганлар иштирок этдилар.
Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари шуни тасдиқладики, Янги йил - ўзгача байрам, у оилавий байрам сифатида нишонланади ва Ўзбекистонликларни бирлаштирувчи аҳамият касб этади, катталар ҳам ва болалар ҳам уни бирдек яхши кўришади, бу байрам эртаклар, сеҳр-афсун ва ажойиб мўъжизаларга йўғрилган ягона байрам ҳисобланади. Гўзал юртимизнинг ҳар бир масканида, шаҳар ва қишлоқларда ранг-баранг ўйинчоқлар-у ярақлаётган турли хил чироқлар билан безатилган арчалар, шода-шода янги йил маржонлари, ёқимли байрам тараддуди, оила аъзолари ва дўстлар учун совғалар хариди, Янги йилнинг байрам дастурхони таомномасини тузиш ва уларни тайёрлаш бўйича ёқимли ташвишлар ҳамма-ҳаммада қувонч ва бахт, қувноқлик ва қалбан илиқлик ҳиссига тўла ўзига хос эҳтиросли кайфият уйғотади.